Қашқадарёда ижтимоий соҳа объектларини капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун қўшимча маблағ зарур

17:40 03 Июнь 2019 Жамият
294 0

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ жорий йилнинг 29-30 май кунлари Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, у ерда қатор тадбирлар ўтказди. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан, ҳудудий инвестиция дастури ва 2019 йил давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг жойлардаги ижросини ўрганиш мақсадида жамоатчилик мониторинги ва фуқаролар билан мулоқотлар амалга оширилди.

Жамоатчилик мониторинги давомида Қашқадарё вилоятининг Касби ва Нишон туманларида ижтимоий соҳа объектларида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди. Ишчи гуруҳ томонидан асосан мазкур ҳудудлардаги сув таъминоти тармоқлари, ички йўллар, мактабгача таълим, умумий ўрта таълим муассасаларини қуриш ва таъмирлаш бўйича ишларнинг ўз вақтида, самарали йўлга қўйилганлиги ўрганилди.

Жумладан, Нишон туманида 2019 йил инвестиция дастурига мувофиқ “Нишон-1” насос станциясини капитал таъмирлаш ишлари ҳамда “Нишон-2” насос станциясигача бўлган 5,5 км узунликдаги масофага сув қувурлари тармоқларининг ётқизилиши ўрганилди. Ишлар жадал ташкил этилиб, айни пайтда умумий иш ҳажмининг 71 фоизи бажарилган.

Бундан ташқари, Нишон тумани мактабгача таълим бўлимига қарашли Мактабгача таълим муассасалари 2018—2019 йилларда капитал реконструкция қилиниб, топширилган мактабгача таълим муассасаларида жиҳозлаш бўйича етарли маблағлар ажратилмаганлиги учун тумандаги мактабгача ёшдаги болалар қамровига салбий таъсир қилмоқда. Хусусан, “Обод қишлоқ” дастури асосида 2018 йилда капитал реконструкция қилинган “Пахтакор” МФЙ ҳудудидаги 1-сонли 240 ўринли МТМ 1830,0 млн сўмга, “Пахтакор” МФЙ ҳудудидаги 16-сонли 140 ўринли МТМ 761,0 млн сўмга, “Байналминал” МФЙ ҳудудидаги 2-сонли 140 ўринли МТМ 1007,0 млн сўмга таъмирланганлиги, аммо биноларни жиҳозлаш учун эса маблағ ажратилмаганлиги маълум бўлди. Натижада, ушбу объектларда овқат пишириш учун электр плиталар, ошхона жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун омбор музлаткичлари мавжуд эмас.

2019 йилда инвестиция дастурига асосан тумандаги “Наврўз” МФЙ даги 3-сонли 150 ўринли МТМ учун 2616,7 млн сўм, “Каптарли” МФЙ даги 5-сонли 150 ўринли МТМ учун 2763,6 млн сўм, “А.Қодирий” МФЙдаги 7-сонли 150 ўринли МТМ учун 2806,7 млн сўм, “Самарқанд” МФЙ даги 8-сонли 150 ўринли МТМ учун 2555,4 млн сўм капитал реконструкция учун маблағлар ажратилиб, таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда, бироқ ушбу муассасаларда ҳам мебель ва жиҳозлаш учун маблағлар етарли даражада ажратилмаган.

Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан тумандаги “Нишон” ҚФЙда аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида 1,2 км масофадаги ички йўл таъмирлаш ишлари ўрганилди. Бугунги кунда 0,4 км масофада ишлар битказилган бўлиб, объект жорий йил фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.

Жамоатчилик мониторинги тадбирлари Касби туманида ҳам ўтказилиб, 42- ва 13-сонли умумий таълим мактабларида ҳамда 24- ва 14-сонли МТМларида олиб борилаётган капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари ўрганилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари “Тинчлик” МФЙда бунёд этилаётган 24 хонадонли уй қурилиши ҳамда “Фазли” МФЙдаги сув сақлаш иншооти реконструкцияси ишларининг бориши билан танишдилар. Бугунги кунда иншоот биноларини таъмирлаш, резервуарларни тозалаш ва унинг атрофини ўраш, 3 та янги насос ускуналарини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бироқ, иншоотга сув олиб келиш масаласи ҳануз очиқ қолмоқда. Сабаби, лойиҳа смета ҳужжатларида ССИга 1,95 км масофадан қувурлар орқали сув олиб келиш ишлари кўрсатилмаган ва табиийки маблағ ҳам ажратилмаган. Мутахассисларнинг фикрича, реконструкция ишлари тугаллансада, иншоот бу йил ишга тушмайди. Натижада ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи 5 мингга яқин маҳаллий аҳолининг тоза ичимлик суви бўйича муаммоси ҳал этилмай қолиши мумкин.

Ташриф давомида, шунингдек, жорий йилнинг 30 май куни вилоят ҳокимияти биносида депутатлар, ННТлар ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Уларнинг соҳа ривожига қаратилган фикр ва таклифлари, ҳамкорликда амалга ошириш мумкин бўлган ташаббуслар муҳокама қилинди.

Шунингдек, ҳаракат вакиллари томонидан ННТлар учун маҳаллий ва халқаро ташкилотлар томонидан тақдим этилаётган грант маблағлари ва бошқа имкониятлар ҳақида тақдимот ўтказилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019