Қашқадарёда ишга тушириладиган қўшма корхона муҳим саноат хом ашёсини чиқиндига ташлаб юборилишини олдини олади

18:44 22 Январь 2020 Иқтисодиёт
246 0

“Xalq soʻzi ONLINE”. Аҳад Муҳаммадиев/Қашқадарё. Деҳқонобод туманида Россиянинг “Freyol – Unity” корхонаси билан ҳамкорликда жунни қайта ишлаш ва қадоқлаш заводи қуриладиган бўлди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Деҳқонобод тумани ҳокимлиги билан россиялик ҳамкорлар ўртасида Деҳқонободда жунни қайта ишлайдиган корхона барпо этиш борасида келишувга эришилган. Бу ҳақда “Freyol — Unity” МЧЖ вакиллари, Бухоро, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг чорвачилик йўналиши мутахассислари, чорвачиликка ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари илмий ходимлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Деҳқонободда ўтказилган семинар ва давра суҳбатида айтиб ўтилган.

Қурилажак завод учун туманнинг Бешбулоқ маҳалласи ҳудудидан жой ажратилиб, лойиҳалаштириш ишлари якунига етказилмоқда. Йил охирига қадар ишга туширилиши мўлжалланаётган корхонада 80 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

“Freyol – Unity” МЧЖ вакили Рашид Исгиловнинг таъкидлашича ушбу корхона жун маҳсулотларини қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулот олиш бўйича узоқ йиллик тажрибага эга. Қашқадарёда қўйлардан олинадиган жун хом ашёси эса ўзининг сифати билан ажралиб туради. Шу боис уни қайта ишлаш борасидаги келишув икки тараф учун ҳам манфаатлидир.

Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, бугунги кунда республикамизда боқиладиган 20 миллиондан ортиқ қўй ва эчкилардан қирқим даврида ҳар биридан 2-3 килограммгача жун олинади. Уни қайта ишлаш эса чорвачилик соҳасида ниҳоятда катта иқтисодий самара келтиради. Ҳозир эса жун хомашёси ҳунармандларнинг саноқлигина вакиллари томонидан йигирилиб, гилам ёки бошқа рўзғор буюмлари тўқишда фойдаланилмоқда. Қолган қисми муҳим саноат хом ашёси ҳисобланса-да, чиқиндига ташланяпти. Вилоятда ҳозиргача жунни қайта ишлайдиган бирорта ҳам корхона ишга тушмаган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019