Қирғизистон элчиси: “Умумий тарих ва маданий ришталар бизни доим боғлаб туради”

11:15 11 Июль 2019 Сиёсат
524 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё минтақаси нисбатан барқарор, ишончли ва иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам бўлиб бораётганини таъкидлади.

Давлат раҳбарининг фикрича, бу кенг ҳамкорлик, энг муҳим минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун қулай шароитлар ва ноёб имкониятларни шакллантиради. Ана шундай ўзаро фойдали шерикликка мисоллардан бири Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ўртасидаги муносабатлардир.

Қўшни давлатнинг республикамиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ибрагим ЖУНУСОВ билан суҳбатимиз ҳам айнан ўзаро алоқаларнинг бугуни ва истиқболи ҳақида бўлди.

— Ибрагим Кожоназарович, Ўзбекистонда ўз дипломатик миссиянгизни бошлаганингизга ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Қирғиз — ўзбек муносабатларининг бугунги ҳолати ва уларнинг ривожланиш истиқболларини қандай ­баҳолайсиз?

— Ўтган йил 16 февраль куни биз Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллик юбилейини нишонладик. Ўтган давр ичида ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар асосида мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар жабҳалар, шунингдек, хавфсизлик соҳасида ўзаро алоқаларнинг амалий механизмлари йўлга қўйилишига эришилди. Икки томонлама ҳамкорликнинг салмоқли шартномавий-ҳуқуқий базаси шакл­лантирилди. У 180 та ҳужжатни қамраб олган.

2017 йилнинг қисқа — тўрт ойи ичида амалга оширилган учта олий даражадаги ташриф Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни стратегик шериклик ҳамда яхши қўшничилик руҳида янада равнақ топтиришга туртки берди. Давлат раҳбарлари, ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасидаги ташрифлар якунлари бўйича икки ­томонлама 42 та ҳужжат имзоланди. Улар турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Юқори даражадаги мунтазам, жумладан, БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ ва бошқа ташкилотлар доирасидаги халқаро ҳамда минтақавий тадбирлар майдонидаги учрашувлар бунинг ёрқин тасдиғидир.

2017 йил 20 — 22 декабрь кунлари икки томонлама ҳамкорлик тарихида илк бор парламентимиз раҳбари — Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси Д. Жумабековнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи парламентлараро ўзаро алоқаларни фаоллаштиришга туртки берди. Ташриф чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Сенат Раиси, Қонунчилик палатаси Спикери билан учрашувлар бўлиб ўтди. Икки томонлама парламентлар­аро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланди, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ўртасида ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссия тузилди, унинг иккинчи йиғилиши шу йил июнь ойида Ўш шаҳрида бўлиб ўтди. 2018 йилда парламент делегацияларининг қатор ўзаро ташрифлари амалга оширилди. Хусусан, Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов раҳбарлигидаги Олий Мажлис делегацияси 15 ноябрь куни Бишкекка ишчи ташриф билан борди. Биз Олий Мажлис Сенати ­Раисининг Бишкекка расмий ташрифини ҳам кутяпмиз.

Ҳукумат раҳбарлари “соатларни тўғрилаш”ни амалга оширмоқда. 2017-2018 йилларда улар Бишкек, Фарғона ва Ўшда икки томонлама тадбирлар, Тошкент, Сочи ҳамда ­Душанбедаги халқаро саммитлар ­доирасида бир неча бор учрашишди.

Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва тузилмавий бўлинмалари бошлиқлари ўртасида ҳам мунтазам мулоқотлар ҳамда маслаҳатлашувлар ўтказиляпти. Шу ўринда жорий йил январь ойида Қирғизистон ташқи ишлар вазири Ч. Айдарбековнинг Ўзбекистонга ташрифи ва Ўзбекистон ­ташқи ишлар вазири А. Комилов ­билан учрашувини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Чегараолди ҳудудлари бўйича ҳам ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017 — 2019 йилларда Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича Ҳукуматлараро тадбирлар режаси муваффақиятли амалга ошириляпти, чегара яқинидаги вилоятларда Қирғизистон ҳукумати ваколатли вакиллари ва Ўзбекистон чегара яқинидаги вилоятлар ҳокимлари Кенгаши тузилди. Унинг биринчи ва иккинчи йиғилишлари 2018 йил март ҳамда декабрь ойларида икки давлат бош вазирлари шафелигида Фарғона ва Ўшда бўлиб ўтди. Бишкек ва Тошкент, Ўш ва Андижон, Жалолобод ва Наманган, Баткен ва ­Фарғона ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимлар имзоланди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланяпти. Ишбилармонлик гуруҳлари ўртасидаги алоқалар кенгаймоқда, қўшма корхоналар очилаётир, ҳамкорликда бизнес-форумлар, сессиялар ва маҳсулотлар кўргазмалари ўтказилмоқда. Янги йўловчи авиа ҳамда авто ва темир йўл йўналишлари очилди, ўзаро сайёҳлар оқими сезиларли тарзда ошди.

Маданий-гуманитар алмашинув ҳам фаоллашди. Ўтган йили Қирғизистон Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигини нишонлади. Юқори даражадаги байрам тадбирлари Ўзбекистонда ҳам ташкил этилди. Қирғи­зистонда Ўзбекистон маданият ва санъати кунлари, Ўзбекистонда эса Қирғизистон маданият ва санъати кунлари ўтказилди. Ўтган йил сентябрь ойида кўп сонли спорт делегацияси II Жаҳон кўчманчилар ўйинларида иштирок этди, бошқа тадбирлар ҳам бўлиб ўтди.

Хулоса сифатида шуни таъкидлашни истардимки, кўп қиррали ўзбек — қирғиз муносабатлари мисли кўрилмаган юксакликка кўтарилмоқда. Қардош мамлакатларимиз ўртасида биз конструктив муҳокама қилиш ва ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда уларни ҳал этишга тайёр бўлмаган ҳеч қандай масала йўқ. Ва шерикликнинг бундай ривожини сақлаб қолиш ҳамда мус­таҳкамлаш жуда муҳимдир. Ишончим комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг дўст халқлари фаровонлиги йўлида икки томонлама ҳамкорлик ҳамда ўзаро алоқаларнинг барча комплексини янада ривожлантиришда давом этамиз. 

 Дунё миқёсида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида нима дея оласиз?

— Қирғизистон ва Ўзбекистон минтақавий ҳамда жаҳон кун тартибидаги биз учун долзарб бўлган барча масалада ўз позицияларини мунтазам солиштириб, тўғрилаб оляпти, халқаро майдонда ўзаро манфаатларга тааллуқли нуқтаи назарларни кўриб чиқишда бир-бирларини қўллаб-қувватлашмоқда. Масалан, Қирғизистон Шаҳрисабз тарихий марказини ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси объект­лари рўйхатида сақлаб қолиш масаласида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияларини қўллаб-қувватлади, ҳаммуаллифга айланди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Қирғизистоннинг Марказий Осиёда уран мероси муаммолари бўйича БМТ Резолюциясини янгилаш юзасидан ташаббусини, Халқаро электр алоқа ­иттифоқи сайловида Қирғизистон номзодини қўллаб-қувватлади.

Бундай мисоллар жуда кўп. Мамлакатларимизнинг ташқи сиёсатдаги фаоллигини инобатга олган ҳолда Қирғизистон Республикаси БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2027-2028 йилларда доимий бўлмаган аъзолиги учун сайловларда ўз номзодини илгари сурди. Шундай экан, халқаро ташкилотлар фаолияти доирасидаги алоқалар ва ўзаро қўллаб-қувватлаш фақат мустаҳкамланиббораверади. Таъкидлаш ­лозимки, бундай ҳамкорликнинг асосий мақсади Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашдир.

— Икки давлат раҳбарлари ўз олдиларига ўзаро товар айланмаси ҳажмини 500 миллион долларгача етказиш вазифасини қўйишган эди. Бунинг учун мамлакатларимиз катта имкониятлар ва захираларга эга. Белгиланган марраларга эришиш йўлида ўсиш кузатиляптими?

 Шуни мамнуният билан таъкидламоқчиманки, бугунги кунда Қир­ғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлашда барқарор ўсиш қайд этилмоқда. Хусусан, 2016 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 192,3 миллион АҚШ доллари, 2017 йилда 309,9 миллион доллар, 2018 йилда эса 336,5 миллион долларни ташкил этди. Бу чегара эмас. Давлатларимиз раҳбарлари ҳали ишга солинмаган улкан салоҳиятни инобатга олган ҳолда юксак, лекин ­эришиб бўладиган маррани белгилаб беришди. Айни пайтда ўзаро савдо номенклатурасини кенгайтириш ва ҳажмини оширишга қаратилган барча чора-тадбирлар қабул қилиняпти. Улар Қирғизистон ва Ўзбекистон хўжалик субъектлари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, ўзаро маҳсулот ва хизматлар етказиб бериш учун максимал қулай шароитлар яратиш, чегара ҳудудларида савдони қўллаб-қувватлашга кўмак беришни ҳам қамраб олади.

— Сиз дипломат учун ­ноодатий биографияга эгасиз. Композиторлар иттифоқи аъзоси, Қирғизистон халқ артисти, педагогика фанлари номзодисиз, иккита чақириқда парламент депутати бўлгансиз, ўз юртингизда маданият вазири ҳамда Бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлагансиз, Қирғи­зистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхонасини ­бошқаргансиз. Бой ижодий, сиёсий ва ҳаётий тажрибага эга инсон сифатида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга қандай баҳо ­берасиз?

 Мен чин дилдан айтаман, Ўзбекистон каминага бегона юрт эмас. Ҳаётимнинг турли даврларида бу заминда кўп бор бўлганман. Бу ерда яқин дўстларим ва танишларим бор. Улар билан илиқ муносабатларни сақлашга интиламан. Албатта, қўшни республикада содир бўлаётган воқеалар мени доим қизиқтириб келиши табиий.

Ҳозирги ислоҳотларга келсак, уларга Туркияда элчи бўлиб ишлаб юрган кезларимда қизиқа бошладим. Чуқур таҳлилга берилмай, шунчаки эътироф этмоқчиманки, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда, ўзининг миқёси ва суръатлари билан катта таассурот қолдирмоқда. Айни пайтда янгиланишлар кириб бормаган соҳани топиш қийин. Ҳамма жойда туб ўзгаришлар — ижтимоий соҳада, иқтисодиётда, давлат ва жамият қурилишида, суд-ҳуқуқ тизимида, хавфсизликда, мамлакатнинг дин бўйича ва ташқи сиёсатида. Бинобарин, ҳозирнинг ўзида, комплекс ислоҳотларнинг дастлабки босқичида уларнинг ижобий натижалари кўзга ташланмоқда. Табиийки, келгусида ҳал этиладиган қийинчиликлар ҳам пайдо бўлади. Демак, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Лекин, энг асосийси, буларнинг барчаси мамлакат ва халқ фаровонлигига йўналтирилган. Кўриб турганимиздек, халқ рўй бераётган ҳодисаларни маъқуллаяпти ва қўллаб-қувватламоқда. Айни мана шу жиҳатлар мисолида ҳам Ўзбекис­тондаги ислоҳотлар муваффақияти гаровини кўряпман.

 Ўзбекистон бой маданий мероси билан машҳур. Бу минглаб туристларни ўзига жалб этади. Сайёҳлик тармоғи, жумладан, зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун изчил қадамлар ташланмоқда. Мамлакатимиз яна нимаси билан Қирғизистон фуқароларини ўзига жалб этиши мумкин?

— Мамлакатларимиз ўртасида туризм соҳасида ҳам ҳамкорлик ривожланмоқда. Аввало, биз яқин қўшниларимиз. Кўплаб қирғизистонликларнинг Ўзбекистонда қариндошлари ва дўстлари бор. Шунинг учун ватандошларимизнинг қўшни республикага ташриф буюришидан кўзлаган мақсадларидан бири қариндошларини бориб кўришдир. Кўплаб қирғизистонликлар Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олган, собиқ иттифоқ даврида турли институтларда малака ошириш курсларида ўқиган.

Қариндошлик ришталаридан ­ташқари Ўзбекистоннинг бой маданий мероси тобора катта қизиқиш уйғотмоқда. Тарихий шаҳарлар ва меъморий ёдгорликларни кўришни истаган қирғизистонлик туристлар сони ҳам кўпаймоқда. Зеро, бу жойларда атоқли инсонлар яшаб ижод қилишган, дунё илм-фан тарихи ва маданиятида ўчмас из қолдиришган. Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги туризм департаменти маълумотларига кўра, 2018 йилда Ўзбекистонга Қирғизистоннинг 3 206 830 фуқароси ташриф буюрган, ўз навбатида, Қирғизистонга 3 295 804 нафар ўзбекистонлик борган. Географик жойлашув, тўғридан-тўғри авиа ва автобус қатновлари мавжудлиги туризм равнақи учун жуда қулай шароит яратади.

 Суҳбатимиз якунида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг истиқболи ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.

— Бунгача қайд этиб ўтганимдек, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 26 йил бўлди. Аслида халқларимиз ўртасидаги ўзаро алоқалар тарихи узоқ асрларга бориб тақалади. Бизнинг ўтмишимиз, бугунимиз ва албатта, келажагимиз муштарак. Биз умумий тарихий ва маданий ришталар билан боғланган икки қардош халқмиз.

Ўзаро муносабатларнинг янада юксалишида икки давлат ташқи сиё­сат идоралари муҳим ва масъул мувофиқлаштирувчи роль ўйнашини таъкидлашни истардим. Жорий йилда Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг 75 йиллигини нишонлайди. Тўпланган тажриба мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада ривож­лантиришга хизмат қилишига ишонаман.

Омонулла ФАЙЗИЕВ, Саиджон МАХСУМОВ (“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019