Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти янада ошади

09:55 11 Июль 2018 Сиёсат
258 0
Фото: "Халқ сўзи"

Ўзбекистонда сўнгги вақтларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали аҳоли даромадларини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. 2018 йилнинг ўзида мамлакатимиз биргина гилос экспорт қилувчи мамлакатлар рейтингида тўртинчи ўринга чиқиб олди. Хитой, Жанубий Корея каби мамлакатларда Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотларга талаб ортди. Бундай ижобий кўрсаткичларни янада яхшилаш қонунларни ҳам такомиллаштиришни талаб этади.

Кеча кучга кирган янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонун юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда турли зарарли организмларнинг мамлакатимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ривожлантириш йўлида муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Қонун янги таҳрирда қабул қилинишининг муҳим асосларидан бири шунда эдики, ўсимликлар карантини соҳасидаги бошқарув тизимида ҳам жиддий ўзгаришлар юз берди. Мазкур соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, Президентимизнинг махсус Фармони ва иккита қарори қабул қилинди. Улар асосида, муқаддам Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимига кирувчи Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг ташкилий-ҳуқуқий мақоми янада кучайтирилиб, Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўтказилди. Қонун асосида янги ташкил этилган инспекциянинг тизими, ҳуқуқ ва ваколатлари аниқ белгиланди.

Бу йўналишдаги яна бир муҳим масала шундаки, аввалги қонунда ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг ҳуқуқлари кўрсатилган бўлса-да, мажбуриятлари аниқ белгиланмаган эди. Фуқароларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда янги Қонуннинг 17-моддасида ўсимликлар карантини давлат инспекторлари мажбуриятлари ҳам яққол ифодасини топди.

Сўнгги вақтларда ташқи сиёсатимизда амалга оширилган ижобий ислоҳотлар натижасида Тожикистон, Қирғизистон каби чегарадош давлатлар билан ўзаро дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланди, савдо-сотиқ ишлари кенг йўлга қўйилмоқда. Шу асосда қўшни давлатлар билан 20 дан ортиқ чегара пунктлари ташкил этилди. Шунга кўра, Инспекцияга қўшимча 400 дан ортиқ штатлар ажратилди, ходимлар масъулияти кучайтирилди.

Янги таҳрирдаги Қонунда ўсимликлар карантини давлат инспекцияси масъул ходимларининг лавозимларини аниқ белгилаб бериш, шунингдек, халқаро савдо алоқаларини ривожлантиришда ўсимликлар ва ўсимлик маҳсулотлари билан савдо алоқаларини йўлга қўйишда фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, импорт ва экспорт билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари амал қилиши керак бўлган зарарли ўсимлик касалликлари, ҳашаротлар ва бегона ўтлар кириб келишининг олдини олиш бўйича аниқ нормалар белгиланган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида Қонуннинг 30-моддасига асосан, аввалги қонундаги ўсимликлар карантини давлат хизмати органларини юк жўнатилиши кутилаётган кундан олдин хабар қилиш муддати 30 кундан 10 кунга, экспорт қилинаётган маҳсулотни текширув кўригидан ўтказиш учун тақдим қилиш муддати 15 кундан 3 кунга қисқартирилди.

Шунингдек, мазкур Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари алоҳида янги моддаларда мустаҳкамланди.

Мамлакат хавфсизлигини таъминлашда ҳам ўсимликлар карантини хизмати муҳим роль ўйнайди. Чунки биргина зарарли организмни уруғ, кўчат каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари орқали мамлакатга киритиб, бутун қишлоқ хўжалигини издан чиқариш мумкин. Бундай мудҳиш ҳолатлар хорижий мамлакатлар тажрибасида бир неча бор кузатилган. Шундай хавфларнинг олдини олиш учун ҳам Қонунда инспекциянинг ваколатларини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўсимликлар карантини масалаларини ҳал этишда қатнашиши ҳам тартибга солинди. Хусусан, уларнинг иштироки жамоатчилик назоратини амалга оширишда, карантиндаги зарарли организмларнинг тарқалиши тўғрисида аҳоли ўз вақтида огоҳлантирилишида намоён бўлади. Бу эса зарарли организмларнинг ўчоқлари тарқалишига йўл қўймаслик ва уларни йўқ қилиш бўйича зарурий ҳамда тезкор бажарилиши лозим бўлган чораларни ўз вақтида кўришга имконият яратади.

Бугунги кунда ахборот технологиялари кенг ривожланаётганлигини ҳисобга олиб, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Қонунга Ўсимликлар карантини соҳасидаги ахборотнинг очиқлиги номли янги боб киритилди. Унда ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати томонидан амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ўсимликлар карантини соҳасидаги бошқа хабарлар оммавий ахборот воситаларида ва Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгиланди. Сабаби ҳозирги кунга қадар ўсимликлар карантини тўғрисидаги норматив ҳужжатлар, фитосанитар хавфсизлик доирасидаги тадбирлар ва бошқа маълумотларнинг очиқлиги тўлиқ таъминланмаганлиги фуқароларга, жумладан, тадбиркорларга ноқулайликлар туғдираётганди. Улар қайси маҳсулотларни экспорт қилиш мумкин ёки йўқ ва бунинг сабаблари ҳақидаги маълумотларни олгунча, анча вақтини йўқотар эди. Қонунга киритилган мазкур янгиликлар бу борадаги қийинчиликларни бартараф этади.

Умуман, янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонуннинг амалга самарали татбиқ этилиши мамлакат ҳудудини турли зарарли организмлардан ҳимоялаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.​


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар