Қон қуюқлашиши қанчалик хавфли?

13:10 18 Октябр 2020 Жамият
258 0

Лейкозни даволаш учун нега кўп маблағ сарфланади? Ўзбекистонда донорлик ишлари қандай ташкил этилади, беморлар учун қон захираси етарлими? Қон қуюқлиги қандай оқибатларга олиб келади? Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида тиббиёт фанлари доктори Абдураҳмон Қаюмовга мурожаат қилди.

— Коронавирусга чалинган беморларнинг аҳволи қон қуюқлашиши оқибатида оғирлашмоқда. Аслида қон қуюқлигининг инсон саломатлигига қандай таъсири бор?

— Айрим ҳолатларда хасталик ёки ташқи омиллар сабаб қонимиз таркиби бузилади ва унинг керагидан ортиқ қуюқлашиб кетиши ёки, аксинча, суюқлашиши кузатилади. Қоннинг қуюқлашиши томирларда қон айланишининг бузилиши ва тромбозлар ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Бу эса, ўз навбатида, инсульт ва инфарктка чалиниш эҳтимолини орттиради. Қон таркибининг суюқлашиши эса қон кетиши, бемор танасида кўкариш ва қон талашлар пайдо бўлишига олиб келади. Икки ҳолатда ҳам тезда тиббий эҳтиёт чораларини кўриш зарур.

— Оғир хасталар ва кутилмаган бахтсиз ҳодисага учраган шахсларга доим ҳам донор қони топилавермайди. Умуман, мамлакатимизда беморларга қон қуйиш ишлари, қон захираси ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Қон захирасига бўлган талаб ҳамиша юқори бўлган. Шу боис, қон топшириш акциялари тез-тез амалга оширилади. Албатта, бу амалиёт кимларнингдир ҳаётини сақланиб қолинишига сабаб бўлади. Мана шундай тарғибот-ташвиқот ишларини кўпайтириш, оммалаштириш керак.

Лейкоз билан касалланган беморларга ёки камқонлиги бўлган бемор болаларимизга кўп миқдорда қон компонентлари талаб этилади. Шуни ҳисобга олган ҳолда бутун Ўзбекистон халқига донор бўлинг, деб мурожаат қилгим келади. Фавқулодда ҳолатларда қон компонентлари Республика, вилоят ва шаҳар қон марказлари захираларидан таъминланади. Донорларнинг қони билан яна захира тўлдирилади.

— Оққон касаллигининг қайталаниш сабаблари аниқланганми?

— Лейкоз қайталанишининг аниқ сабаблари номаълум. Лекин давога тўлиқ риоя қилмаган беморлар орасида бундай ҳолат кўп учрайди. Баъзи ота-оналар тиббиётга ишонмай табибга мурожаат қилади. Натижада қимматли вақти беҳуда соврилиб, касаллик оғирлашади ва ўта оғир аҳволда шифохонага ётқизилади.

— Ижтимоий тармоқларда лейкоз билан оғриган беморларнинг дори-дармони учун хайрия уюштириш борасидаги эълонларга кўп бора кўзимиз тушган. Айтингчи, лейкозга даво сифатида ишлатиладиган препаратлар шу даражада қимматми?

— Ҳозирги кунда лейкоз касаллигининг диагностикаси молекуляр-генетика кўрсаткичлари билан биргаликда унинг мониторинги ҳам амалга оширилади. Бу янги, замонавий, юқори технологик даво усулларини қўллашни талаб этади. Ушбу даво усулида дори воситалари – цитостатикларни қўллашга тўғри келади. Шу боис ҳам онкогематологик касалликларни даволаш бутун дунёда катта маблағ талаб этади.

Бутун дунёда онкогематологик бемор болаларни даволашда ҳомийлар, волонтёрлар, турли нодавлат жамғармалар маблағлари жалб этилади.

Бундан ташқари кимётерапия муолажаларидан сўнг беморга кўп миқдорда қон компонентлари – эритроцитар масса, тромбоконсентрат, янги музлатилган плазма керак бўлади. Шу билан бир қаторда бошқа органларда касалликлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган, шунингдек, бактерия, вирус ва замбуруғларга қарши қаратилган профилактик даво терапиясини амалга оширишга тўғри келади. Булар ҳам ўз навбатида катта маблағ талаб қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?