Қиз боланинг қадри мебель билан ўлчанадими?

11:13 07 Март 2018 Жамият
625 0

Қизи бор уйнинг файзу фариштаси бўлади. Бундан фахрланамиз. Негаки, оиламизда навниҳолдек маликалар камолга етмоқда. Келажагимиз давомчиси қизларимизни оқ ювиб, оқ тараймиз, ҳеч кимдан кам қилмай тарбиялаймиз, кўз қорачиғидек асраб-авайлаймиз. Гоҳо меҳр-муҳаббатимизни ошкора намоён этмасак-да, унинг бахту иқболи йўлида ҳамма нарсага тайёр турамиз.
Ҳар бир ота-онанинг, бобою бувининг дилидаги истак шу. Бунга қўшилмасликнинг асло иложи йўқ. Зеро, оқила, лобар, зукко қизларимиз, гулу гунафшаларимиз ҳаётимиз давомчиларидир. Ана шундай эзгу тилак билан уларни турмушга узатамиз, ўзга хонадонда тиниб-тинчиб, ўзидан кўпайишини тинмай ният қиламиз. Аммо шу ўринда аччиқ бир ҳаётий ҳақиқатни айтмасак бўлмас. Гап шундаки, қизларимизга бўлган муносабат куёв томонга қилинган сарпо-суруқлару мебелларга қараб шаклланаётгани, кўпинча фақат шунга оила пойдевори, тамал тоши сифатида қаралаётгани сизни ташвишлантирмайдими? Энди айтинг-чи, қиз томоннинг мебель қилиши қайси урф-одатимизга тўғри келади? Нега жондан азиз дилбандимизни турмушга бергач ҳам “олди-олди”лардан қутулолмаймиз?
— Биз жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказганимизда, мана шундай салбий ҳолатларга кўп бор гувоҳ бўламиз, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Жамолдинова. — Ана шундай вазиятларда ўйланиб қоласан, киши. Юртбошимиз томонидан ҳар бир инсоннинг бахтли яшаши учун барча шарт-шароит яратилаётган пайтда одамларимиз фарзандларини ўқитиш, уйли-жойли қилиш ўрнига, тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда ортиқча сарф-харажатларга йўл қўяётгани ачинарлидир, албатта. Тўғри, кимнингдир дабдабага қурби етар, кимники эса йўқ... Яқинда Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги бир хонадонда бўлганимизда, оиланинг моддий аҳволи анча оғирлигига гувоҳ бўлдик. Аёлнинг турмуш ўртоғи оламдан ўтган, бир ўғли билан яшайди. Опа билан анчагина суҳбатлашдик, дардига қулоқ тутдик. Айтишича, турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг маҳалла кўмаги билан уларга қорамол берилган. Ўтган йили қизининг тўйини ўтказиш учун бор мол-ҳолларини сотиб, етмаганига қариндошларидан қарз олади. Қарздан эса ҳалигача қутулгани йўқ. Сочларига оқ оралаган бу муштипар онанинг айби қиз ўстирганими? Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
— Бинобарин, бугун юртимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибору ғамхўрлик янги босқичга кўтарилди, — дейди депутат ўз сўзида давом этаркан. — Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Оила ва аёллар комиссияси ташкил қилингани оила ҳамда аёллар манфаатлари қонуний ҳимояланишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда комиссия ўз олдига қўйган вазифалар билан бир қаторда, тўй-маросимларни камчиқим ўтказиш, бунга аҳоли, шу жумладан, ёшларни жалб этишга алоҳида аҳамият қаратмоқда.
Яқинда таҳририятимизга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулло Мингбоевдан мактуб келди. Унда шундай дейилади: “Сўнгги пайтларда қиз узатаётганлар куёв томонидан қўйилаётган қатъий талаблар билан ҳисоблашишга мажбур бўлмоқдалар. Келиннинг сепида келадиган мебеллар ўзимизникимас, чет элники, куёв аталмишнинг бош-оёқ сарпоси хорижники бўлиши шарт, акс ҳолда... Ҳатто, ҳали тузукроқ танишиб улгурмаган “қуда” бўлмишнинг “пасткаш”лигию “қурумсоқ”лиги етти маҳаллага достон бўлади, қўяди. Ахир эр томоннинг ор-номуси кучлироқ бўлиши керак эмасми? Келин томондан сандиқсифат қутиларда келган, йилнинг тўрт фаслига мос кийимлару мебеллар устига ўтирволиб, “Мен шу уйнинг эркагиман” дейишдан қачон уяламиз?!”
Дарҳақиқат, бу каби аччиқ, аммо очиқ гаплар ҳар биримизни чуқур мушоҳадага чорлайди. Кўплаб одамларни қийнаб келаётган мазкур ижтимоий муаммони узил-кесил ҳал қилиш вақти келдики, бунда кенг жамоатчилик, айниқса, аёллар фаол иштирок этиши мақсадга мувофиқ.
— Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг оилагача кириб борадиган узлуксиз тузилмаси яратилгани, яъни маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилганининг замирида ҳам ана шу эзгу мақсад ётибди, — дейди мазкур қўмита раиси ўринбосари Гулнора Маруфова. — Зеро, аксарият ҳолларда ортиқча сарф-харажатлар ҳамда дабдабали тўйларнинг сабабчилари аёллар эканлигини яхши биламиз. Айни пайтда бу борада тизимли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жойларда аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилаяпти, турли мавзуларда очиқ суҳбатлар ўтказилаётир. Қиз томонга мажбурият юклаш орияти баланд халқимизга тўғри келмайди. Шундоқ ҳам гулдек нозик қизини ўзга оила ихтиёрига бераётган ота-оналарга осон эмас.
Чиндан ҳам шундай. Бугун кўплаб оилаларда камол топаётган қизларнинг эртанги куни, ёруғ истиқболи ҳақида давлатимиз қайғураётган бир пайтда нега биз чеккада жиммиз?! Нега миллатимиз тараққиётига тушов бўлаётган иллатлар ортидан эргашаяпмиз?! Албатта, бунга жавоб топиш учун ҳар биримизда етарлича фурсат бор.
Дарвоқе, эртага 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни. Меҳрибон оналар, дилбар опа-сингиллар байрами. Шу санада Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги Фармонига мувофиқ, Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан икки нафардан талабгорга бериш белгилангани қизларга кўрсатилаётган яна бир ғамхўрлик намунасидир. Қолаверса, унда ёш чегарасининг узайтирилгани турли соҳаларда ютуқларга эришган қизларимиз учун янада кенг имкониятлар эшигини очади.
Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар