Қўнғирот сода заводи, “Фарғона азот” АЖ, Деҳқонобод калий заводи ва бошқа корхоналарнинг давлат улуши сотилади

18:24 12 Июль 2019 Иқтисодиёт
381 0

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 3 апрелдаги Президент Қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Мазкур қарорга мувофиқ давлат активларини хусусий мулкка сотиш ҳисобига корхоналардаги давлат улушини қисқартириш орқали тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишни назарда тутувчи 2019–2030 йилларда кимё саноатини ривожлантириш Дастури маъқуллангани маълум қилинди. Унга кўра, қиймати 12,1 млрд АҚШ долларига тенг 31 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши қайд этилди.

“Ҳозирги кунда фаолият юритаётган акциядорлик жамиятларимиз, ишлаб чиқариш корхоналаримизнинг давлат улуши ва “Ўзкимёсаноат” АЖга тегишли улушларини инвесторларга инвестиция киритиш шарти билан сотиш режалаштирилмоқда, — деди “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси Одил Темиров. — Бунда сармоядорлар олдига тармоққа янги, замонавий, энергия тежамкор технологиялар олиб кириш, халқаро экологик меъёрларга риоя этиш талаб этилади”.

Мутасаддилар айнан қайси корхоналар улуши сотилишига аниқлик киритди.

“Жами 8 та корхонамизнинг, жумладан, Қўнғирот сода заводи, “Фарғона азот” АЖ, Деҳқонободдаги калий заводи, Биринчи резина техника заводи ва бошқа корхоналарнинг давлат улуши ва “Ўзкимёсаноат” АЖ улушларини сотиш белгиланган”, — деди Одил Темиров.

Маълумот: “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти аммиак, карбамид, аммиакли селитра, аммоний сулфати, аммофос ва хлорли калий каби маҳсулотларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. АЖ ҳозирги вақтда ишлаб чиқариладиган минерал ўғитларнинг турлари ва ҳажми бўйича Марказий Осиё минтақасида етакчи ўринни эгаллайди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019