Қашқадарёдан чет элга чиқиб, бедарак кетган минг нафардан ортиқ фуқаролар тақдири учун ким жавобгар?

23:58 04 Октябр 2019 Жамият
850 0

Иллюстратив фото

2016 йилда Қарши туманидан бир коллеж ўқувчиси пул топиш учун Россияга чиқиб кетади. Унинг отаси ҳам, коллеж ўқитувчилари ҳам бу ҳолатни уч ой давомида хаспўшлаб, яшириб юришади. Касални яширсанг, иситмаси ошкор этар, деганларидек, тўртинчи ойда “биродар”лари билан “топишиб” олган ўғил отасига Суриядан телефон қилиб, шу ерда “худони таниганини”, “исломий давлат учун курашаётгани”ни маълум қилади. Устига-устак отасига уйини сотиб, пулини бу ердаги “раҳнамо”ларига жўнатишни буюради, акс ҳолда ёмон бўлишини айтиб, таҳдид ҳам қилади. Шундан кейингина ота бошини чангаллаганча, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан ёрдам сўраб, югуриб келади.

Яккабоғ туманидан Россиянинг Иркутск шаҳрига пул топиш мақсадида кетган йигит эса экстремистик оқим таъсирида аввал Туркияга, сўнг Сурияга ўтиб, террорчиларга қўшилади. Бунинг устига оиласининг 14 нафар аъзосини ҳам даъват қилиб, ўзи тушган уруш ўчоғига чақириб олади.

Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида бўлиб ўтган ижтимоий муҳитни янада соғломлаштириш, тинчлик ва барқарорликни сақлаш, виждон эркинлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда ушбу мавзу шу каби ўнлаб мисоллар асосида атрофлича таҳлил этилди.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг хабар қилишича, соҳа ходимлари иштирокида ўтган йиғилишда мамлакатимизда эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида барча имкониятлар яратилгани, бироқ, афсуски, айрим юртдошларимиз бу эркинликни суиистеъмол қилиб, уни ўзларича нотўғри талқин қилган ҳолда ёт оқимлар таъсирига берилаётгани, бундай ҳаракатлар эса энг улуғ неъматимиз бўлмиш осойишталигимизга таҳдид туғдириш билан бир қаторда муқаддас ислом дини билан боғлиқ қадриятларимизни софлигича сақлашга ҳам тўсқинлик қилаётгани таъкидланади.

Унда айтилганидек, бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида пул топиш ёки ўқиш мақсадида борган қашқадарёликларни учратиш мумкин. Улар Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, ҳатто Панама давлатида ҳам истиқомат қилаётган экан. Афсуски, айни пайтда чет элга чиқиб кетган минг нафардан ортиқ қашқадарёлик бир неча йилдирки, бедарак. Бунга аввало уларнинг яқинлари, маҳалла, таълим муассасаси, корхона ёки ташкилотдагиларнинг лоқайдлиги сабаб эмасми?

Айни пайтда биргина воҳанинг ўзида диний экстремистик оқимга мойил бўлган юзлаб шахслар бор. Мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, улуғ боболаримиз қолдирган бебаҳо диний ва маънавий меросни авайлаб-асраш борасида амалга оширилаётган ишларни дунё ҳамжамияти улкан баҳолаб турган бир пайтда улар бу улуғвор ўзгаришларни эътироф этишни асло исташмайди.Уларнинг атрофдагиларига, яқинларига кўрсатаётган салбий таъсирини қандай тўхтатиш мумкин?

Бугун деярли барча интернет билан боғланиш имкониятига эга. Аммо унинг мўъжизавий имкониятларидан ҳамма ҳам тўғри фойдалана олаяптими? Шунчаки қизиқиш билангина ижтимоий тармоқларда ёвуз ниятли кишилар жам бўлган гуруҳларга кириб қолаётганлар, аста-секинлик билан улар тарқатаётган иғво ва сафсаталарга берилиб қолаётганлар сафида ёшларимиз ва ўсмирларимизнинг кўплиги кўнгилни хира қилади. Сериаллардаги тасвирланаётган, миллийлигимизга ва ўзлигимизга бутунлай ёт бўлган ўзга халқнинг турмуш тарзи, юриш-туриши, кийиниши, диний маросимларига кўр-кўрона тақлид қилаётганлар қилмишини қандай баҳолаш керак?

Айни пайтда ўзларини тариқатчилар деб атаётган шундай тоифа кишилар борки, улар замонавий тиббий ёрдам, таълим имкониятларидан бўйин товлайдилар. Айтайлик, болаларини эмлатиш ёхуд мактаб ё олий ўқув юртига ўқишга юборишдан бош тортадилар. Жоҳилликлари шу даражага етганки, уйларида на телевизор, на радио, на китоб бор. Саккизинчи синфда ўқиётган боласини ўзлари пир деб сиғинадиган шахсларнинг хизматига бериб юборганлар бор. Вояга етмаган қизини ўшандай “пир”нинг никоҳига берганларни ким деб аташ керак? Бундай жоҳиллик қайси шариатда бор?

Ушбу саволларга йиғилиш давомидаги муҳокама ва мунозаралар асосида жавоб изланди. Ҳар бир маҳаллада, ташкилот, муассаса ё корхонада, жамоада бу борада мустаҳкам жамоатчилик назорати йўлга қўйилган бўлиши шарт, деди йиғилишда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Илҳомжон Арзиқулов. Шундагина динимиз софлигини, тинчлигимиз ва мустақиллигимиз барқарорлигини таъминлашга, пировардида юртимиз тараққиётига ҳисса қўша оламиз.

Аҳад Муҳаммадиев. /Халқ сўзи/


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019