“Қизил”да ўтиб кетмоқчи бўлганлар қўлга тушди

17:23 14 Август 2018 Жамият
185 0

“Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ва “Тошкент халқаро аэропорти” чегара-божхона пости ходимлари нақд хорижий валюталар ва заргарлик буюмларининг ҳаво йўллари орқали ноқонуний олиб ўтилишига доир навбатдаги қонунбузарлик ҳолатларини фош этишди, деб ёзади ДБҚ ахборот хизмати.

Жумладан, Истанбулга парвози олдидан “Тошкент” халқаро аэропортининг умумий учиб кетиш залидаги “қизил” йўлак орқали ҳаракатланган фуқаро П.А.нинг қўл сумкаси божхона кўригидан ўтказилганида, унда рухсат этилган меъёр – 5 минг АҚШ долларидан ортиқча бўлган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, қолаверса, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам маълум қилинмаган 4625 АҚШ доллари яширилганлиги аниқланди.

“Қизил” йўлак орқали ҳаракатланиб, божхона қоидабузарлигини содир этган шахслардан яна бири – фуқаро М.С.дир. “Истанбул-Тошкент” авиарейси билан учиб келган ушбу шахс қўл юки ва багажларига яширган ҳолда қиймати салкам 30 млн. сўмлик, 1,9 кг.дан ортиқ оғирликдаги кумушдан ясалган тақинчоқларни ноқонуний равишда олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

2000 АҚШ доллари ва ундан ортиқ бўлмаган эквивалентдаги нақд хорижий валюталарни олиб чиқишда эса уларни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиш талаб этилмайди.

Белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун тегишли банк рухсатномаси талаб этилади.

Шунингдек, республикамизга айрим турдаги товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларига кўра,қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.гача олиб киришга рухсати этилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар