Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш – бугунги куннинг энг муҳим талаби

13:21 17 Сентябр 2020 Сиёсат
233 0

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича катта салоҳиятга эга. Шу боис, кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси, Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар қабул қилинди. Мақсад битта – иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир.

Экин майдонларини оптималлаштириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини ҳудудлаштириш сиёсати, кластер тизимини жорий этиш, замонавий иссиқхона хўжаликларини яратиш, сабзавот экинларини такрорий кузги экиш, томорқа хўжалиги амалиётини кенгайтириш нафақат ҳосилдорликни, балки қишлоқда аҳоли турмуш даражасини сезиларли даражада ошириш имконини берди.

Буларнинг барчаси Президентимизнинг ҳар томонлама пухта ўйланган ва узоқни кўзлаган сиёсати, кенг кўламли ислоҳотлари, юртдошларимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган давлат дастурларининг самарасидир.

Президентимиз томонидан жорий йил 15 сентябрь куни имзоланган “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси иштирокида «қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш» лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Негаки, унга мувофиқ, Лойиҳани амалга ошириш доирасида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг кредити ҳисобидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари), қўшилган қиймат солиғидан ва йиғимлардан озод қилинади.

Шу билан бирга, Лойиҳа доирасида жалб этиладиган қўшимча қарз маблағлари, хусусан, қишлоқ хўжалигида диверсификация қилишни молиялаштириш учун ажратилган 39,8 миллион АҚШ долларининг 30,3 миллион АҚШ доллари кластер ва кооперациялар ҳамда уларга аъзо бўлган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга, 5 миллион АҚШ доллари ёшлар ва аёллар учун, 4,5 миллион АҚШ доллари эса Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига йўналтирилади.

Ирригация тизимларини модернизация қилиш учун 3,1 миллион АҚШ доллари, бунда ўрмон фонди ерларида тик қудуқ қазиш ва насос ўрнатиш орқали сув чиқаришга 2, қишлоқ хўжалигида билим, инновация ва агрохизматлар тизимини ривожлантириш бўйича 4,1 миллион АҚШ доллари сарфланади.

Яна бир муҳим янгилик – мазкур ҳужжат билан «Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш» лойиҳаси техник-иқтисодий асосланувининг асосий кўрсаткичлари, «Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш» лойиҳасига жалб этиладиган қўшимча молиялаштириш доирасида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг қарз маблағларини сўндириш, фоиз ва комиссия тўловларини амалга ошириш прогноз жадвали, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг «Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида маблағлардан фойдаланиш бўйича «Йўл харитаси» ҳам тасдиқланди.

Президентимиз қарорига асосан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эндиликда Лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини ҳамда натижадорлигини таъминлайди. Лойиҳада иштирок этувчи тижорат банклари зиммасига кредит линиясини бошқариш, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси қарзининг ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳисобот ва мониторингни юритиш вазифалари юкланади.

Қарорда белгилаб қўйилганидек, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг 35 325 000 АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағларининг қайтарилиши тўлиқлигича Лойиҳа доирасида тижорат банкларига қайта кредитланадиган маблағларнинг қайтарилиши ҳисобидан ҳамда қолган 10 875 000 АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағларининг қайтарилиши Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан амалга оширилади.

Шунингдек, Лойиҳа доирасида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг қарз маблағларини қайта кредитлаш битимларида субсидиар қарзнинг фоиз ставкаси «Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси қарз маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан белгиланади.

Хулоса шуки, мазкур қарордан кўзланган мақсад битта – Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегияси ижросини таъминлаш ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси билан ҳамкорликни кенгайтириш. Унинг ижроси эса маҳсулот ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва қўшилган қиймат занжирини яратишни кенгайтириш асосида қишлоқ аҳолиси бандлиги ва даромадини оширишга хизмат қилади.

Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,

OʼzLiDeP фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?