Қашқадарё вилоятидаги 26400 гектар пахта майдонида ўргамчаккана тарқалиши мумкин

18:58 31 Июль 2018 Иқтисодиёт
721 0
Иллюстратив фото

БМТ маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ҳар йили ҳосилнинг 30 фоизи, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ахборотига қараганда, 34,9 фоизи айнан зараркунандалар ҳамда турли касалликлар сабаб қўлдан бой берилмоқда. Содда қилиб айтганда, бу ҳовлига экилган картошканинг ҳар ўнидан салкам 4 килограммини қурт ейди, деганидир.

“Ёмон қовуннинг уруғи кўп бўлади” деганларидек, тамаки трипси бир мавсумда 10 марта, ўсимлик битлари ҳамда ўргимчаккана 16-20 авлод беради. Илдиз қурти ўртача 500-600 дона, кўпи билан 2000 тагача тухум қўяди, кўсак қурти эса ўсимлик турига қараб 500 дан 3000 тагача тухум қўяди. Кузда ҳар бир тухумдан 1-1,5 миллионтагача зараркунанда кўпайиши мумкин.

Кўзга кўринмас “душманлар” ортидан йўқотилаётган ҳосилни пулга чақиб кўрганмисиз? Бу оз-эмас, кўп эмас 75 млрд. АҚШ долларига тенг. Мана сизга ёмон қовун-у, ҳосил кушандаси бўлган зараркунанда. Бежиз бу фактларни келтирмадик. Чунки мана шундай зараркунандаларнинг борлиги сабаб эккан-тикканларимиздан мўл ҳосил ололмай қолишимиз ҳеч гап эмас.

Юртимиз деҳқонлари учун эълон қилинган “Ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги”нинг аҳамиятини, ғоятда зарур эканлигини юқорида келтирилган рақамларда ҳам акс этиб турибди. Нега деганда, айнан 5 июлдан 5 сентябрга қадар ҳаво ҳарорати сезиларли равишда кўтарилиши натижасида зараркунандалар фаоллашади, ҳосилни нобуд қилиш даражаси юқори бўлади.

Хўш, зараркунандаларга қарши қандай курашяпмиз?

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази маълумотларига кўра, ҳудудларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари, ирригаторлар, фермерлар, тегишли идора вакиллари иштирокида ўтказилаётган семинарлар муҳим ўрин тутмоқда.

Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Чим ҳудудидаги “Бозор ўғли Абди” фермер хўжалигида вегетация даври энг қизғин паллага кирганда ҳосилни асраб қолиш, меҳнат, билим ҳамда изланиш билан унинг миқдорини оширишга ҳаракат қилинмоқда. Бунда қишлоқ хўжалиги мутахассислари, вилоят ҳокимлиги, прокуратура ҳамда ички ишлар бошқармаси вакилларидан иборат бир гуруҳ фаоллар семинар ташкил қилиш орқали фермерларга зарур тавсиялар ва кўрсатмалар бераётгани айни муддао бўлмоқда.

“Зараркунандалардан ўсимликларни ҳимоя қилиш энг муҳим тадбирлардан биридир. Бу борада махсус ишчи комиссияси ташкил этилган. Зараркунандаларга қарши ўз вақтида тадбирларни олиб бориш ишчи гуруҳларнинг асосий вазифасидир. Олимлар, тажрибали деҳқонларни таклиф этиб жойларда семинарлар ўтказиляпти”, — дейди Бош прокуратура бошқарма прокурори Азиз Ваҳобов.

Семинарлар шунчаки ўтказилаётгани йўқ. Уларда соҳа мутахассислари зараркунандаларга қарши курашадиган янги воситалар билан таништиряпти, дори воситаларидан тўғри фойдаланиш бўйича билимларини мустаҳкамлашга кўмак беришмоқда.

“Айни пайтда пахта далалари зараркунандалар хавф солиши бўйича тўла ўрганиб чиқилди. Бугунги кунда ғўзанинг ашаддий зараркунандаларидан ҳисобланган ўргамчаккана вилоятимизда 26400 гектар майдонда тарқалиши мумкинлиги аниқланди. Бунга қарши керакли чоралар кўрилмоқда. Кимёвий воситалар захираси ҳам яратилган. Айни пайтда 19900 гектар майдонда ана шундай зараркунандага қарши кимёвий ишлар амалга оширилди”, — дейди вилоят “Агрокимёҳимоя” ҳудудий АЖ директори ўринбосари Исматулла Холмахматов.

“Ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги” кенг дала майдонларида етиштирилаётган ҳосилга барака индириш, уларни зараркунандалардан ҳимоялаш, нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш каби эзгу мақсад мужассам. Буларнинг барчаси халқмиз фаровонлиги, юртимиз тараққиёти учун ғоятда муҳим.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар