Қишлоқ хўжалиги давр талаблари асосида ривожлантирилади

09:05 28 Апрель 2018 Иқтисодиёт
894 0

Президентимиз томонидан жорий йил 18 апрелда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар бўйича вазифаларнинг қонуний асосларини мустаҳкамлашга қаратилган

70 дан зиёд қонун ҳужжатларига, шу жумладан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга, Ер ҳамда Солиқ кодексларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Таъкидлаш керакки, бугун фермерларимиз қишлоқ хўжалигининг асосий кучига айланмоқда. Айни пайтда республикамизда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари ўндан зиёд йўналишларда самарали фаолият юритаётгани, охирги икки йилда кўп тармоқлилар сони 45 фоиз кўпайиб, 75 мингтага етгани фикримиз тасдиғидир. Бинобарин, қишлоқ мулкдорларининг саъй-ҳаракати, ташаббуси, изланишлари туфайли юз минглаб кишилар бандлиги таъминланаяпти.

Пахта ҳамда ғалла экилаётган паст рентабелли майдонлар йилдан-йилга қисқартирилиб, уларнинг ўрнига интенсив боғлар, ёнғоқзор ва токзорлар барпо этилаётгани ҳамда бошқа сердаромад экинлар экилаётгани диққатга сазовор. Пировардида айни пайтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоиздан ортиғи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари ҳиссасига тўғри келаётир.

Шу ўринда парламент қуйи палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Ер кодексига ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан муайян ишлар амалга оширганини таъкидлаш жоиз. Жумладан, фермер хўжалиги мақоми белгилаб берилган амалдаги 3-модданинг матни янги таҳрирда баён қилиниб, фермер хўжалиги ҳамда кўп тармоқли фермер хўжалигининг ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилди. Унга кўра, фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъекти сифатида эътироф этилди.

Кўп тармоқли фермер хўжалиги эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш баробарида, уларни қайта ишлаши, сақлаши, реализация қилиши, саноат ишлаб чиқариши, хизматлар кўрсатиши ҳамда бошқа қонуний ишлар билан шуғулланиши мумкин. Бундан ташқари, амалдаги Қонуннинг фермер хўжалигини ташкил этиш шартлари белгиланган 5-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга биноан эса, чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалигига ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами бир шартли бош чорва молга ҳисоблаганда Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ҳамда Хоразм вилоятларидаги суғориладиган ерларда камида 0,3 гектарни (наслли чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалиги учун 0,5 гектарни), бошқа вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги суғориладиган ерларда тегишинча камида 0,45 гектарни (наслли чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалиги учун 0,6 гектарни), суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда эса камида 2 гектарни ташкил қилиши назарда тутилди.

Деҳқончилик билан шуғулланувчи фермерларга ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами пахтачилик ҳамда ғаллачилик учун камида 30 гектарни, ғаллачилик ва сабзавотчилик учун камида 10 гектарни ташкил этади.

Шу билан бирга, Қонунга кўра, ер участкасини ижарага олиш шартномаси фермер хўжалигининг бошлиғи ҳамда туман ҳокими томонидан имзоланади. Туман ҳокимининг фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси беришни рад қилиш тўғрисидаги қарори устидан судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга шикоят этилиши мумкин. Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари олган ва қишлоқ аҳоли пунктида тураржойи бўлган шахсларнинг томорқа ер участкаси сақланиб қолади.

Ердан фойдаланиш нормалари белгиланган 13-модданинг янги таҳририга кўра, фермер хўжалиги бошлиғи пенсия ёшига тўлганда ёки меҳнат қобилиятини йўқотганда, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган, олий таълим муассасаларига кундузги ўқишга қабул қилинган, сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган тақдирда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ўз оила аъзоларидан бирига ижара шартномасида кўрсатилган муддатга бериши мумкин.

Қонунда фермерлар ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилган. Масалан, унинг 16-моддасига мувофиқ, фермер ишлаб чиқаришга замонавий, тежамкор технологияларни, фан-техника ютуқларини жорий этиш, фан-таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар билан фермер хўжалигини ташкил этиш ва ер участкасини бериш бўйича қонун ҳужжатларидаги нормаларнинг ўзаро мувофиқлиги таъминланди. Кўп тармоқли фермер хўжалигининг ҳуқуқий мақоми аниқлаштирилди. Қонунни қўллаш амалиётида юзага келаётган ворислик, мерос ҳамда фермер хўжалигини бошқариш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш ва фермер хўжалигини тугатиш билан боғлиқ кўплаб муаммоларнинг қонуний ечими топилди. Бу эса, ўз навбатида, республикамиз аграр тармоғи янада тараққий топиб, турмушимиз фаровон бўлишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Комилжон ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019