Қонун лойиҳасида давлат тили билан боғлиқ қандай янгиликлар жорий қилинмоқда?

11:07 22 Октябр 2020 Жамият
156 0

Тил миллат қиёфасининг бир бўлаги ҳисобланади. Дунёдаги барча халқларни ҳам ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Маълумотларга кўра, ҳар икки хафтада битта тил йўқолиб бормоқда.

Тўғри, авваллари ҳам тиллар пайдо бўлган, муомалада бўлиб, маълум вақтдан сўнг йўқ бўлиб кетган. Лекин ҳозиргидек тилларнинг жадаллик билан йўқолиши тарихда кузатилмаган. Йўқолиб кетиш хавфида бўлган тилларнинг сақлаб қолиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсади ҳам маданиятлар ва тиллар хилма-хиллигини таъминлашдан иборатдир. Чунки айнан тил туфайли халқ ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади, сайёрамизда яшаётган халқларнинг ўтмиши ва маданияти ҳурмат қилинади.

Ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳада бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санасини «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилинди.

Давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш, давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан, шунингдек, уни ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича таклифлар тайёрлаш мақсадида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди.

Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрь кунги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифалари ҳамда истиқболдаги босқичлари белгиланди.

Албатта, қонунчилик жараёни, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнларида ўзбек тили имкониятларидан фойдаланиш борасида муайян камчилик ва хатоликлар учраб туради. Кўп ҳолатларда фуқароларимиз томонидан қонунлар тушунарсиз тильда ёзилгани ва уни тушуна олмаётганликларини маълум қилинади.

Амалиётда айрим ҳолатларда жамоатчилик муҳокамасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқувчилар томонидан лойиҳаларнинг давлат тилидаги матнини қўймаслик ҳолатлари ҳам мавжуд эди. Шу сабабли жамоатчиликда «бизда қонунлар дастлаб бошқа тильда ёзилиб сўнгра ўзбек тилига таржима қилинади»- деган тушунчалар шаклланишига олиб келди.

Билдирилаётган эътирозларни инкор этмаган ҳолда айтиш керакки, ҳозирда парламент фаолиятида давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш масалалари энг устувор вазифа ҳисобланади.

Бугунги кунда Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишга тайёрланаётган «Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасида қонун ҳужжатлари лойиҳалари давлат тилида тайёрланиши мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ушбу ҳужжатни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга давлат тилида киритилиши ҳамда давлат тилида қабул қилиниши назарда тутилмоқда. Зарурият бўлган ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бошқа тилларга таржимаси билан қабул қилинади.

Давлат тилидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат матни билан унинг бошқа тильдаги матни ўртасида тафовут бўлган тақдирда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг давлат тилидаги матни қўлланилиши кафолатланмоқда.

Жаҳонгир ШИРИНОВ,
Шерзод ТЎХТАШEВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?