Ўзбекистон ва Қатар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссия тузади

14:47 17 Июль 2018 Сиёсат
181 0
Фото: ТИВ

17 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қатар давлати Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё ишлари бўйича департаменти бошлиғи Ҳалид Иброҳим ал-Ҳамар раҳбарлигидаги делегациясни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар тарқатди.

Қатарнинг етакчи вазирлик ва идоралари, иқтисодий тузилмалари раҳбарларидан иборат нуфузли делегацияси 16 июль куни мамлакатимизга келди ва Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг 2018 йил 2-4-июль кунлари Доҳа шаҳрига ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилмоқда.

Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Қатар кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссияни тузиш ва ишга тушириш, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи раундини ўтказишга розиликларини тасдиқладилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон раҳбарияти Қатар фуқаролари учун ҳам учинчи давлатга транзит орқали кетаётганда мамлакатимиз ҳудудида 5 кун визасиз бўлиш имконияти яратилгани Қатарда мамнуният билан қабул қилинди.

Қатар делегациясига 2018-йил 6-10 сентябр кунлари Шаҳрисабзда бўлиб ўтадиган биринчи халқаро мақом санъати форумига таклифнома тақдим этилди.

Учрашувда, шунингдек, айрим халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди. 2018-йил 27-март куни Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича халқаро конференциянинг барча иштирокчилари томонидан маъқулланган Тошкент декларацияси қоидаларини амалга оширишда Ўзбекистон-Қатар ҳамкорлигига ижобий баҳо берилди ва бу йўналишда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар