Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

09:29 07 Октябр 2020 Иқтисодиёт
241 0

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги инвестицион ҳамкорлик ва ўзаро савдо муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида мамлакатимизнинг Деҳли шаҳридаги Элчихонаси томонидан Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрида жойлашган “MLD Group” компанияси бошқарувчи директори Маниш Далмия билан видеоконференция форматида мулоқот ўтказилди.

“MLD Group” Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штатидаги етакчи компаниялардан бири бўлиб, асосан чой етиштириш, қадоқлаш, кўчмас мулк йўналишларида ўз фаолиятини олиб боради.

Қайд этиш лозимки, М.Далмия бошчилигидаги компания вакиллари 2018-2019 йиллар давомида Ўзбекистонда ташрифлар билан бўлиб, Тошкент шаҳри, Андижон ва Хоразм вилоятларининг иқтисодий салоҳияти билан танишган, маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича бирламчи келишувларга эришган.

Суҳбат давомида М.Далмия ўзбекистонлик ҳамкорлар билан қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ниятини билдирди ва дастлабки босқичда маҳсулотларни қадоқлаш йўналишида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таклиф қилди. Бу борада “MLD Group”нинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари билан маркетинг тадқиқотлари ўтказишга келишилди.

Бундан ташқари, ҳинд компанияси орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, қуруқ мевалар ва чой маҳсулотлари савдосини кенгайтириш учун етарли имкониятлар мавжуд. Қолаверса, Ғарбий Бенгалиянинг балиқчилик ва шоличилик йўналишларидаги ўзига хос салоҳиятини назарда тутган ҳолда ушбу йўналишларда ҳам ҳамкорлик ўрнатиш, илғор тажриба алмашиш имкониятлари ўрганиб чиқилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?