Қўмита мажлисида қандай масалалар кўриб чиқилди?

19:49 19 Октябр 2020 Сиёсат
173 0

Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг видеоконференсалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. Унда парламент юқори палатасининг саккизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда дастлаб «Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 104 ва 105-моддаларининг иккинчи қисмидаги бандлар ўзгартирилмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 14, 245, 287-моддалари тўлдирилиб, кодексга янги 1852 ва 1853-моддалари қўшилмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг Қурол тўғрисидаги қонунининг 3 ва 9-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаси муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, парламент сўровида кўтарилган бир қатор масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалий чора-тадбирлар дастури қабул қилинган. Унда қоидабузарликларни автоматик аниқлайдиган фото- ва видеомосламалар, онлайн режимида ишловчи қўшимча фоторадарлар ўрнатиш белгиланган. Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ва асосий вазифаларини амалга оширувчи Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг йўл ҳаракатини ташкил этишни назорат қилиш бўлими ва бўлинмалари штат бирликларининг етишмаслигини бартараф этиш бўйича тадбирлар ўтказилиши назарда тутилган.

Сенаторлар парламент сўровида кўтарилган баъзи масалаларнинг ечимига эътибор қаратилмаганини таъкидлаб, амалга оширилиши зарур бўлган жиҳатларга тўхталди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?