Қайта жилоланаётган Термиз

11:25 06 Май 2019 Жамият
376 0

Олиб борилаётган халқчил сиёсат, инсон омилини улуғ тамойили нафақат пойтахтда, балки, ҳудудлар ҳаётида ҳам ўз ифодасини топиб, туб ўзгариш ва янгиланишлар кўлами кенгайиб боряпти. Чунончи, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган жадал ислоҳотлар пировардида жамият тубдан янгиланиб, одамлар қалби, онгу тафаккури, шуурида, кундалик турмуши-ю, ҳаётида янги бир ҳаёт нафаси уфурмоқда. Айни жараёнларга уйғун равишда бунёдкорлик, юртни обод этиш ишлари ҳам янги бир паллага кирдики, кўз ўнгимизда энг чекка қишлоқлар, маҳалла-овуллар, шаҳару кентларимиз янги қиёфа касб этиб, таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда.

Бундай ўзгаришлар Сурхондарё вилоятининг маъмурий маркази Термиз шаҳрида айтиш мумкинки, ривожланишнинг янги даврини бошлаб берди. Бинобарин, Шарқнинг қадимий шаҳарларидан бири Термиз ўтмишда ҳам юксак цивилизациялашган, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган йирик савдо ва маданий марказ сифатида Ғарбу Шарқни бир-бирига боғлаб келган. У Суғдиёна, Хоразм, Марғиёна ва Парфия каби кўҳна шаҳарлар қатори юртимиз ва жаҳон тарихида алоҳида ўринга эга. Тарих силсиласида гоҳида вайрон, гоҳида обод бўлган Термиз бугун мамлакатимизнинг жанубдаги гавҳари, замонавий мегопол шаҳарга айланиб бормоқда. Таъбир жоиз бўлса, Термиз тарихи гўё оқ қоғозда янгидан битилаётир...

Давлатимиз раҳбари Сурхондарёга икки маротаба амалга оширган ташрифлари чоғида Термиз шаҳрини замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида қайта қуриш,одамлар учун қулай турмуш шароитларини яхшилашга доир амалий таклиф ва тавсияларни билдирганди. Шунга кўра, қабул қилинган давлат дастурлари изчил амалга оширилмоқда. Бугун бутун шаҳарни йирик қурилиш майдонига қиёслаш мумкин. Шаҳарда қад ростлаётган кўп қаватли уй-жойлар, маданий-маиший иншоотлар, шунингдек, коммуникация тармоқларининг янгидан бунёд этилиши туфайли кўҳна кенг юксалиб, кўркамлашиб бормоқда. Жумладан, давлат дастури асосида шаҳарда 2017-2018 йилларда тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобида 62 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Шу билан бирга ёш ва эҳтиёжманд оилалар учун 2017 йилда 5 та,2018 йилда 10 та жами 630 хонадондан иборат 7 қаватли қаватли уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилган бўлса,жорий йилда яна 10 та ана шундай уй-жойларни қуриш ишлари бошланган.

- Бугунги шаҳар кўчаларини кезарканман, ғурурим жўшиб, ичимга сиқмай кетаман, - дейди меҳнат фахрийси Абдулла Холмирзаев. –Шаҳарнинг шунчалик ўзгариб бораётганини кўриб, унинг ўтган асрнинг 50-60 йилги қиёфасини кўз олдимга келтираман. Собиқ тузум даврида эътиборсиз қолдирилган кичик ҳарбийлашган шаҳарчада одамлар ҳаминқадар кун кечирар, тор кўчалар, пастқам, кўримсиз уйлар шаҳар эмас, худдики, қишлоқ ҳаётини акс эттирарди.Йирик шаҳарларга борганимда, жонажон Термиз шаҳримиздаги қолоқ ҳаётни яна ҳам аниқ-тиниқ ҳис этардим. Рости, кўримсиз, хароба кўчалар, оддий маиший шароитлари йўқ шаҳарни шаҳар дейишга тилинг бормасди. Бугун эса кун сайин обод бўлиб, янгилаётган Термиз қиёфаси менинг ҳайратим ва ҳавасимни ошириб, дилимда шукроналик, миннатдорлик туйғуларини жўш урдирмоқда.

- Оилада тўрт ўғилмиз, - дейди термизлик Шерзод Қодиров. – Оила қуриб, икки фарзандим дунёга келгач, ўзимизнинг уйимга эга бўлиш орзуси дилимга жойлашиб олди. Шаҳримизда кўп қаватли арзон уй-жойларнинг қад ростлаши, бу ниятимизга тез ва осонгина етишдим. Шаҳар марказидаги 7 қаватли уйга кўчиб келиб, тўкин, фаровон ҳаёт кечираётганимизга бир йилдан ошди. Кенг ва ёруғ хоналар, қулай маиший шароитларга эга хонадонимизда оилам қувончи, фарзандларим бахтини кўриб қувонаман! Мен каби имтиёзли шартлар асосида узоқ муддатли кредит асосида янги уй-жойга эга бўлаётган ёш оилалар кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар учун давлатимиздан миннатдормиз.

Дарҳақиқат, оиладаги тинчлик, хотиржамлик, фаровон турмуш тарзи бахтли ҳаёт кечиришнинг муҳим шарти. Айни жиҳатлар инобатга олиниб, ўтган йили Термиз шаҳрида 19 та 3 қаватли арзонлаштирилган уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилди. Бу эса юзлаб оилаларга қулай турмуш шароитларини яратиб берди. Бундан ташқари, Термиз шаҳрида 2017 йилда ҳарбий хизматчилар учун 3 та 54 хонадонли уй-жойлар қурилган бўлса, ўтган яна 90 хонадонли хизмат уйлари ҳарбий хизматчиларга топширилди. Миллий гвардия ходимлари учун 30 хонадонли, Фавқулодда вазиятлар тизими ходимлари учун 30 хонадонли, Ички ишлар ходимлари учун 2 та 60 хонадонли, ДДХ ходимлари 3 та 90 хонадонли, Театр ходимлари 1 та 50 хонадонли, Университет профессор ўқитувчилари учун 2 та 64 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ижроия ҳокимияти ва давлат идораларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари учун Термиз шаҳрида 25 та хизмат уй-жойлари қурилди.

- Термиз шаҳрининг янги Бош режаси ишлаб чиқилган бўлиб, давлатимиз раҳбари томонидан Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Алишер Амиров. – Жумладан ўтган йили вилоятимизга йўналтирилган жами капитал қурилмалар ҳажми 6 триллион 110 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этди. Пудрат ишлари эса 2 триллион 400 миллиарддан ошди. Айтиш керакки,воҳамиздаги қурилиш-бунёдкорлик ишларининг катта қисми Термиз шаҳрида амалга ошириляпти. Хусусан,Термиз шаҳрида 700 ўринли “Санъат саройи“ ва 3000 ўринли “Амфитеатр” бинолари қурилиб, халқимиз хизматига топширилди. Шаҳардаги “Бахт боғи“ни реконструкция қилинди. Вилоят мусиқали драма театри биноси қўғирчоқ театрига айлантирилди. Айни пайтда эса яна бир муҳташам иншоот – вилоят “Ўлкашунослик“ музейи фойдаланишга тахт ҳолга келтирилди.

Термиз шаҳрида умумий қиймати 4 миллиард 370 миллион сўмлик 250 ўринли янги деҳқон (озиқ-овқат) бозорини қуриш ишлари амалга оширилган бўлса, шаҳарнинг Алишер Навоий ва 7-7 лойиҳадаги кўчалари кесишувидан умумий қиймати 104 миллиард сўмлик “Yashil dunyo bozori” мажмуасини қуриш ишлари давом этмоқда.

Шуни ҳам айтиш керакки, Президентимиз топшириғига биноан, Инвестиция дастури асосида 2017 йилда Термиз шаҳрида жами 10 та, 2018 йилда 15 та ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва капитал таъмирлаш учун Республика бюджети маблағлари ҳисобидан 42 миллиард 408,9 миллион сўм маблағ йўналтирилди. -------

Термиз шаҳридаги қурилиш ишларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳам жалб этилиб, 2018-2019 йилларда “AFGAN-GERMAN COMPANY” Ltd қўшма корхонаси томонидан лойиҳа қиймати 10.0 миллион АҚШ долларидан иборат бўлган замонавий кўп қаватли уй жойларни қуриш ишлари бошланди. Шунингдек, шаҳар ҳудудида маҳаллий тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 20 та 5, 7, 8 ва 9 қаватли тураржой биноларини қуриш ишлари амалга ошириляпти.

Термизни саноатлашган марказлардан бирига айлантириш кўзда туғилган ҳолда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича жами лойиҳа қиймати 377 миллиард 489 миллион сўмлик 68 та лойиҳаларнинг амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, шунинг натижада 1561 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Сервис ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш бўйича 150 та лойиҳаларнинг амалга оширилади.

Маҳаллий ва халқаро туризм истиқболларини таъминлаш учун 6 та янги меҳмонхоналар барпо этиляпти. Кўчаларни ободонлаштириш, шаҳарга жозибадор кўриниш касб этувчи ташқи реклама воситалари ҳамда ранг-баранг тунги ёритгичлар ўрнатилиши баробарида Термиз шаҳрига кириб келувчи халқаро ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари тубдан таъминланмоқда. Хусусан, 34,6 км. марказий ва кичик ҳалқа йўллари капитал-реконструкция қилинди, 174,0 км маҳалла ички йўллари жорий таъмирланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Сурхондарё вилоятига ташрифлари чоғида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳозирда Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази барпо этилиб,марказда фаолият олиб борувчи олим ва мутахассислар учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида барча қулайликларга эга 5 та котеж типидаги хонадонлар қурилди, 2 минг кишига мўлжалланган янги масжид биноси, меҳмонхона комплекси ва оталар чойхонасини қуриш ишлари якунига етказилмоқда.

Амалга оширилаётган бундай туб ислоҳотлар, жамият ҳаётининг барча жабҳалардаги ўзгаришлар аввало инсон омили, унинг бахтли, саодатли ҳаётининг кафолати бўлиб хизмат қиляпти. Бу ўз навбатида, одамларда ўз ҳаётидан мамнунликни, эртанги кунга бўлган юксак умид ва ишончни янада орттирмоқда.Ўз тақдирини Ватан тақдири билан чамбарчас билган одамлар кўнглидаги кўтаринкилик, бахтиёрлигу шодмонлик уларнинг юксак тараққиёт сари интилишларига беқиёс куч-қувват бахш этмоқда.

Илҳом Раҳматов, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019