Қ.Дўстмуҳамедова: “АҚШда “Тановар” ва “Буюк ипак йўли” ансамбллари тузилди”

14:39 16 Август 2019 Жамият
94 0

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан Вашингтонда ўзбек рақс санъатини ўрганиш бўйича уч кунлик дастур ташкил этилди. Унда 10 та штатдан ўзбек халқи тарихи, маданияти ва кўп асрлик қадриятларига қизиқувчи йигирмага яқин тингловчи иштирок этди.

Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳамедова мамлакатимиз дипмиссияси кўмагида маҳорат мактабларини ўтиб бериш учун океан ортига етиб борди. У америкалик ёш хореографларга миллий рақс санъати нафислиги ва анъанавий турларининг ўзига хосликларини намойиш этди.

Таъкидлаш жоиз, Қизлархон Дўстмуҳамедова 1946 йил 25 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат санъат институтини тамомлаган. 1988 йилдан бери ўзи таҳсил олган олий таълим даргоҳида ўқитувчи бўлиб ишлаб келяпти. У “Муножот”, “Тановар”, “Интизор”, “Бухоро юлдузлари” каби миллий рақсларни АҚШ, Ливия, Франция, Германия, Тунис каби давлатларда маҳорат билан ижро этган. “Эл-юрт” ҳурмати ордени билан тақдирланган.

- АҚШга илк бор 1979 йилда Тошкент ва Сиэтл шаҳарлари ўртасидаги биродарлашув муносабатларининг бир йиллигини нишонлаш тантаналарида иштирок этиш учун келгандим, - дейди у. – Ўшанда “Муножот” рақсига ошуфта бўлиб, уни ўрганишни бошлаган америкалик Лаурель Грей билан танишиб қолганман.

Рақсларимиз маъно-мазмунини ўрганар экан, унда ўзбек халқи тарихи, маданияти ва санъатига ҳам катта қизиқиш уйғонган. Ўшандан буён биз ўзбек халқи миллий рақсларини Америкада илгари суриш бўйича мунтазам қўшма лойиҳаларни ташкил этиб келяпмиз.

АҚШда “Тановар” ва “Буюк ипак йўли” ансамбллари тузилди. Уларга бизнинг мумтоз санъатимиз жуда қизиқ. Шунинг учун ҳар доим келиб, ўргатишимни мендан сўрашади. Рақс орқали мамлакатимиз бой тарихи ҳақидаги билимларни берамиз, ўзбек халқининг кўп асрлик урф-одатларига ҳурмат кўрсатишади, маданий ўзига хосликларимизни англаб етишади.

Глобаллашувнинг ҳозирги даврида кўп нарсалар бир хил шаклга кириб боряпти, фарқлар йўқолмоқда, ҳамма нарса аралашиб кетаётир. Бугун одамлар ноёб ва ўзига хос нарсаларни излашяпти. Нафис санъатни ўрганишга бўлган чанқоқлик кучаймоқда. Шубҳасиз, ўзбек рақси ўзининг шарқона жозибаси, латофати билан ажралиб туради, қадимги анъаналарни ўзида сақлаб келади. Америкалик хотин-қизларни рақсимиздаги ҳар бир ўзбек аёлига хос бўлган ҳис-туйғулар ва самимият ўзига жалб этади.

Умуман олганда, АҚШда ўзбек санъатига бўлган қизиқиш ўсиб бораётгани мени хурсанд қилади. Улар бизнинг рақсларимизни ўрганишяпти, миллий либосларимизни кийишмоқда, ўз муассасаларида чиқишлар қилаётир, яъни ўзбек брендини илгари суришяпти. Моҳиятан, бу халқ дипломатиясидир. Биз кўҳна қадриятларимизни асраб-авайлашимиз ва бутун дунёда илгари суришимиз керак.

Ўзбекистонлик устоз раҳбарлигидаги уч кунлик тренинглар дастури жуда бой ва фойдали бўлганини ушбу лойиҳа иштирокчилари ҳам эътироф этишди.

Улардан бири, ўзининг хореографик истеъдоди ва рақсларга бўлган муҳаббати билан ажралиб турган Голливуд актрисаси Гвенифар Рейган Жеймс эди.

- Салом, менинг исм-шарифим Гвенифар Рейган Жеймс, - деди у. – 16 йилдан буён Silk Road Dance Companyʼда ишлаб келаман. Қизлархон Дўстмуҳамедовадан дарс олиш мен учун катта шарафдир. У рақсларни қандай назокат ва нафислик билан ижро этаётганини кузатар эканман, қувонч кўз ёшларини яшира олмадим. Қизлархон сизларнинг миллий бойлигингиз эканлигини биламан, шу билан бир қаторда у юрагим қироличасидир. Унинг мўъжизавий санъатини кўриб, ўзбек рақсларини севиб қолдим. Миллий рақсингиз мен ўз ҳаётим давомида кўрганлар ичида энг нозиги, гўзали ва нафосатлисидир. У менинг қалбим қаъридан қай даражада чуқур жой олганини сўз билан ифодалаб бера олмайман. Ушбу дастурда қатнашиш имкониятини беришгани учун миннатдорман. Катта раҳмат!

Ўзбек рақс санъати кўргазмали чиқиши учун концерт уюштирилди. Унда америкалик ижрочилар ўз маҳоратларини намойиш этишди. Кечада Вашингтондаги сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар доира вакиллари ҳам қатнашди.

Раққосалар ўз чиқишларида Қундуз Миркаримова, Рушана Султонова, Исахара Оқилова каби ўзбек мактабининг таниқли устозлари хореографияларидан фойдаланишди. Ранг-баранг миллий либосларда “Муножот”, “Мустаҳзод”, “Дилхирож”, “Самарқанд ушшоғи”, “Дарё тошқин” каби асарлар ижро этилди.

Қизлархон Дўстмуҳамедова томонидан “Тановар” ўзбек рақси ижроси тадбир кульминациясига айланди. Зеро, “Тановар” - олисдан етиб келган бетакрор рақс бўлиб, аёлларнинг фарғонача қувноқ ва ғамгин, жўшқин ва охиста, шўх ва мулойим йиғма ашулаларидан яратилган. Уларни ўзаро уйғунлаштириб турадиган ягона жиҳат – хушоҳанглик, ритмика, чуқур мазмун-моҳиятдир.

Дастур доирасида ўзбек халқ рақс санъати, шунингдек, юртимиз маданияти ва урф-одатларининг тарихий илдизлари ҳамда ўзига хосликлари бўйича маъруза дарслари ҳам ўтказилди. Улар амалий машғулотларни сифатли тўлдиришга хизмат қилди.

Яна бир эътиборли жиҳати, хореография элементларида ўзбек халқи ҳаёт тарзини акс эттиришга алоҳида аҳамият берилди. Ушбу тақдимотлар Ўзбекистон билан илк бор танишаётган ёш иштирокчилар учун, айниқса, жуда фойдали бўлди.

Америкада анъанавий рақсларимиз бўйича муаллим, Жорж Вашингтон номидаги Университет профессори Лаурель Грей ҳам ўзининг назарий билимлари ва амалий тажрибаси билан ўртоқлашди. Silk Road Dance Company раҳбари бўлган пайтларда у ўз ҳаётини Буюк ипак йўли мамлакатлари рақсларини ўзлаштиришга сарфлади. 1984 йилда  “Ўзбек рақс ва маданияти жамияти”, 1994 йилда эса йиллик “Марказий Осиё рақс оромгоҳи”ни таъсис этди. “Энг яхши хореография”(2003 йил) ва “Энг яхши миллий раққоса”(1999 йил) каби халқаро мукофотларга сазовор бўлган.

Америкалик олима Ўзбекистонга 14 маротаба ташриф буюрган. Давлат академик катта театри таклифига биноан юртимизда икки йил яшаган ва телевизион рақс дастурларида ўндан ортиқ чиқишлар қилган. 2018 йилда “Рақс сеҳри”, 1997 йилда “Шарқ тароналари”, 1993 йилда Ўзбекистон қўғирчоқ театри каби фестивалларда ҳакамлар хайъати аъзоси бўлган. АҚШдаги дипломатик ваколатхонамиз билан ҳамкорликда Л.Грей ўзбек халқи маданияти, санъати ва қадриятларини илгари суришга қаратилган турли тадбирларни мунтазам ташкил этиб келяпти.

- Марказий Осиё мамлакатлари рақсларини ўрганиш бўйича мазкур дастур ҳисоб бўйича ўн олтинчисидир, - деди у. – Бу гал тадбир ўзига хос жиҳати билан ажралиб турди. Биз ўз машғулотларимизни ўзбек заминида, лекин Ўзбекистонда эмас, балки Ўзбекистон Республикасининг Вашингтондаги Элчихонасида ўтказдик.

Миллий кўргазмавий белгилар, санъат буюмлари, миллий матолар, деворлардаги сўзаналар Америка пойтахтида ҳақиқий ўзбекона муҳитни пайдо қилди. Қачонки сиз рақс тушишни ўргансангиз, нафақат ҳаракатлар ёки алоҳида жиҳатларни ўзлаштирасиз, балки  ўша мамлакатга хос янги маданият, одамлар турмуш тарзи, қадриятларини ўзингиз учун кашф этасиз.

Жаҳон ҳамжамияти, айниқса, ғарб дунёси учун ўзбек рақси янги, аммо жуда қизиқарли ва жозибалидир. Биз АҚШнинг турли бурчакларидан диёрингиз санъатини ўзлаштиришга катта қизиқиш билан қараётган қизларни йиғдик.

Шахсан мен ўзбек миллий рақсини янада кенг ёйишни истайман. Ўзбекистонда яшаган йилларимда халқингиз менга катта меҳмондўстлик кўрсатган. Устозларим Қизлархон Дўстмуҳамедова, Қодир Мўминов, Вилоят Оқилова, Галия Измайлова менга ушбу ноёб санъат тури моҳияти ва ноёблигини тушунишимга ёрдам беришган.

Рақс санъати авлоддан авлодга ўтиши керак. Балки бошқа маданиятдаги ёш қизларга рақсингизни ўргатиш ноодатийдек кўринар. Лекин унинг гўзаллиги ва нафислиги олдида мен ҳам дош бера олмайман. Ушбу дастурни ташкил этишда менга кўмак берган барчага, айниқса, Элчихона жамоасига самимий миннатдорлик билдираман.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019