Қадимий қўрғонни қаровсизликдан қутқаринг!

16:46 26 Март 2020 Маданият
222 0

“Халқ сўзи ONLINE”

“Халқ сўзи ONLINE”. Истам Иброҳимов/Бухоро. Аввало, биз назарда тутаётган қўрғон тарихига оид бир далил. Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида қайд этилишича, Вардона (Вардонзе) катта бир қишлоқ бўлиб, муҳандизга, катта ва мустаҳкам ҳисорга эга. У қадим замонлардан подшоҳларнинг турар-жойлари бўлган. Вардона Бухоро шаҳридан қадимийроқ. У ерда ҳафтада бир кун бозор бўлиб, савдогарлар кўп келар эдилар. Наршахий бу жойдаги матонинг сифатига алоҳида урғу бериб, “У ердан чиқадиган нарса ҳам яхши хил “занданийчи” бўлган”, дея ёзиб қолдирган.

Кўринадики, Вардонзе қўрғонининг тарихи олимлар томонидан ўтмиши 2500 йилдан зиёд, дея эътироф этилган Бухоро шаҳриникидан ҳам қадимий. Бинобарин, қўрғон қолдиқларининг шу давргача етиб келишининг ўзи тақдирнинг бир иноятидир.

Ёв босиб келганда қўрғон аҳолиси юртни мардонавор ҳимоя қилган. Ташқи душманларга бўйин эгмаган. Туркистоннинг чегарасида жойлашгани боис у муҳим қалъа саналган. Бу ерда ҳунармандчилик ривожланган, танга зарб этилган. Савдо карвонлари Вардонзени мўлжал олиб келган. Бозори гавжум бўлган. Булар тўғрисида жуда кўп сўз юритиш мумкин. Афсуски, табиат инжиқликлари, хусусан, қум кўчкилари, қурғоқчилик туфайли гуллаб-яшнаб турган гўша асрлар оша аста-секин таназзулга юз тутган.

— Қалъа ҳудуди 1979 йилда қўриқхонага айлантирилди,- дея эслайди узоқ йиллар шу гўшани асраб-авайлаш билан машғул бўлган 86 ёшли отахон Ашур Орипов. — Ён-атроф саксовулзору юлғунзор эди. Турли ўсимликлар шу қадар тиғиз ўсардики, улар орасидан ҳатто мушук ўтолмасди. Баъзан ўзим ҳам адашиб қолардим. Тустовуқ, қуён, тулки кўп эди. Қушларнинг минг бир тури учрарди. Қиш ўта совуқ келган йилларда жониворлар очликдан нобуд бўлмасин, деб беда ва бошқа егуликлар ташлаб чиққанимизни ҳам яхши эслайман.

— Болалигим шу ерда ўтган, — дейди Бухоро давлат университети доценти, иқтисод фанлари номзоди Маҳмуд Орипов. — Ҳар қаричи менга таниш. Қишлоғимга ҳар сафар келганимда бу ноёб қўрғонни асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга зиён-заҳматсиз етказиш керак, деган фикр менга тинчлик бермайди. Чунки бу жуда ноёб, камёб қўрғондир.

Маҳмуд аканинг айтганича бор. Вардонзе — ноёб қўрғон. У Бухородаги бошқа шундай маданий мерос объектларидан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Қўрғон атрофида қадимда душмандан ҳимояланиш мақсадида сув ҳавзаси барпо этилган. Қалъага кириш учун яширин ер ости йўллари бўлган. Улар ҳозир ҳам сақланиб қолган. Шу йўл ёки ғорга кириб тепага қарасангиз, аждодларимиз бундан уч минг йил муқаддам бетон қоришмалар тайёрлаш сир-асрорларини билишганига амин бўласиз. Ёдгорликдан топилаётган осори атиқалар ҳам аждодларимиз ақл-заковатидан дарак беради. Бир сўз билан айтганда, Вардонзе ёшларга она — Ватан тарихидан сабоқ ўтишда қиёси йўқ дарсхона вазифасини бажариши мумкин.

Вилоят маданий мерос бошқармасидан олинган маълумотга кўра, “Вардонзе қўрғони” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори билан давлат муҳофазасига олинган. Ҳудуди Шофиркон тумани ҳокимининг 2015 йил 29 январдаги 40-сонли қарорига асосан 76 гектардан иборат.

Фото: “Халқ сўзи ONLINE”. Қўрғон тепасига чиқиш қулай бўлсин, деб ҳашар йўли билан тикланган зинапоя.

Лекин қўрғонда бўлганимизда бирор жойда ушбу маданий мерос объектининг давлат муҳофазасига олингани тўғрисидаги ёзувни учратмадик. Қалъани асраб-авайлаш, бу ерда маълум бир инфратузилма яратиш, туристларни жалб қилиш ишлари ўлда-жўлда. Ваҳоланки, қишлоқ кексаларининг эслашларича, яқин ўтмишда бу маскан хорижий сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган жой бўлган. “Туя, от, фойтунлар бор эди, сайёҳлар қадами узилмасди, — дейди Ашур ота. —Қўрғон тепасига чиқиш қулай бўлсин, деб ҳашар йўли билан 183 та зинапоя ҳам қилганмиз”.

Фото: “Халқ сўзи ONLINE”. Қўрғон ҳудуди олиб борилган тадқиқотлар вақтида топилган ашёлар.

Тўғри, ёдгорликни илмий ўрганиш мақсадида бир неча йилдан буён белгиланган тартибда ЎзФА Миллий археология маркази ҳамда Италиянинг Рим университети ҳамкорлигида халқаро қўшма археологик экспедиция олиб борилмоқда. Маданий мерос бошқармаси мутахассисларининг таъкидлашларича, бирламчи консервация қилиняпти. Шунингдек, объектни ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш мақсадида Халқаро Марказий Осиё тадқиқотлар институти (МИЦАИ) билан ҳамкорликда илғор ва юқори технологик ускуналардан фойдаланган ҳолда номзодлик ҳужжатлари тайёрланмоқда. Бошқарма мутахассисларининг фикрича, шу мақсад рўёбга чиқса, туризм инфратузилмаси яхшиланади, сайёҳлар оқими кўпаяди.

Фото: “Халқ сўзи ONLINE”. Ашур ота Орипов айтишича, бир пайтлар қўрғон ҳудудида ана шундай йирик саксовуллар кўп бўлган экан.

Ҳар қандай яхши ният ҳам амалга ошган тақдирдагина фойдали бўлади, албатта. Ҳозир эса қадимий қўрғон қаровсизликдан ташқи таъсирлар (ёғингарчилик, шамоллар) оқибатида аста-секин емирилиб боряпти. Қазишма пайтида чиққан ғишт бўлаклари, кулолчилик буюмлари парчалари пастда сочилиб ётибди. Унинг бундан 70-75 йил аввалги қиёфаси билан ҳозиргиси ўртасида анча тафовут бор. Бунга қишлоқ кексалари гувоҳлар. Бинобарин, археологик қазишма ишларида маҳаллий зиёлилар, қариялар фикр-мулоҳазалари инобатга олинса фойдадан холи бўлмасди. Қолаверса, ҳудуди 76 гектар бўлган қўрғонни кўз қорачиғидек асраш учун маҳаллий ҳокимлик бирор иш қилдими, деган савол туғилади. Хуллас, бугун асосий мақсад қўрғонни асраб-авайлаш, уни келгуси авлодга шу ҳолича етказиш бўлмоғи керак.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019