Қишлоқдаги корхона маҳсулотнинг 95 фоизини экспорт қилмоқда

10:11 10 Июнь 2020 Иқтисодиёт
222 0

Фото: Хасан Пайдо/Халқ сўзи

Гап Бухоро тумани Работиқалмоқ қишлоғида жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Маданият артекс» Ўзбекистон – Россия қўшма корхонаси ҳақида боряпти. Фаолиятини бундан 12 йил муқаддам атиги 6 нафар ишчи билан бошлаган корхонада айни пайтда салкам 70 киши меҳнат қилаяпти. Жорий йилнинг ўтган даврида 10 та янги иш ўрни яратилди. Яна 20 нафар ишчига эҳтиёж бор.

Муҳими, пандемия шароитида ҳам корхона цехларида иш бир маромда бораяпти. Ишчи-ходимлар карантин тартиб-қоидаларига амал қилган ҳолда ишлаб, хорижий мижозлар буюртмасини бекаму кўст адо этишмоқда.

— Биз толани биржа орқали харид қилиб, уни ип-калавага айлантириш, бўз тўқиш, матони бўяш, тайёр маҳсулот ҳолига келтириш билан боғлиқ барча занжирсимон жараёнларни шу ернинг ўзида бажарамиз, — дейди корхона иш юритувчиси Малик Чориев. — Ўтган йилда маҳсулотнинг 95 фоизини экспортга жўнатдик.Жорий йилда ҳам шу анъанани давом эттиряпмиз. Ҳозиргача 340 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни чет элдаги буюртмачиларга етказдик. Маҳсулотларимизга талаб ошса ошаяптики, камайгани йўқ.

Корхонада буюртмачи хоҳиш-истагига устувор вазифа сифатида қараляпти. Бу ерда тайёрланаётган 47 турдаги маҳсулотнинг деярли барчаси хорижий шериклар таклифи асосида дунё юзини кўряпти. Масалан, яқинда Россия Федерацияси Новосибирск шаҳридаги «Лидер» масъулияти чекланган жамияти 1,40 – 2 метр ўлчамли 18 минг дона сочиқ тайёрлашга буюртма берди. Ҳозиргача шундай буюмнинг 12 минг донаси тайёрланиб, хорижга жўнатилди.

Табиийки, бу каби тез ўзгарувчан жараёнларга илғор технологияларсиз мослашиш мушкул. Шуни ҳисобга олган корхона ишбилармонлари 800 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаб, модернизация тадбирларини амалга оширдилар. Сочиқ тўқийдиган замонавий дастгоҳлар харид қилинди. Улар компьютерлаштирилган, «ақлли» машиналар бўлиб, қўл меҳнатини деярли икки бараварга қисқартириш, энергияни тежаш, маҳсулот сифатини ошириш имконини берди.Бу каби тадбирларни амалга оширишда давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар қўл келяпти, албатта.

— Олти йилдирки, шу ерда меҳнат қиляпман, — дейди корхона ишчиси Мироншоҳ Ашуров. — Кўчкисафет қишлоғида яшайман. Турмуш ўртоғим ҳам шу корхонанинг тикув цехида ишлаяпти. Бир нафар фарзандимиз бор. Ушбу корхонада меҳнат қилиб кам бўлаётганимиз йўқ. Маоши бизни қониқтиради. Бепул тушлик бериляпти. Ишга бориб-келиш учун махсус автоулов ажратилган. Очиғини айта қолай: ишлагани совуқ ўлкаларга ҳам бориб келдим. Анча-мунча қийинчиликларни кўрдим. ”Ўз уйинг – ўлан тўшагинг”, деганларидек ўзимизнинг юртга етари йўқ экан...

Бу сўзларга изоҳнинг ҳожати йўқ, албатта.

Истам ИБРОҲИМОВ,

(«Халқ сўзи»)

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?