Қишлоқ аҳолисининг барча қатлами китоб билан қамраб олинади

23:10 22 Апрель 2019 Жамият
567 0

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида республикамиздаги ахборот-кутубхона муассасаларининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси ва халқаро тажрибаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбир “Central Asia – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро анжумани доирасида ташкил этилди. Унда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбар ва мутахассислари, ҳамкор давлат ташкилотлари вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Мулоқот давомида қишлоқ аҳолисининг барча қатламларини кутубхона хизмати билан қамраб олиш, узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳоли учун кўчма кутубхоналар ташкил этиш, ҳужжатларни электрон етказиб бериш, ахборот-кутубхона ресурсларидан масофадан туриб фойдаланишни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди. Якка ва гуруҳли ҳамда оммавий китобхонликни тизимли равишда ташкил қилиш, фойдаланувчилар ўртасида мутолаа маданиятини ошириш мавзуларида маърузалар тингланди. Шунингдек, ахборот-кутубхона муассасалари ва мутахассисларининг имиджини яхшилаш юзасидан таклифлар билдирилди.

“Охирги 2-3 йил ичида аҳоли ўртасида кутубхона иш вақтини чўзиш бўйича мурожаатлар кўпайди, – деди Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева. – Хорижий мамлакатларда 24 соат давомида ишлайдиган кутубхоналар ҳам бор, одатда у ерда соат 00:00 дан кейин навбатчилар, мутахассислар қолади. Чунки уларнинг ишлари тўлиқ электрон шаклга ўтиб бўлган. Бизнинг кутубхонамиз аввал Вазирлар Маҳкамасига қарашли эди, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига ўтди. Раҳбарият билан биргаликда кутубхона иш вақтини 23:00 га қадар узайтириш кўриб чиқилаяпти. Кечки вақт ишлайдиган ходимларга амалдаги қонунчилик бўйича иш ҳақи тўлаш масаласи ўрганилмоқда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 23:00 га қадар ишлаши учун фондни сақлаш, хизмат кўрсатиш каби бўлимларда 36 та қўшимча иш ўрни яратилиши талаб этилар экан. Бу масалалар устида ҳозир иш олиб борилмоқда. Мазкур тажриба самара берса, бошқа кутубхоналарга ҳам татбиқ қилинади”.

Тадбирда 24-26 апрель кунлари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро анжуманнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди.

“Халқаро анжуман моҳияти Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган беш ташаббуснинг тўртинчисига, яъни аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ғоясига ҳамоҳангдир, – деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Китоб савдоси ва ахборот-кутубхона ресурслари бўлими раҳбари В.Ҳамидов. – Фан, таълим, маданият, бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларни қўллаш ва бунда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ҳамда бошқа ташкилотларнинг ҳамкорлигини кенгайтириш лозим. Шу нуқтаи назардан, кутубхоналар ишининг муаммолари, уларнинг инновацион ривожланиш йўлларини излаш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этади”.

Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори Ҳ.Каримова, Ўзбекистон Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси директори З.Бердиева 400 дан зиёд мутахассис қатнашадиган ушбу Халқаро тадбирнинг тажриба алмашиш учун катта майдон бўлиши, республика миқёсида соҳа ривожига амалий таъсир кўрсатишини эътироф этди.

Матбуот анжуманида АҚШ Орегон штати Портленд шаҳри кутубхона жамғармаси ижрочи директори Меррис Сумралл, Қозоғистон Миллий кутубхонаси Нодир китоблар ва қўлёзмалар хизмати раҳбари Толкын Замзаевалар иштирок этди ва истиқболдаги ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019