Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида​

09:27 19 Апрель 2019 Ҳужжатлар
735 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш мамлакат аҳолисининг 60 фоизидан ортиқ қисми яшаётган қишлоқларнинг фаровонлик даражасини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Шу муносабат билан сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини бошқариш тизимида институционал ислоҳотлар амалга оширилди, пахта хом ашёси ва бошоқли дон маҳсулотларининг давлат томонидан кафолатланган харид нархларини сезиларли даражада кўпайтириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг молиявий барқарорлиги оширилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кластер модели кенг жорий этилмоқда, натижада охирги йилларда пахта-тўқимачилик кластерларига ажратилган ер майдонлари ҳажми мазкур экин тури учун ажратилган қишлоқ хўжалиги ерларининг 52 фоизини ташкил этди.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашда самарали бозор механизмларининг мавжуд эмаслиги тармоқнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини бермаяпти.

Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан бошқаришнинг яхлит тизимини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини давлат томонидан харид қилишнинг бозор механизмларини жорий этиш мақсадида, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:

1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг (кейинги ўринларда — Вазирлик) асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

биринчи навбатда, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда бозор тамойилларини жорий этиш, илғор тажриба ва фан ютуқларини, замонавий ресурс тежовчи ва интенсив агротехнологияларни жорий этишни назарда тутувчи қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишда замонавий кооперация муносабатларини кенгайтириш орқали қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг қўшилган қиймати занжири яратилишини рағбатлантириш;

агробизнеснинг кластер моделини кенг жорий этиш чора-тадбирларини амалга ошириш, кластерлаш жараёнининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида кластерларни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;

агротехник тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг молиявий барқарорлиги, ҳосилдорлиги паст ерлар унумдорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини оширишга кўмаклашадиган қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш;

кенг кўламли замонавий молиявий хизматларни ривожлантириш ва сифатли қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш имкониятини ошириш орқали қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш;

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини тайёрлаш, фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш, маҳаллий ва хорижий селекция навлари, шу жумладан, биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш;

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, зараркунандалар ва бегона ўтларга қарши курашиш, агрокимёвий хизмат кўрсатиш ва тупроқни муҳофаза қилиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

таълим, фан ва қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг тизимли асосда узвий интеграциялашувини, қишлоқ хўжалиги тармоқларининг юқори малакали соҳа мутахассисларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази ва унинг илмий-тадқиқот муассасалари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази этиб қайта ташкил этилган ҳолда;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш давлат маркази Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш маркази этиб қайта ташкил этилган ҳолда;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва унинг бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази этиб қайта ташкил этилган ҳолда;

Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда Вазирлик ихтиёрига ўтказилсин.

3. Белгилансинки:

Вазирлик тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг био ва нанотехнологиялар, қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навларини яратиш ва жорий этиш бўйича фаолияти Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши соҳасида меҳнат ва моддий-техник ресурслар сарфи меъёрларини ишлаб чиқиш ва янгилаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

4. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда қишлоқ хўжалигига агрокимёвий хизмат кўрсатиш ва ўсимликлар ҳимоясини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин, бунда Вазирлик ҳузурида қуйидаги вазифаларни амалга оширувчи ихтисослашган хизмат ташкил этилиши назарда тутилсин:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий ва биологик воситалар билан таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича профилактик ва интеграциялаштирилган чора-тадбирларни ўз вақтида ташкил этиш;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, экин майдонларида, томорқа ерларда, иссиқхона хўжаликларида фитосанитария ҳолати устидан доимий кузатув ва назорат олиб бориш, қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтлар ривожланиши ва тарқалишини прогноз қилиш;

ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситаларини ташиш, сақлаш, сотиш ва қўллаш, қишлоқ хўжалиги учун минерал ўғитларни агрокимё хаританомалари асосида тупроқнинг озуқа моддалари билан таъминланганлигини ҳисобга олиб, табақалаштирилган ҳолда етказиб бериш бўйича белгиланган қоидаларга риоя этилиши устидан назорат қилиш.

5. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда халқаро молия институтларини жалб қилган ҳолда уч ой муддатда ишлаб чиқилаётган “Ақлли қишлоқ хўжалиги” концепцияси доирасида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш соҳасини молиялаштириш лойиҳалари ва манбалари бўйича таклифлар киритсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

Вазирлик ихтиёрига ўтказиладиган ташкилотлар тегишли ташкилотларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалар бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланади;

лимон ва грек ёнғоғи ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар, картошка ишлаб чиқарувчилар уюшмалари раҳбарлари таъсисчилар умумий йиғилиши қарори билан сайланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шу жумладан, вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан, хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Вазирлик марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари ва туманлар (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимлари фаолиятини молиялаштириш, ходимларни моддий рағбатлантириш (иш ҳақи, мукофот пуллари, устамалар ва бошқа пул мукофотларини тўлаш) манбалари ҳисобланади.

7. Вазирлик, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда халқаро молия институтлари экспертларини жалб қилган ҳолда уч ой муддатда дон маҳсулотлари нархларини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий этиш бўйича таклифларни;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда халқаро (хорижий) молия институтлари ва маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда бир ой муддатда хорижий тажриба ва жойлардаги ҳақиқий аҳволни чуқур таҳлил қилиш асосида аниқ молиявий манбаларни ва механизмларни кўрсатган ҳолда қуйидагиларни назарда тутувчи 2019 — 2021 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилмаётган ер майдонларини ўзлаштириш концепцияси лойиҳасини киритсин:

замонавий ирригация ва мелиорация технологиялари ҳамда ерларни суғориш усулларини кенг жорий этиш;

тўғридан-тўғри инвестицияларни, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фаол жалб этиш;

Концепцияни амалга оширишда иштирок этувчи тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.

8. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5418-сонли Фармонининг 2 ва 8-бандлари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3671-сонли қарорининг 1 ва 2-бандлари.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятини ташкил этиш;

Тошкент давлат аграр университети фаолиятини такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари лойиҳаларини киритсин.

10. Вазирлик икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З. Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри,

2019 йил 17 апрель


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019