"Қайтим? Қанақа қайтим? Бор-йўғи эллик сўм учун пасткашлик қилаётганига қаранг?" Ёхуд ҳалолликнинг баҳоси борми?

14:54 11 Март 2020 Жамият
165 0

Бугун юртимизнинг қайси гўшасига бормайлик, юқори даражада хизмат кўрсатадиган ишлаб-чиқариш корхоналари, катта-кичик супермаркетларга кўзимиз тушади. Энди савдо пештахталарини тўлдириш учун дунёнинг етти иқлимидан истеъмол молларини ахтариб, овора бўлишга ҳожат йўқ. Тадбиркорларнинг ўзи консерва маҳсулотларидан тортиб, қандолат, салқин ичимликларгача юқори даражада қадоқлаб, элимиз дастурхонига етказиб бермоқда. Ўзбекистон далаларида етиштирилган меваларни айтмайсизми? Мазаси ва сифатига гап бўлиши мумкин эмас. Шунга қарамай, баъзиларнинг “Бетимнинг қаттиғи, жонимнинг ҳузури“, деб айрим масалаларда ғирромлик қилаётганига ҳайрон қоласиз. Мана, бир мисол.

Яқинда Чилонзор савдо дўконларининг бирига тушгандик. Ҳисоб-китоб пайтида бир болакай касса ёнида узоқ туриб қолди. Ҳаммани ҳайратга солган манзара шу бўлдики, болакай касса ҳисобчисидан қайтимини олиш учун сарғайиб ўтирарди.

-- Қайтим? Қанақа қайтим? Бор-йўғи эллик сўм учун пасткашлик қилаётганига қаранг? — дея савдо ходимаси ҳамкасбларига қаради.

Болани ноҳақ камситаётганига чидолмасдан харидорлар:

-- У сиздан қайтимини сўраяпти. Унга қурут ёки сақич эмас, қайтимини беринг, -- дейишди.

Кассачи бошқалар билан баҳслашиб ўтиришга вақти йўқлигини айтиб:

-- Биз топшириқни бажарадиган ходим бўлсак. Мана, қайтим, энди савдо йўлини бўшатиб қўйинг, -- дея шундай хижолатли вазиятдан хамирдан қил суғургандек чиқиб кетди. Бу қизнинг таъмагирлиги-ю, дилозорлигини ифодалаш қийин. Ширин ёлғондан аччиқ ҳақиқат яхши, деганларидек одам ҳам ҳар хил бўларкан. Кимдир луқмасини ҳалоллаш учун не-не машаққатларни енгиб ўтса, бошқаси енгил ҳаёт кечириш учун ёлғонни йўлбошчисига айлантириб олган. Бошқа савдо дўконлари, бозорларда тош-тарозу, пулдан ошкор урадиган савдо ходимларини учратганимизда ҳалоллик ноёб фазилатга айланиб бораётганидан ташвишга тушаркансан, киши. Тўғри, инсоф, диёнат, ҳалоллик ҳақида ҳар ким ўз тушунчасига эга. Аммо инсон қадр-қиммати моддий бойликлар эмас, одамгарчилик билан ўлчанади.

--Ҳалоллик бор жойда барака бўлади, -- дейди Қатортолдаги “Pimak” савдо дўкони раҳбари Шамсиддин Рустамов. -- Савдо-сотиқ соҳасида анча йиллардан бери фаолият кўрсатиб келмоқдамиз. Аввал Туркия, Италиядан саноат соҳасига оид техникалардан тортиб, жиҳозларигача олиб келганмиз. Ҳозир шу товарларни ўзимизда ишлаб-чиқаришга ҳаракат қиляпмиз. Эрталабдан кечгача ўз бизнесимиз билан машғулмиз. Харидорларни кўриб турибсиз. Савдо дўконлари ўртасида рақобат кучайиб боряпти. Республикамиз бўйлаб “Pimak” бренди асосида савдо филиаллари, ишлаб-чиқариш корхоналари очишга ҳаракат қиляпмиз. Энг сифатли техника воситаларини ишлаб чиқариш учун чет эллик ишбилармонлар, тадбиркорлар, сотувчилар билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Ўзим ҳалол оилада тарбия топганман. Масул ходимлардан тортиб, ишчиларгача қўли “тўғри“ бўлишини назорат қиламан. Бизнес соҳасининг ўзи ҳалоллик, тўғриликни талаб қилади. Биргина, нохолислик катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Халқимизда ихлос, деган гап бор. Шунга хиёнат қилмасак, топганимизга барака ёғилаверади.

Кейинги пайтда мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жамиятимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқий эркинларини кафолатлаш ва бизнес режаларини амалга ошириш учун кўплаб имтиёзлар яратилган. Лекин бу имкониятларни суиистеъмол қилиш учун ҳеч кимга ҳуқуқ берилмаган. Бозор, рақобат, даромад дегани ўз йўлига. Биз инсонмиз. Тирикчилик деб одамийликни унутиб қўймайлик.

Адиба Умирова,

“Халқ сўзи“.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019