Қамоқдан чиққанига 6 ой бўлган Фаёзиддин ҳалигача ишга жойлашолмади. Нега?!

10:37 17 Январь 2019 Жамият
397 0

Муаллиф олган сурат.

16 январь куни Марҳамат туманидаги Алитепа маҳалласида жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича Андижон вилояти судлари раислари томонидан сайёр қабул ўтказилди. Унда ўттиз нафарга яқин фуқаронинг ечими топилмаётган муаммолари тингланиб, уларни қонуний тартибда ҳал қилиш бўйича амалий ёрдам ҳамда маслаҳатлар берилди.

Бобохуросон маҳалласида яшовчи Музаффар Шойижонов Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳридаги Қирғиз — Ўзбек давлат университетининг кимё-биология йўналишини тамомлаган. Унинг айтишича, айрим сабабларга кўра, акаси ички ишлар бўлимининг қидирув бўлимида рўйхатда туради. Шу туфайли йигирма бир йилдан буён ишсиз. Ҳеч қаерга ишга олинмаяпти.

— Бир неча тегишли жойларга мурожаат қилганман, — дейди қабул давомида М. Шойижонов. — Афсуски, ҳеч қандай натижа йўқ. Тўғриси, ўтган йили туман ҳокимлиги томонидан менга Полвонтош шаҳарчасидаги мактабга ишга жойлашишим учун йўлланма беришганда қувонгандим. Бироқ халқ таълими бўлимидагилар "Комиссия келиб қолса, нима деймиз?" дея рад этишганидан кейин "тарвузим қўлтиғимдан тушди". Ахир мен ҳам бошқалар қатори ишлашни, шу юрт ривожи учун ҳисса қўшишни истайман.

Мурожаатни ўрганган жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Воҳиджон Назаровнинг маълум қилишича, туман прокурори мурожаатчи ўзи яшаётган ҳудуддаги мактабга ишга жойлаштирилишини билдирган.

— Ёшлик қилиб катта ҳатога йўл қўйганман, — дейди Фаёзиддин Умрзоқов. — "Жиноят жазосиз қолмайди" деганларидек, умримнинг 10 йилини, яъни олтин даврини қамоқда ўтказдим. Ўтган йилнинг июнь ойларида озодликка чиқдим. Мана, олти ойдирки, ишсизман. Икки маротаба бандликка кўмаклашиш марказига бордим. "Иш чиқса, айтамиз", дейишди. Шунча кутдим, бўлмади. Ҳаётимнинг қолган қисмини ҳам залолатда ўтказиш ниятим йўқ. Ишламоқчи, тўғри йўлга қайтмоқчиман. Ҳайдовчилик гувоҳномам бор, ҳеч бўлмаса, ҳайдовчи бўлиб ишга жойлашсам ҳам майли эди.

Сайёр қабулда фуқаро Умрзоқовнинг мурожаати тегишли ташкилотлар билан бирга ўрганилиб, натижаси қисқа муддатда маълум қилиниши тушунтирилди.

Эътироф этиш жоизки, бундай сайёр қабуллар мутасадди шахсларнинг халқ ичига янада чуқурроқ кириб бориб, одамлар муаммоларини ҳал этиш, давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Умиджон Мамарасулов.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019