Қашқадарёда “Қорабайир отчилик мажмуаси” очилди

18:43 19 Май 2018 Жамият
614 0

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида яқинда қуриб битказилган “Қорабайир отчилик мажмуаси” тантанали равишда очилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси вакиллари, вилоят ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, хорижий меҳмонлар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.   

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 24 февралида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида миллий ифтихоримиз саналган қорабайир отлари ва ҳар бир ўзбек ўғлонининг қонига сингиб кетган туғма чавандозлик хусусияти ҳақида алоҳида тўхталган эдилар. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 июндаги “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ижроси доирасида Юртбошимизнинг ташаббуси ва таклифига кўра бунёд этилган мажмуа мамлакатимизда йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга бўлган алоҳида эътибор намунаси бўлди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, қорабайир зотли отлар устидаги дастлабки селекция ишлари бундан уч ярим минг йил аввал қадимги Фарғона водийси ва Жиззах воҳасида бир пайтнинг ўзида олиб борилган. Кўҳна Хитой ёзма манбалари ва мамлакатимизнинг турли мавзеларидан топиб ўрганилган қоятош суратлари – петроглифлар қорабайир зотининг ёши уч минг йилдан зиёд эканлигини кўрсатди.

Ўрта асрлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Жалолиддин Мангуберди, соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби аждодларимиз қорабайир отлари билан улкан муҳорабаларда зафар қучганлиги ҳақида кўплаб далиллар бор.

“Қорабайир отчилик мажмуаси” давлат унитар корхонасининг ташкил этилиши ва бу ерда наслдор спорт отлари тизимли равишда етиштирилиши келажакда юртимиз от спортининг ҳамда от билан боғлиқ миллий ўйинларимизнинг жаҳонга чиқишида асосий таянч бўлади. Бошқача айтганда, яқин келажакда ушбу корхона ташқи ва ички бозорни наслли отлар билан таъминлаш билан бирга ўзбек от спортининг жаҳонда етакчи ўринга чиқишида пойдевор вазифасини ўтайди.

Шўртан газ кимё мажмуаси мухандис техник назоратчиси Фарход Бердиқуловнинг таъкидлашича, қарийб 6 ойда қуриб битказилган замонавий мажмуада 34 миллиард сўмлик қурилиш бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Унда муҳташам ёпиқ манеж, саёҳатчилар ва шартнома асосида от олиб кетишга келадиган меҳмонлар учун 8 ўринли меҳмонхона, 80 ўринли ресторан, шунингдек, чавандозларни ўқитишга мўлжалланган ўқув хоналари, машғулот ўтиш заллари мавжуд.  200 отга мўлжалланган ушбу мажмуа ўз номи билан Қорабайр зотли отларни кўпайтириш, тайёрлаш ва реализация қилишга мўлжалланган. Етиштирилган отларни спортга тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган. 4 та блокдан иборат отхоналарда 1 ёшгача, уч ёшгача ва ундан катта ёшдаги отлар алоҳида ўргатилади. Бундан ташқари, отларни сувда ва қумда механик юргизадиган манежлар барпо этилган бўлиб, уларда  6 тадан отни махсус айлантирувчи механизмлар ёрдамида бир хил тезликда айлантириш машғулотлари олиб борилади. 

Мажмуага ҳозир республикамиздаги Қорабайр отлардан 50 бош олиб келинди. Улардан насл олиниб, сонини 200 тага етказиш режалаштирилган. Мажмуада от ўргатувчилар, ветеринарлар, отларни парвариш қиладиган отбоқарлар, шунингдек, далада хизмат қиладиган агроном техник ходимлар меҳнат қиладилар.  

Мажмуанинг умумий ер майдони 1204,6 гектар бўлиб, шундан 10 гектари қурилиш майдонини, 200 гектари озуқа экинлари етиштириладиган сувли майдонларни, қолгани туғиш ёшидаги отларни боқишга мўлжалланган яйлов ерларини ташкил этади.
Мажмуанинг очилишига бағишланган тадбирда от спорти мусобақалари, кўргазмали чиқишлар ҳамда кенг дастурдаги концерт намойиш этилди. 
А. Муҳаммадиев, 
“Халқ сўзи” мухбири.

Суратлар муаллифи: Ҳасан Пайдоев /“Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар