Қишлоқ аҳолиси учун шахсий ҳимоя воситалари топширилди

22:12 30 Апрель 2020 Жамият
378 0

Сув хўжалиги вазирлигига Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган, БМТ Тараққиёт дастури томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастурининг 2-компоненти “Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш” лойиҳасининг пилот ҳудудларидаги маҳаллалар аҳолиси учун шахсий ҳимоя воситаларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Воҳид Аҳмаджонов, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс сўзга чиқиб, жаҳонда тобора хавфли тус олаётган COVID-19 пандемияси шароитида Ўзбекистонда ушбу касаллик кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда беморлар саломатлигини тиклаш, карантин тадбирлари самарадорлигини ошириш борасида кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар ўзининг ижобий самараларини бераётганлигини таъкидладилар.

Қайд этилдики, “Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш” лойиҳасининг пилот ҳудудлари ҳисобланган Фарғона вилоятининг Қува туманидаги Гулистон, Тошлоқ туманидаги Заркент, Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги Соибобод, Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги Купаки, Хоразм вилоятининг Янгибозор туманидаги Қадрият, Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Тўракўл ва Сурхондарё вилоятининг Таллошкон қишлоқларининг жами 31 минг нафардан кўпроқ аҳолисига етарли миқдорда тиббий ниқоб ва антисептик воситалар, шунингдек, коронавирус касаллиги хавфини камайтириш, самарали қарши курашиш ва тарқалишининг олдини олиш бўйича хабардорликни оширишга қаратилган плакат ва буклетлар етказиб берилади. Улар маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, сув хўжалиги ташкилотлари билан ҳамкорликда аҳолига тарқатилади.

Ушбу воситалар аҳолининг қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек, кундалик юмушларни эмин-эркин бажаришлари, пировардида экинлардан мўл ва сифатли ҳосил етиштириб, мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришларига хизмат қилади.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?