Қашқадарёда тест синовлари ўтказишга қандай тайёргарлик кўрилди? (Фото)

18:43 31 Июль 2018 Жамият
502 0
Фото: "Халқ сўзи"

Тест синовларида бу йил шаффофлик ва адолатни таъминлаш учун пухта тайёргарлик кўрилди. Қарши олимпия захиралари спорт коллежининг енгил атлетика манежи ва спорт заллари ҳар бир абитуриент учун қулай бўлган бир кишилик махсус ўриндиқлар, ҳавони мўътадиллаштирувчи совиткичлар ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди.

— Эртага бошланадиган тест синовларига барча жойлар тайёр ҳолга келтирилди, — дейди Давлат тест маркази етакчи мутахассиси Аброр Мейлиев. — Бу ерга Қарши давлат университети, Қарши Муҳандислик иқтисодиёт институти ва ТАТУ Қарши филиалида ўқиш учун турли мутахассисликларга ҳужжат топширган абитуриентлар ҳар куни икки сменада имтиҳонларга киритилади. Кунига бир сменада 2220 нафардан 4440 нафар абитуриент тест синовларидан ўтади. 1 августдан 11 августгача давом этадиган тест синовларида жами 48 минг 900 нафардан ортиқ абитуриент ўз имкониятини синаб кўради.

Фото: "Халқ сўзи"

Имтиҳонларнинг очиқ ва шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида 84 та кузатув камераси ўрнатилди. Шунингдек, 356 нафар малакали олий таълим ва халқ таълими ходимларидан иборат назоратчиларга семинарлар ташкил этилиб, малака сертификатлари берилди. Бундан ташқари, ота-оналар тест синовларини кузатиб боришларига қулайлик яратиш учун Қарши ахборот технологиялари коллежида йирик ҳажмдаги монитор ташкил этилди. Бу ерга кела олмаган ота-оналар ва абитуриентларнинг бошқа қариндошлари ва дўстлари Қашқадарё телевидениеси ёки интернет сайти орқали ушбу жараённи тўлиқ кузатиб боришлари мумкин. Абитуриентларга омад тилаб қоламиз.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар