Қадрдон боғимга мактуб...

17:17 16 Апрель 2020 Маданият
442 0

Кечир... бу сафар сенинг қучоғингга бориш насиб этмади. Баҳор фасли мени оғушингга қанчалар чорламасин, замон зайли ва тақдир олдида ожизлигимни ҳис этиб, Яратганнинг измига яна бир бора иқрор бўлиб ўтирибман.

Ўтган йили худди шу пайтларда бағрингда қандоқ яйраган эдик-а?! Биласанми, биз ўша кунни қанчалар орзиқиб кутганимизни?! Бодом гуллари юз очган кундан шафтоли ва гилос новдаларидаги куртаклар уйғонишини интиқиб кузатардик. Бутун мавжудот уйғониб, зумрад фасл жамолини борлиққа кўз-кўз қилаётган фараҳбахш кунларда юрагимнинг бир четини гўёки “мушук бола тирнаётгандек” ҳис этардим. Менинг назаримда ҳар гал худди сени соғинганимиз каби, сен ҳам бизларни соғиниб, қучоқ очиб кутиб олардинг. Руҳиятимиз бардам, қадамларимиз шаҳдам, яёв юриб, қўшиқ хиргойи қилиб борардик.Узоқдан сенга нигоҳимиз тушиши билан қувнаб кетардик. Худди янги келинчак каби оппоқ ҳарир рўмолда пешвоз чиққандек бўлардинг бизга. Мафтункор нимпушти шафтоли, оппоқ гилос гулларининг ифори кўнгилларни дунё ташвишларидан халос этгандек туюларди. Гуллар, гуллар, гуллар...

Қанчалар гўзал онлар!..

Бундан бир неча йил аввал маҳалламиздаги Анваржон қишлоқнинг бир четида сўлим боғ барпо этди. Ниҳоллар кўкка бўй чўзиб гуллай бошлаганидан бу даргоҳ қадрдон масканимизга айланди.

Ҳар йили ёш ижодкор шогирдларим билан ўқиган китобларимиз юзасидан мулоҳазалар, янги ижод намуналарининг таҳлили, қизғин мушоиралар баҳонасида боққа ташриф буюрардик. Гўзалликдан кўзларимиз қувнаб,бир зум новдалардаги гулларга маҳлиё боқардик. Мушоира қизигандан-қизир, шеърхонлик айтишувларга уланарди. Баҳор ҳавоси, кутилмаган шамолнинг зарбидан новдалар титраб, гул япроқларини она замин кўксига кузатарди. Оппоқ, нимпушти рангдаги гуллар навқирон ижодкорларга омад тилагандек бошидан оёғига қадар пояндоз каби тўшаларди. Сенинг оғушингда жаннат боғларида тургандек бўлардик.

Дарахтларнинг ёқимли қўшиғи-ю,қуёш нурларининг беқиёс товланиши, қушларнинг чуғури бизни ўзига ошуфта этмай қолмасди.

Сен оддий боғ эмас, балки қалбимизнинг нозик торларини чертиб, тафаккуримиз дафтари зарварақларини очувчи илҳом манбаи эдинг. Бетакрор мафтункорлигинг ёш қалам аҳлини илҳом денгизида мавжланиб оқишга ундарди.

Сен шеъриятнинг доясисан, боғ! Янги туғилган ижод намуналаримизнинг илк тингловчисисан!

Юрагимизга ҳузур, танимизга роҳатлар ҳадя этаётган саховатли боғ Яратганнинг бандалари учун буюк инъоми эканлигига шукроналаримиз дилларимиздан тилларимизга сирғаларди. Уйда қолиб, қадрдон боғимизнинг қийғос гуллар билан бурканганини ҳовлимиздаги шафтоли ва гилоснинг гул очганидан билдим. Бу манзарани кўриб қайси ижодкор илҳомланиб, севинмайди дейсиз?

Табиатда дарахтнинг илдизидан емирувчи кушандалар бўлгани каби, афсуслар бўлсинки, жамиятни, инсоният илдизини емирувчи хатарлар мавжуд. “COVID-19” ҳозирги кунда дунё аҳлининг тинчлигига, инсон саломатлигига болта уряпти.  Дунё аҳлини хавотирга солган коронавирус бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади...

Ҳар йилги анъанамиз бу йил ҳам рўёбга чиқишини Ёзёвоннинг қалби уйғоқ, кўзлари чақнаган ижодкорлари интиқлик билан кутганини дилдан ҳис этдим. Манзиллар олисдек туюлиб, иложсизлик халақит ҳам қилар, аммо бу орзуларнинг рўёга айланишига сабаб бўла олмайди. Тилу дил бирлиги мужассам, қалби уйғоқ ҳар бир қаламкаш тасаввуридан ҳам тафаккур топа олади, томчида денгизнинг жилосини, заррада тоғнинг виқорини кўра олади. Сени соғиндик, кўнгилларга сурур бахш этувчи қадрдон боғим! Кўзим кўнгилга, кўнгил эса сенга айланган. Асли ўзингсан набототнинг нодир намунаси, ҳайратларимнинг сабабчиси!

Дунё вирус билан олишаётган бир паллада, шогирдларим билан уйда қолиб унга қарши курашмоқдамиз, дея баралла айта оламан. Улар Навоийдан мерос қолган қалам билан асрлар давомида синовларда тобланган халқимизнинг сабр-бардоши, матонати, юксак тафаккури,бугунги кун қаҳрамонлари –шифокорларнинг ўз жонини хатарга қўйиб, кўрсатаётган жасорати ҳақида ашъорлар битмоқдалар.

Ўйлайман ва ишонаманки, бугун қийғос гулга кирган боғнинг эртага мевалари сархил бўлиб етилади. Болга тўла гилосларнинг шодалари опа-сингил каби сирдош тутинганда, шафтолининг ёқимли исларини боди саболар борлиққа улашган паллада яна сафимиз ортиб, сенинг бағрингни қайноқ меҳримиз ила битилган сўзнинг илоҳий қудрати ила тўлдирамиз.

Қудратли, олижаноб халқ доно раҳнамоси билан бу синовни мардонавор енгиб ўтишга қодир.

Азиз шогирдим, атрофга диққат билан разм солинг! Нималардан таъсирландингиз, ёзиб қўйинг. Бугун оламда очилмаган сирларни, адабиётнинг яна бир янги эшикларини уйда қолиб ҳам очишингиз, сирли дунёларни кашф этишингиз мумкин. Эшикни очиш учун аввал тутқичидан ушлаган каби, сиз китобнинг муқовасидан тутинг. Зеро, файласуф Опит айтганидек: “Китоб энг олис ва зимистон йўлларда инсонга нур бағишлаб турувчи сехрли чироқдир”.

Муҳтарам дилдош, фурсат ўтган сари бугунимиз тарихга айланади. Келажак учун ёрқин хотираларни қораланг, ўқиб изланишдан толманг. УЙДА ҚОЛИНГ!

Ўктамхон Солиева,

Халқ таълими аълочиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?