Қайта кашф этилаётган Мирзачўл

09:45 24 Май 2018 Жамият
637 0
Фото: Uzbekistan24.uz

Мирзачўл туманининг ўалаба маҳалласи “Обод қишлоқ” дастурига кўра қайта чирой очаётир. Бу ерда қурилиш ишлари учта массивга бўлинган ҳолда олиб борилмоқда. Маҳалладаги, халқона тилда айтганда, “барак” уйлардан 54 таси ва уларнинг атрофидаги ноқонуний иншоотлар бузиб ташланди.

— Янги қурилаётган тураржойларга, биринчи навбатда, уйи бузилган, кам таъминланган оилалар кўчиб кириши аҳолини хурсанд қилаяпти, — дейди ушбу маҳалланинг Дўстлик кўчасида яшовчи меҳнат фахрийси Ўразали Исоқов. — Уйлари бузилган 315 хонадонда 1 минг 266 нафар маҳалладошимиз истиқомат қиларди. Энди улар кўркам ҳамда шинам уйларга босқичма-босқич кўчиб ўтишади.

Маҳаллада қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошланганидан буён 40 та икки қаватли уйнинг эскирган том қисми тўлиқ янгиланди. Уйлар олдидаги кимдир хом ғиштда, кимдир эски тунукада ўраб олган “ҳовличалар”, товуқхона, тандирхона, гараж ҳамда режасиз қурилган бошқа иншоотлар олиб ташланиб, атрофи ободонлаштирилди. Ҳозирги кунда бу уйларнинг 36 таси тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

— Одамлар учун уйдан ташқари ёрдамчи бинолар ҳам зарур, албатта, — дейди тумандаги “ўалаба” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилбар Қулматова. — Шунинг учун бузилган иншоотлар ўрнига замонавий асосда 13 та тандирхона, ўчоқ ҳамда ўтинхоналар қуриб берилди. Қолганларида қурилиш ишлари давом этмоқда. Буларнинг барчаси одамлар яшаш тарзини яхшилаш, маданиятини ўзгартиришда муҳимдир.

Ўзбекчиликда яна бир анъана бор: эртанги кунимизга асқатади, фарзандларимиз тўйларию яхши кунларида ишлатамиз, деб бир-икки бош қорамол, қўй-қўзи боқамиз. Ана шу жиҳатлар ҳам дастурда ҳисобга олингани диққатга сазовор. Ҳозирги кунда кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолининг истаклари асосида 100 бош қорамол ва яна шунча қўй-эчки учун мўлжалланган чорвачилик мажмуаси қурилаётир.

Айни пайтда маҳаллада қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишларига ўнлаб махсус техника ва мосламалар, мутахассис ҳамда ишчи кучи сафарбар қилинган. Пойтахт ва вилоят марказидан цемент, тахта, шифер сингари қурилиш материаллари ортилган машиналар карвони пайдар-пай келмоқда. Маҳалланинг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янгилаш ҳам дастурдан ўрин олган.
— Маҳаллада электр энергияси билан боғлиқ масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Жиззах вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбари Бахтиёр Ибрагимов. — Бир нечта махсус техникаларимиз туну кун навбатчилик асосида ишлаб турибди. Бугунги кунгача 112 та темир-бетон таянч устун ўрнатилди, 11,45 километр узунликда электр узатиш тармоқлари тортилди. Битта янги трансформатор пункти ўрнатилиб, тўрттаси қайта таъмирланди.

Шунингдек, маҳаллада 11,1 километр ичимлик суви қувурлари тортилди, 22 дона ичимлик суви қудуғи янгиланди, тўртта канализация қудуғи тозаланди. Кўчаларни кенгайтириш, яроқсиз ҳолга келиб қолган бетон ариқларни алмаштириш, янгиларини қуриш, йўловчилар учун мўлжалланган йўлаклар барпо этиш ишлари ҳам қизғин олиб борилмоқда. Бунинг учун маҳалланинг асосий Ўзбекистон кўчасини кенгайтириш мақсадида 1,3 километр масофада қазиш ва ер текислаш ишлари олиб борилди, 1902 метр янги лоток ўрнатилди, 2 минг тоннага яқин қум-шағал аралашмаси ётқизилди.

Маҳаллада уй-жой қуриш билан бирга, янги иш ўринлари яратиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳақ тўланадиган жамоат ишларига вақтинча ишсиз бўлганлар ва ёшларни жалб қилиши натижасида зарбдор қурувчилар, ёшлардан иборат отрядлар шакллантирилди. Пировардида 400 нафар фуқаро ишли бўлди. Қолаверса, уй бекалари ҳамда коллежларнинг 200 нафар ўқувчиси тикувчилик, бичувчилик ҳамда тўқувчилик касбларига тайёрланди.

— Дастур доирасида 200 ўринли корхона ташкил этилиб, 145 та тикув машинаси билан жиҳозланди, — дейди “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Сирожиддин Назаров. — Қисқа вақтда ташкилотлардан буюртмалар ҳам кела бошлади. Айни пайтда 1 миллиард сўмлик фартук, 250 миллион сўмлик махсус кийим-бошлар учун буюртма олдик.

Аҳоли саломатлигини тиклаш, тиббий маданиятни шакллантириш муҳим масалалардан ҳисобланади. Шу боис фаол хотин-қизлар, тиббиёт вакиллари хонадонларда мулоқотлар ўтказаяпти. Шу аснода мавжуд масалаларни жойида ҳал этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилаётир.

Лекин ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. Шу боис ҳам лойиҳа доирасида қишлоқ аҳолисини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, ногиронлиги бўлган шахсларга аравачалар, эшитиш мосламалари ва протез-ортопедия буюмлари етказиб беришни ташкил этишга катта аҳамият қаратилмоқда.

Қисқаси, “Обод қишлоқ” дастури қишлоқларни обод қилиш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш орқали одамларнинг ҳаётига янгича маъно-мазмун киритаяпти.

Толибжон ЭРГАШЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019