Қизғин мунозаралар, конструктив таклифлар

10:49 18 Май 2018 Сиёсат
530 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар мажлислари ана шу руҳда ўтди.

Кеча эрта тонгдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз фракциялари мажлисларига тўпланишар экан, бошқа кунлардан фарқли ўлароқ, ўзаро қизғин суҳбат, баҳс-мунозарага киришдилар. Бу бежиз эмас, албатта. Бинобарин, халқ ноибларининг барчаси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига илк тарихий ташрифи ҳақидаги таассуротлари билан кўтаринки кайфиятда ўртоқлашдилар. Бу кайфият сиёсий партиялар фракциялари мажлисларига ҳам кўчди. Фракциялар мажлислари депутатлар таклифига кўра айнан мазкур ташриф натижалари муҳокамаси билан бошланди.

— Президентимизнинг Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашуви миллионлаб юртдошларимиз қатори биз, халқ вакилларида ҳам ғурур ва ифтихор туйғусини уйғотди, — дейди депутат Дилмурод Саъдуллаев. — Бу, авваламбор, юртимизда кечаётган шиддатли ҳамда кенг ислоҳотларнинг халқаро миқёсда юксак эътирофи бўлса, қолаверса, янги тараққиёт йўлидан бораётган мамлакатимиз фаол ташқи сиёсатининг амалий натижасидир. Бинобарин, АҚШ Президенти Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда эришилаётган улкан ютуқларни эътироф этди. Президентлар кенг жабҳадаги ўзаро устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, 2002 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Декларацияга янгича суръат бағишлаш мақсадида икки томонлама муносабатларни янги мулоқот асосида мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Ишончим комилки, Оқ уйда бўлиб ўтган музокаралар Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларнинг ишончли вакили сифатидаги нуфузи, имиджи тобора юксалиб бораётганини кўрсатади.

Депутатлар Ўзбекистон ҳамда АҚШ муносабатларида тарихий воқеа сифатида баҳоланаётган ушбу ташрифнинг аҳамиятини жойларда сайловчилар, электорат орасида кенг тарғиб қилиш кераклигини қайд этишди.

Қўмиталар масъулияти кучаяди

Шундан сўнг фракциялар кун тартибига киритилган долзарб масалалар муҳокамасига ўтишди. Жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг йиғилишида депутатлар Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Давлат активларини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига эътибор қаратдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, фракция аъзоси Наргиз Халилованинг айтишича, давлат корхоналарининг бошқарув органларида ижро этувчи ҳокимиятнинг соҳавий комплекслари ва давлат бошқаруви органлари раҳбарлари иштироки оқибатида юзага келадиган манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги, албатта, соҳа тараққиётига тўсиқ бўлаётгани рост. “Бундай компанияларда моддий-техника, молиявий ҳамда меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланилмаётганлиги, бошқарув тизими шаффоф эмаслиги боис уларнинг молиявий ва хўжалик фаолиятини ҳар томонлама таҳлил этиш ёки у бажараётган вазифа ҳамда функцияларнинг ижросини самарали назорат қилиш амалиёти йўлга қўйилмаган”, деди депутат.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қарорда давлат корхоналарини трансформация қилиш дастурларини амалга оширишнинг халқаро тажрибаси асосида давлат активларининг қийматини кўриб чиқиш ва уларни бошқариш самарадорлигини оширишга қаратилган 2018 — 2020 йилларда устав фондида давлат улуши устувор бўлган давлат корхоналари ҳамда бошқа юридик шахсларни трансформация қилиш дастурини ҳаётга татбиқ этиш назарда тутилмоқда.

Қарор асосида бундай корхоналарда том маънодаги корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш, уларнинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича ташаббусларни амалга ошириш, давлат корхоналари раҳбарлари ва мутахассисларининг касбий кўникмаларини, жумладан, тегишли тармоқлар бўйича етакчи хорижий корпорациялар билан тажриба алмашишни ташкил этиш орқали ривожлантириш режалаштирилаяпти. Фракция аъзолари мазкур қарордан келиб чиқадиган вазифаларни белгилаб олдилар. Шундан сўнг ЎзЛиДеП фракцияси бир гуруҳ аъзолари томонидан ишлаб чиқилган ҳамда бевосита қонунчилик жараёни билан боғлиқ бўлган, қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш ва овоз бериш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Лойиҳа концепциясига кўра, иккинчи ўқишда қонун лойиҳалари бўйича овоз беришнинг моддама-модда муҳокамалар ўтказиш амалиётини бирмунча такомиллаштириш таклиф этилмоқда. Яъни лойиҳалар, аввало, қонун моддалари фракцияларда ҳамда қўмиталарда шаклланган якдил фикр асосида умумий мажлисларда овозга қўйилишини назарда тутувчи нормани мустаҳкамлаш таклиф қилинаётир. Чунки аксарият хорижий давлатларда, хусусан, Франция, Канада, Португалия, Жанубий Корея, Туркия парламентлари регламентларида қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишда нафақат моддама-модда, балки бобма-боб ёки бўлимлар бўйича кўриб чиқилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Янги норма депутатлар фаолиятини оптималлаштирган ҳолда, қўмита ва фракциялар масъулиятини янада кучайтиради.

Электрон тижоратга “яшил чироқ”

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида дастлаб давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳамда ундаги вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Фракция аъзоси Нодиржон Мухторов мазкур ҳужжат буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ҳамда ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ҳақиқатан ҳам, бугун фарзандларимизнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, уларнинг қалбида она-Ватанимиз ҳамда халқимизга муҳаббат ва садоқат туйғусини кучайтириш, баркамол шахсни тарбиялаш долзарб ҳисобланади.

Йиғилишда мазкур масалалар “Ёш китобхон” танловлари орқали рўёбга чиқарилиши алоҳида таъкидланган ҳолда, келажагимиз эгалари ўз ижоди ҳамда интеллектуал салоҳияти билан юртимиз равнақи йўлида муносиб ҳисса қўшиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, Президентимизнинг шу йил 14 майда имзоланган “Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳамияти ҳақида ҳам батафсил сўз юритилди.
Хўш, электрон тижоратнинг жорий қилиниши қандай енгилликларни олиб келади?

— Ушбу ҳужжат билан кундалик ҳаётимизда зарур бўлган маҳсулотларни электрон тижорат ёрдамида буюртма бериш ва қабул қилиб олишда бирмунча қулайликлар яратилмоқда, — дейди фракция аъзоси Акмал Умирзаков. — Шундай маҳсулот ҳамда хизматлар борки, уларни етказиб беришда айрим талабларни ўрнатиш истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза этиш билан асосланади. Мазкур қарорда мана шу жиҳатлар инобатга олиниб, электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилиш, фақат сақлаш ҳамда етказиб беришда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш тартиби ва талабларига қатъий риоя этган ҳамда қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширишга рухсат берилмоқда. Умуман айтганда, ушбу қарорнинг амалиётга изчил татбиқ қилиниши маҳаллий тадбиркорлик субъектларига жаҳон бозорига кириб боришга, маҳсулотлар сифати ҳамда рақобатбардошлигини оширишга имкон беради.

Йиғилишда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама этилди. Чунончи, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ана шулардан биридир.

Таъкидлаб ўтилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан Давлат солиқ қўмитасининг “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонун билан белгиланган асосий вазифалари Президентимизнинг 2018 йил 15 февралдаги Фармонига мувофиқлаштирилмоқда.

ХДП қонунни янги таҳрирда қабул қилиш тарафдори

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг қизғин мунозаралар ҳамда конструктив таклифларга бой ўтган мажлисида депутатлар эътибори давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 март куни имзоланган “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига қаратилди.

Гап шундаки, кейинги вақтларда фракция аъзолари томонидан жойларда ўтказилган ўрганишларда аҳолининг руҳий соғлиғини текширувдан ўтказиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш, уларни даволаш, парваришлаш ва тиббий-ижтимоий жиҳатдан тиклаш соҳасида муаммолар борлиги аниқланган. Энг муҳими, ушбу муаммо ҳамда камчиликлар Президентимизнинг қарорида ўз аксини топиб, соҳани ривожлантириш, мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлди.

Фракция аъзоларининг фикрича, бугун психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимининг самарали фаолиятини таъминловчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш замон талаби бўлмоқда.

— Очиғи, амалдаги “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонун 2000 йилда қабул қилинган, — дейди фракция аъзоси Алия Юнусова. — Унинг қатор нормалари эскирган ва қайта таҳрирга муҳтож. Шу сабабли Қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш бўйича фракциянинг ишчи гуруҳи шакллантирилди. Фракция ташаббуси билан таклиф этиладиган янги таҳрирдаги қонун аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини қамраб олиши лозимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, психиатрия хизмати муассасаларининг айрим функцияларини соғлиқни сақлашнинг хусусий секторига ўтказиш, аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш учун инвестициялар жалб қилиш каби таклифлар билдирилди.

Йиғилишда, шунингдек, Қонунчилик палатаси ялпи йиғилиши муҳокамасига киритилаётган бир қатор қонун лойиҳалари партия дастурий мақсадлари ҳамда аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб, кенг ҳамда атрофлича муҳокама этилди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 511-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам фракция аъзоларининг диққат-эътиборида бўлди. Лойиҳада ногиронлиги бўлган шахсларнинг инженерлик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз киришини таъминлаш бўйича талабларини бажаришдан бўйин товлаганлик, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда.

Фракция вакиллари сўзларига кўра, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун тенг шароитлар яратиб, буни бузганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлайди. Депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг долзарблигини таъкидлаб, уни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар беришга келишиб олдилар.

“Адолат”чиларнинг таклифлари инобатга олинди

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган Фармон ҳамда қарорларидан келиб чиқиб, фракция олдида турган долзарб вазифалар ҳамда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Фракция аъзоси Шуҳрат Полвонов мазкур Фармон адвокатура тизимини тубдан такомиллаштириш, профессионал юридик ёрдам сифатини ҳамда адвокатлик касбининг нуфузини ошириш, суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятли эканини қайд этди. Айни чоғда ушбу ҳужжат билан адвокатларнинг жисмоний ҳамда юридик шахсларни самарали ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганини алоҳида таъкидлади. Жумладан, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб адвокат низоларни судгача ҳал этиш, томонларни яраштириш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, ҳакамлик судьяси сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлди.

Йиғилишда фракция ташаббуси билан “Адвокатура тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқишни жадаллаштириш лозимлигига урғу берилди.

Шунингдек, депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қизғин муҳокама қилдилар.
Қонун лойиҳаси билан суд ҳокимияти органларининг аҳоли билан жойларда очиқ мулоқотлар ўтказиши ҳамда ўз фаолиятлари тўғрисида жамоатчиликка марказий ёки маҳаллий телевидение орқали, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши амалиётини қонун даражасида мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.

Эътироф этилганидек, мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида уни янада такомиллаштириш юзасидан фракция томонидан илгари сурилган қатор таклифлар инобатга олинди. Хусусан, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципини ва судьялар фаолияти самарадорлигини таъминлаш ҳамда судьяларни ўз профессионал фаолиятидан чалғитишларни камайтириш мақсадида халқ депутатлари Кенгашлари томонидан судьялар фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитишнинг аниқ муддатларини белгилаш, шу билан бирга, судьялар фаолиятини эшитиш натижалари бўйича Кенгаш қарорининг Судьялар олий кенгашига юборилишини белгилаш каби таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топди.

Депутатлар таклиф этилаётган қўшимчалар судьяларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга хизмат қилишини қайд этдилар.

Фракциялар йиғилишларида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ,
Зиёда АШУРОВА.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар