Қашқадарёда 10 июлдан футбол бўйича «Вилоят ҳокими кубоги» баҳсларига старт берилади

18:39 11 Июнь 2020 Спорт
382 0

Куни кеча Қашқадарё вилояти ҳокими раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда вилоятда футболни янада оммалаштириш масаласи кун тартибидаги муҳим масала сифатида муҳокама этилди, деб хабар берди Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати. Унда воҳада истеъдодли ёшларни ажратиб олиш механизми, селекция жараёнларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Мазкур тизим футболнинг таянчи эканлиги инобатга олган ҳолда, Давлат раҳбарининг 2019 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармонига мувофиқ, амалий ишлар қай даражада йўлга қўйилганлиги ўрганилди.
 

Футбол клубларини хусусий секторга бериш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқларда ва маҳаллаларда, спорт таълим муассасаларида мусобақалар уюштирилиши, ҳар бир туман (шаҳар)лардан вилоят иккинчи лигасида (ўша ҳудуддан танлаб олинган ёшлар орасидан) тўп сурувчи жамоалар шакллантирилиши белгилаб берилди.

Шунингдек, пандемия сабабли вақтинча тўхтаб турган футбол мусобақалари «Спорт мактаблари футбол лигаси» ва «Профессионал футбол мактаблари лигаси»ни карантин давридан сўнг ўз вақтида молиялаштириш мазкур мусобақаларни юқори савияда ўтказилиши учун стадион, спорт анжомлари, спорт кийимлари ҳамда автобуслар билан ўз вақтида таъминланишини назорат қилиш топшириғи берилди.

Қолаверса, видеоселектор давомида туман (шаҳар) ҳокимликлари марказий аппарати ходимларидан иборат футбол жамоаларини ташкил этиш ва футзал бўйича «Вилоят ҳокими кубоги»ни, корхона ва ташкилот, муассасалар ва меҳнат жамоалари ўртасида «Шаҳар, туман ҳокими кубоги» турнирларини карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда йўлга қўйилиши белгиланди. Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, мусобақаларнинг календарь режаларини тузиш, турнирларни юқори савияда ўтказиш бўйича ташкилий ишлар бошлаб юборилган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтмоқчимиз, жорий йилнинг 10 июль куни «Вилоят ҳокими кубоги» мусобақасига старт берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?