Қарийб 5 ой фаолият юритмасдан, ходимларга ойлик тўлаб келган — «Ангрен шакар» корхонасидаги ҳолат юзасидан ахборот берилди

14:10 28 Октябр 2020 Жамият
331 0

Ижтимоий тармоқларда «Ангрен шакар» масъулияти чекланган жамияти томонидан оммавий равишда ходимларни ишдан бўшатилаётганлиги билан боғлиқ маълумотлар тарқалди. Мазкур ҳолат вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ва ОАВ вакиллари билан биргаликда жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

"Корхона иш фаолиятининг тўхтатганлиги алоҳида ёндашувни талаб қиладиган, боз устига, масаланинг моҳиятида бозор иқтисодиёти тамойиллари, талаб ва таклиф қонуни турганини инобатга олиб, айни пайтда муаммонинг бу жиҳатига тўхталмаймиз. Биз бу ўринда, корхона фаолият олиб бормаган даврда унда меҳнат қилаётган 600 нафардан зиёд ишчи-ходимлар тақдири ҳақида сўз юритамиз.

Мазкур корхона қарийб 5 ойдан буён фаолият кўрсатмасдан келмоқда. Лекин шунга қарамасдан, шу вақтга қадар ишчи-ходимларга ойлик маош тўлаб келинган. Айримлари эса ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилган.

Ҳозирги вақтга келиб, корхона томонидан ўзаро келишув асосида, яъни келгусида корхона иш фаолиятини тиклагач, қайта ишга олиш шарти билан ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинмоқда. Айни дамда 150 дан ортиқ ишчи-ходим ишдан бўшатилган, уларнинг барчасига компенсация пуллари тўлаб берилган. Ишдан бўшатишлар, ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътиллари яна давом этиши мумкин.

Айни пайтда Оҳангарон шаҳар ва туман ҳокимлиги вақтинча ишсиз қолган фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича дастлабки режаларни муҳокама қилиб, таклифлар тайёрламоқда. Бунда, асосан, саноат ва ишлаб чиқаришда маълум тажрибага эга бўлган ишчиларни ўз соҳасига яқин бўлган ишлаб чиқариш объектларига ишга жойлаштириш назарда тутилмоқда.

Бугун Оҳангарон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Миршоҳид Мирюнусов, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4-сектор раҳбари Анвар Мўминов мазкур корхонада бўлиб, ишчилар ва раҳбарлар билан суҳбатлашди.

Корхонадан бўшатилган ишчи-ходимларга 15 кун муддатда янги иш ўринлари таклиф этиш бўйича хулоса тайёрланаётгани ҳақида ахборот берилди", дейилади муносабатда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?