Қашқадарё вилоят ҳокими "Российская газета" орқали россиялик ишбилармонларни ҳамкорликка чақирди

14:20 09 Сентябр 2019 Жамият
110 0

Жорий йилда Қашқадарёда хорижий ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 62,5 миллион долларга тенг 19 та йирик қўшма инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, туман ва шаҳар ҳокимликлари вакиллари яна 95 та мустақил инвестиция лойҳасини ҳаётга татбиқ этиш устида иш олиб боришар экан, уларнинг умумий ҳажми 285,6 миллион долларни ташкил қилади. Шундан 240 миллион доллар - 20 дан ортиқ мамлакатнинг хорижий қўйилмаларидир.

Ушбу маълумотлар вилоят ҳокими Зафар Рўзиевнинг "Российская газета"да чоп этилган мақоласида келтирилмоқда. "Саноат гигантларидан тортиб иссиқхоналаргача" деб номланган бу мақола Россия Федерацияси ҳукумати расмий босма органи ҳисобланган мазкур нашрнинг шу йил 29 августдаги махсус сонида эълон қилинган. Унда Қашқадарёда иқтисодиёт соҳасида рўй бераётган улкан ўзгаришлар ҳақида батафсил сўз юритилиб, хусусан, вилоятимизда табиий газдан синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Oltin yo'l GTL" заводи қурилиши якунига етказилаётгани ва бугунги кунда бу саноат гигантининг тайёргарлик даражаси қарийб 80 фоизга тенглиги эътироф этилмоқда.

- Бу корхона нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё миқёсида ноёб саналади, - деб ёзади Зафар Рўзиев ўз мақоласида. - Жаҳонда атиги бир нечта бундай корхона бор - Жанубий Африка Республикасида, Малайзияда ва Қатарда. Яқинда бу мамлакатлар сафига Ўзбекистон ҳам қўшилади. Келажакда янги заводда замонавий экологик стандартларга жавоб берадиган 1,5 миллион тоннага яқин дизель ёнилғиси ва авиакеросин ҳамда нафта ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади... Ушбу мега-лойиҳанинг ишга туширилиши яна бир йирик газни қайта ишлаш корхонаси - Шўртан газ-кимё мажмуасининг ҳам ишлаб чиқариш қувватини ошириш имконини беради.

"Российская газета" муштарийларини Қашқадарёнинг иқтисодий салоҳияти билан батафсил таништириш мақсадида вилоят ҳокими ўз шарҳида воҳамизда етакчи ҳисобланган бошқа тармоқлар ривожига доир ҳам кўплаб мисоллар  келтирмоқда. Жумладан, мақолада вилоятимизда пахта-тўқимачилик кластери иш бошлагани, шунингдек, Марказий Осиёдаги энг йирик фабрикалардан бири, ип-калава ишлаб чиқариш  қуввати йилига 22 минг тоннага тенг "LT Textile International" корхонаси яна бир истиқболли лойиҳани рўёбга чиқараётгани, ҳудудда инновацион технологияларга асосланган замонавий иссиқхона комплекслари кўпаяётгани, анъанавий чорвачилик тараққий этиши баробарида туя, қуён, курка, туяқуш боқишга ихтисослашган фермалар ҳам ортиб бораётгани, қорабайир зотли отлар парваришланаётгани ҳақида кўплаб муҳим ва қизиқарли фактлар баён этилган.

Мақола муаллифи Қашқадарёда россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган корхоналар фаолиятига ҳам тўхталар экан, мисол тариқасида "Автотракторрадиатор" Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси воҳамизда ўн йилдан буён муваффақиятли бизнес юритаётгани ва кейинги икки йилда вилоятда Россия капитали иштирокида қўшма ва хорижий корхоналар ташкил этилиши фаоллашганини билдирмоқда. Ўтган йилнинг октябрь ойида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга қилган расмий ташрифи доирасида ўтказилган Ўзбекистон ва Россия I минтақалараро ҳамкорлик форумида вилоятимиз ҳудудида умумий қиймати 8,5 миллион долларга тенг 4 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳақида келишиб олинган. Мазкур форум доирасида россиялик бир қатор ишбилармонлар Қашқадарёга ташриф буюриб, воҳамизда корхона ташкил этиш ниятини билдиришган. Хусусан, "Кайлас" компанияси келгусида Қарши шаҳрида битум ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда, "Русуз" компанияси эса Нишон туманида идиш-товоқ ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқчи.

Мақола якунида вилоят ҳокими россиялик бошқа тадбиркорлар ва компанияларга ҳам ҳамкорлик таклиф қилиб, янги қўшма корхоналар икки мамлакат учун янги имкониятлар очишини ва, энг муҳими, дўстона муносабатларимизнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019