Қизилқумда Болалар шаҳарчаси бунёд этилди

11:20 17 Июль 2019 Жамият
201 0

Мамлакатимиз Президенти 2018 йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида НКМК Марказий кон бошқармасининг Томди туманида жойлашган меҳмонхонаси негизида Зарафшон шаҳридаги “Шодлик” меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун “Болалар шаҳарчаси” барпо этиш топшириғини берган эди.

Албатта, бу мамлакатимизда Юртбошимизнинг фарзанд истиқболида Ватаннинг эртанги кунини, ёруғ иқболини кўриш орзуси, соддароқ изоҳласак оталарча ғамхўрлик ифодасидир. Зеро, меҳру-мурувватнидилдан ҳис этган бола келажагини ўз фазилатларидан ахтариб, билим, салоҳият ва комиллик сари интилишларидан топади. Ҳар бир эътиборга юрт равнақига дахлдорлик ҳисси билан жавоб қайтаради.

Шу асосда собиқ меҳмонхонада кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Маъмурий бино, ўнта икки қаватли коттеж, қўшимча таълим ва мослашув хоналари, кутубхона, спорт мажмуаси, ноанъанавий меъморий ечимларга эга болалар майдончаси, бассейн ҳамда бир қатор ёрдамчи иншоотларни жамлаган шаҳарчанинг умумий майдони 38 минг квадрат метрни ташкил этади. Болаларнинг яшаш шароитларини уй – оила муҳитига яқинлаштириш, ижодий-ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида шаҳарчада маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва китобхонлик тўгараклари фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг барчаси зарур ашё, ускуна ва ўқув қўлланмалари билан таъминланди.

- Барча қулайликларга эга коттежларда оила муҳитининг яратилиши болаларда рўзғор-турмуш кўникмаларининг шаклланиши ва мустақил ҳаётга тайёрланишига ёрдам беради, - дейди меҳрибонлик уйи директори Зуҳра Дўсова. – Шунингдек, тарбияланувчилар қизиққан фанлари бўйича билимларини оширишлари, касб-ҳунар сирларини ўрганишлари учун ҳам барча зарур шароитлар яратилди. Бундан ташқари юқори малакали педагоглар, психологлар, тиббиёт ходимлари, жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини болалар билан ишлашга жалб этилди.

Шаҳарча Навоий кон-металлургия комбинати томонидан бунёд этилиб, қурилиш ва жиҳозлаш ишларига қарийб 11 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, НКМК Марказий кон бошқармасига қарашли Уй-жой коммунал бошқармаси томонидан қарийб 6 минг 400 квадрат метрга яқин майдон ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилди. Бир сўз билан айтганда, “Болалар шаҳарчаси” Қизилқум уммонида чинаками меҳр оролчасига айланиб, НКМК томонидан ISUZU автобуси совға қилинди.

Шаҳарчанинг очилиш маросимига бағишланган тантанада сўз олганлар мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида бунёд этилган мазкур маскан унда тарбияланаётганлар қалбида меҳр ниҳолини улғайтиришини алоҳида таъкидладилар. Тадбирда Навоий вилоят ҳокими К.Турсунов, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қ.Санақулов ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019