Қиргулида 10 нафар ногиронлиги бўлган юртдошларимизга янги уйларнинг калитлари топширилди 

17:47 10 Май 2018 Жамият
451 0
Фото: "Халқ сўзи online"

Одамлар амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини эртага эмас, бугун ҳис этиши керак. Ушбу тамойил асосида олиб борилаётган амалий ишлар туфайли аҳоли турмуши фаровонлашиб, кўнгли тоғдек кўтарилмоқда. Бундан, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар жуда миннатдор. Сабаби, уларнинг уй-жой муаммоси ҳал этилиб, янги тураржой билан таъминланмоқда. Бундай ғамхўрликдан фарғоналик яна ўн нафар юртдошимиз баҳраманд бўлди. Уларга Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида барпо этилган янги хонадонларнинг калитлари тантанали равишда топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, ўтган йили Фарғона шаҳрида 158, Марғилон шаҳрида 68 та хонадон ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд оилаларга имтиёзли тарзда берилган эди.  

— Жорий йилда вилоят ҳокимининг сайёр қабулида бўлиб, тураржой масаласида амалий ёрдам беришларини сўраган эдим, — дейди Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида истиқомат қилувчи иккинчи гуруҳ ногирони Раъно Солиева. — Буни қарангки, Хотира ва Қадрлаш куни арафасида менга тураржой ажратилди. Бу кун мен учун қўшалоқ шодиёнага айланди. 

Қувасой шаҳрида яшовчи Моҳигул Эрматованинг ўксик қалби қувончга тўлди. У туҳфа этилган тикув машинасида энди ўз уйида касаначилик асосида ишлайди, ойлик иш ҳақига эга бўлади. Бундай эътибордан унинг оила аъзолари ҳам мамнун.

Фото: "Халқ сўзи online"

Фарғона туманининг Бўстон маҳалласидаги Отабек Мирзамаҳмудов таянч-ҳаракат аъзоларидаги хасталик туфайли бир жойга михланиб қолган. Турмуш ўртоғи, икки нафар фарзанди билан ота уйида умргузаронлик қилиб келаётган эди. Ушбу оилага ҳам уч хонали шинам уй ажратилгач, омонот бўлиб турган бахт қўрғони янада мустаҳкамланди.

— Бугун нафақат янги уй, балки янги мебеллар тўплами, ошхона ва ётоқхона жиҳозлари, қўйингки, яшаш учун барча замонавий қулайликни кўриб, ўзимни худди ширин туш кўраётгандек тасаввур этаяпман, — дейди Фарғона туманининг Чимён қишлоғида яшаган Хадича Ёқубова. — Инсон учун бундан ортиқ бахт борми!?
Уйларни топшириш маросимида вилоят ҳокими Ш. Ғаниев сўзга чиқди.
Элёржон  ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар