Қашқадарёда ҳам коронавирус карантинидан қочмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди

20:34 21 Март 2020 Жамият
190 0

Фото: www.google.com

20 март куни Россиянинг Москва шаҳридан “Москва—Тошкент” поезди орқали Ўзбекистонга кириб келган 1995 йилда туғилган наманганлик М.А. эпидемик вазиятга кўра, ўрнатилган тартибда, Қашқадарё вилоятида ташкил этилган карантин марказига жойлаштирилган.

Ушбу фуқаро 21 март куни соат 15:30 да белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмасдан, карантин маркази деворидан ошиб ўтиб, қочишга ҳаракат қилган вақтда карантин ҳудуди бўйлаб хизмат олиб бораётган Миллий гвардия ходими томонидан қўлга олинган.

“Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатиш чоралари кўрилмоқда”, — дейилади Миллий гвардия хабарида.

Аввалроқ Россиядан қайтгач, Самарқанд вилоятида карантинга жойлаштирилган паркентлик фуқаро карантин жойидан қочиб кетгач, Паркент туманидаги уйида ушлангани, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Маълумот учун, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилади. Жумладан, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса 11,1 миллион сўмдан 22,3 миллион сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019