Қаллибек Камалов: “Ўзбек мўъжизаси” — орзу эмас, воқелик”

18:20 26 Февраль 2019 Жамият
227 0

Фото: «Халқ сўзи»

Бернард Шоунинг фикрича, кекса ёшдаги ҳаёт тажрибаси билан ёшлик ғайратини мужассамлаштиришдан ўзга тўғри йўл йўқ. Бугунги ­суҳбатдошимиз Қаллибек Камалов ҳам шу ҳақиқатни ҳаёт фалсафаси, деб ­ҳисоблайди.

Айни пайтда у киши тўқсон ёшдан ошган. ­Чорак аср давомида Қорақалпоғистон Республикасига раҳбарлик қилган, бир қатор масъул вазифаларда ишлаган. “Пахта иши” деган бало уни ҳам четлаб ўтмади. Шунчалик сермазмун ҳаёт йўли ва улкан ­тажрибага эга бўлмасин, ҳамон ёшлардек ғайрат-­шижоатга тўла. Кучни эса, ўзи ­айтганидек, атрофда юз бераётган ўзгаришлардан оляпти. Ислоҳотлар ­жараёнини кузатиб, ҳеч бир муҳим воқеани ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилади.

— Биласизми, вақт деган тушунчанинг ўзи ўзгариб ­боряпти, — дейди Қ. Камолов. — Буни мамлакатимиз мисолида яққол кўриш мумкин. Кейинги икки йил давомида Ўзбекистон босиб ўтган йўл бир неча ўн йилликка татийди. Зеро, мамлакат ва жамият ривожининг асослари шаклланди. Қўшни республикалар билан дўстона алоқаларимиз яна тикланди. Россия, Америка Қўшма Штатлари, Хитой, Германия, Франция, Ҳиндистон каби жаҳондаги йирик давлатлар ҳам биз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. ­Шунингдек, фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш ­механизми яратилди.

Бу ислоҳотлар Президент ­Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ­амалга оширилмоқда. Мен ­турли давр­ларда яшадим, иш­ладим. Ўшанда Усмон ­Юсупов, ­Шароф Рашидов сингари таниқли шахслар фаолият юритган. Лекин Ўзбекистоннинг янги тарихида, шу қадар қисқа муддатда бутун дунё тан олган ва халқ ишонадиган етакчи бўлган эмас. Виртуал қабулхона ҳамда Халқ қабулхоналари орқали аҳолининг дарду ташвишидан хабардор бўлиб, у билан маслаҳатлашадиган, фуқаролар фикрига қулоқ тутадиган раҳбар ҳам учрамаган. Мен 18 та давлатга борганман, аммо халқ­нинг бунчалик қўллаб-қувватлаши, одамлар билан очиқ ва самимий мулоқотни ҳеч қаерда кўрмаганман. Кўпчилик шундай фикр­да. Масалан, 40 та давлат ва АҚШнинг ҳамма ­штатларида бўлган Ўзбекистон халқ артисти Изро ­Малаков ҳам менга ўхшаш фикр бил­дирди.

— Бугунги кунда ҳаёт қанчалик тез ўзгараётганини кўриш, таққослаш учун узоқ жойларга боришга ҳожат ­қолмади. Қорақалпоғистонда ҳам ишлар қизигандан қизиб кетди, Мўйноқ эса бу ишларнинг марказида.

— Дарҳақиқат, ҳозир Оролбўйи ҳудуди бутун дунё ҳамжамиятининг эътиборида, десам, хато қилмайман. Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги нутқи, ундаги Орол фожиасини бир ёқадан бош чиқариб ҳал этишга қилинган даъват улкан бунёдкорлик ишларига туртки берди. Бу ғояни барча бирдек мамнуният билан қабул қилди ва қўллаб-қувватлади. Айнан мана шу ҳолат эса сўзлардан амалий ишга ўтишдек узоқ кутилган воқеа бўлди.

Қабул қилинган қарорлар Мўйноқ учун нажотбахш йўл бўлди. Ахир ўз вақтида бу ердан ҳамма кўчиб ­кетишни бошлаган, бор-йўғи, 13-14 минг аҳоли қолган эди. Ҳозир эса 

30 мингга яқин кишилар яшаяпти. Бу ерда аэропорт, стадион, спорт мажмуаси, амфитеатр ва бошқа иншоотлар пайдо бўлмоқда, инфратузилма қайта тикланиб, тадбиркорлик ривожланяпти, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги ҳам ортмоқда. Одамларнинг ўзида маиший турмушни яхшилаш, жонажон ўлканинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшиш истаги кучайди. Бунда эса денгизнинг қуриган тубини кўкаламзорлаштириш мақсадида ўтказилаётган ҳашарга бошқа вилоятлардан келган юртдошларимиз ҳам ёрдам беришяпти. Ушбу хайрли саъй-ҳаракатларни табиатнинг ўзи ҳам қўллаб-қувватлагандек, гўё. Далил — катта ҳажмдаги ер ости сувларидан топилган тоза ичимлик суви яқинда фаввора бўлиб отилиб чиққани!

Бундай бунёдкорлик жараёнидан четда туришнинг ўзи мумкин эмас. Кетмон кўтарадиган ёшда бўлмасам-да, кучим борича ёрдам беришга ҳаракат қиляпман. Бир неча миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиб, Мўйноқда меҳнат қилаётганлар учун гўшт, гуруч, нон юборяпман. Аминманки, бошқа ҳамюртларим ҳам шундай қилишяпти.

Давлатимиз раҳбари доимо фахрийларга ҳурмат-эътибор билан муносабатда бўлади, вилоятларга борганида оқсоқоллар билан суҳбатлашиб, улар фикрига қулоқ тутади. Бундай учрашувларда бир неча марта қатнашиш шарафига муяссар бўлдим. Биз, катта авлод вакилларининг қўлимиздан келадиган иш, яъни Қорақалпоғистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳамиятини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ­тарғиб қилишга ваъда бердим. Шу маънода айтмоқчиманки, Шавкат Мирзиёевнинг маърузалари тўпла­мини нашр қилишни ҳозирданоқ ­бошлаш керак. Ундаги материаллар барча даражадаги раҳбарлар учун аниқ кўрсатма бўлиб хизмат қилади, мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини ҳаётга ­татбиқ этишда масъулият сезувчи ҳар бир ўзбекистонликни янги марралар сари руҳлантиради.

— Ўзбекистоннинг, унинг барча вилоятлари, ­хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг келажагини Сиз қандай тасаввур қиласиз?

— Жонажон ўлкамиз келажаги менга ёрқин рангларда кўринади. Бу нафақат давлатимизнинг глобал миқёсдаги ўрнига, балки фуқароларнинг ҳаёт даражаси, фаровонлигига тегишли. Қаранг, Ўзбекистонимиз қандай улкан қурилиш майдонига айланди. Шаҳар ва туманларда арзон тураржойлар ҳамда қулай инфратузилма объектларини бунёд этиш зарурати ҳақида Шавкат Мирзиёев сайловолди дастуридаёқ айтиб ўтганди. Мана, мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларида ўз аксини топди.

Яна бир янгилик. Мамлакат бўйлаб ишбилармонлик марказлари — “сити”лар барпо этиляпти. Мисол учун, “Nukus city” лойиҳаси билан танишдим. Бу ерда кўп қаватли уйлар қурилади, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлар, айниқса, ёшлар учун дўконлару тиббиёт муассасаларидан тортиб то ­ресторанлару сайр қилишга мўлжалланган йўлакларгача, қисқаси, ҳамма зарур биноларни ўзида жамлаган кўчалар пайдо бўлади. Мўйноқда ҳам ўзининг “сити”си бўлади.

Аҳоли учун қулай шароит яратишда майда-чуйда нарсанинг ўзи йўқ. Эсласам, ўтган асрнинг 60-йилларида Парижда бўлгандим. Ҳатто, хўжалик юритишдаям, маиший шароитларда ҳам биз билан у ердагилар ўртасида катта фарқ борлиги кўзга ташланди. Оддийгина кир ювишни олайлик. Французларнинг кир ювиш кукунидан фойдаланиши ўша вақтда фақат кирсовун ишлатувчи биз — собиқ иттифоқдан борган вакилларга ғалати бўлиб кўринган. Қайтганимиздан ­кейин кўп ўтмай, маиший ­хизмат уйлари оча бошладик, дўконларимизда ўзимизнинг кир ювиш кукунларимиз пайдо бўлди. Яна ҳам кейинроқ кир ювадиган машиналарга қизиқиш кучайди, маиший турмуш “автоматлашди”.

Бугунги кунда ободонлаштириш дас­турлари айнан ўшандай, ҳар бир майда деталга эътибор берган ҳолда амалга оширилмоқда. Ўйлайманки, ишлар шундай суръатлар билан ­давом этса, беш-олти йилдан сўнг шаҳар ­билан қишлоқнинг фарқи қолмайди.

Кўплаб долзарб масалалар ­Президентнинг парламентга Муро­жаатномасида акс этди. Унда фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш бўйича дадил таклифлар илгари сурилган. Мамлакатимиз учун жуда муҳим бўлган вазифаларни ҳал қилишга йўналтириладиган маблағни жалб этиш масаласига алоҳида эътибор берилгани бежиз эмас. Атом электр станцияси қурилишини олайлик. У Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши, халқ фаровонлиги учун нақадар беқиёс аҳамиятга эга. Шу сингари кўпгина йирик лойиҳаларни рўёбга чиқариш жараёнида кредитларни ўз вақтида тўлаш керак бўлади. Шунда қийналиб қолмаслик учун ҳам зарур чоралар кўзда тутилган, яъни қишлоқ хўжалиги, саноат маҳсулотлари, ­жумладан, тўқимачилик буюмларини экспорт қилиш кенгайтирилади, ­туризм ривожлантирилади.

Илгари тараққиётни секинлаштирган яна бир муаммо ҳал этилмоқда. Турли соҳаларда мутахассислар етишмаслиги аччиқ ҳақиқат бўлса-да, ундан кўз юмиб келар эдик. Олий таълим тизими кўп йиллар давомида ўзини оқламади. Бу масалада хорижликларга ишониш ўта соддалик бўлган бўларди. Негаки, четдан келадиган мутахассис мўмайгина пулни олади-ю, қайтиб кетади. Шу боис ўз фарзандларимизга сармоя киритамиз. Ўзбекистонда хориж университетларининг филиаллари, вилоятларда эса пойтахт олий таълим муассасаларининг бўлимлари очилаётгани ҳақидаги янгиликларни ўқиб, хурсанд бўламан. Таълимга инвестиция — энг бебаҳо сармоя экани айни ҳақиқат.

Бугунги талабалар бир неча йилдан сўнг янги корхоналар ташкил этиб, мамлакатимизни ривожлантиришади. Масалан, Қорақалпоғистон туманларидан бирида металлургия комбинати қуриш мўлжалланган. Тасаввур қилинг, бу ердаги рудадан 21 фоизгача металл чиқади. Ҳатто Россия металлургиясининг байроқдори бўлган Уралда ҳам бу кўрсаткич 16-17 фоизни ташкил этади, холос. Ўлкамизда ер қаъри рангли металларга бой. Анчагина чуқурликда нефть ҳам жойлашган, униям қазиб олиш мумкин.

Ёшларимиз Ватан равнақига ­хизмат қилишига, “Ўзбекистон — 2035” стратегиясини рўёбга чиқаришига ишонаман. Давлатимиз раҳбарининг ғоясига кўра, бу дастуриламал ҳужжат Ўзбекистоннинг дунёдаги энг йирик иқтисодиётлар сафига киришидек улуғвор мақсадга етиш бўйича вазифаларни белгилаб беради. Ушбу мақсад сари интилиш ҳозирданоқ бошланган. Илк қадам сифатида экс­портни оширишни келтириш мумкин, инвестицияларга жуда катта эътибор бераётганимиз ҳам, ­аслида, шундан.

Дадил айта оламизки, бугун биз “ўзбек мўъжизаси”нинг остонасида турибмиз. Бу — нафақат орзу, ­балки исбот талаб қилмайдиган воқелик, ­аксиома.

Р. АЛИШЕРОВ, Ҳ. АҲМЕДОВ, “Халқ сўзи”


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019