Қадимги қўлёзмаларнинг электрон портали яратилмоқда

20:38 17 Июль 2020 Жамият
391 0

16 июль куни Самарқанд давлат университетида «Самарқанд давлат университети – Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси» мавзусида халқаро онлайн илмий конференция бўлиб ўтди. Анжуманга Самарқанд давлат университети ректори, профессор Р. Холмуродов раислик қилди.

Конференциянинг ялпи мажлисида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Р.Қосимов, Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази бош директори Халит Эрен, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик А.Саидов ва бошқаларнинг табрик сўзлари эшитилди.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам илмий конференция иштирокчиларига ўз табригини йўллаб, Ўзбекистонда таълим ва илм-фан соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар Самарқанд давлат университети тақдирида ҳам ғоят муҳим ҳаётбахш ўзгаришларни вужудга келтираётганини таъкидлади. Дунё таълим тизимининг илғор технологияларини ўқув-тарбия жараёнига татбиқ этиш билан биргаликда, бу қутлуғ масканда маънавий-маърифий, илмий-педагогик соҳаларда шонли анъаналар давом эттирилаётганини ҳамда улар Самарқандда замонавий университет моделининг яратилишига хизмат қилаётганига урғу берди

— Юртимиз бой тарихга эга, ҳали ҳануз юртимизда тадқиқ этилмаган қадимги қўлёзмалар, ҳужжатлар бисёр, – деди Иброҳим Абдураҳмонов. – Уларни ўрганиш учун ҳозирда вазирлигимиз томонидан қадимги қўлёзмаларнинг электрон портали яратилмоқда. Қадим қўлёзмаларнинг кенг жамоатчиликка тақдим этилиши уларга бўлган қизиқишни орттиради, янгидан-янги илмий ишлар амалга оширилади, аждодларимиз меросини ўрганиш, уларнинг қарашларини англаш жараёни янада жадаллашади. Мазкур портал ўзимизнинг олимлар учун ҳам, хорижлик тадқиқотчилар учун ҳам изланишлар олиб боришда туб бурилиш ясашига ишончим комил. Самарқанд давлат университети Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси сифатида мазкур порталнинг фаол иштирокчиси бўлишига шубҳа қилмайман.

Ялпи мажлисдан сўнг конференция «Улуғбек мадрасаси ва унинг юртимиз таълим тизимида тутган ўрни», «Мамлакатимиздаги мадрасалар таълим тизими ва уларнинг тарихшунослиги», «Самарқанд Давлат университети – Улуғбек мадрасаи олияси вориси» йўналишлари бўйича ўз ишини давом эттирди. «Самарқанд давлат университети – Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси» мавзусидаги халқаро онлайн илмий анжуманда мамлакатимиз олимларидан ташқари, чет эллик таниқли тарихчи-олимлар, илм-фан намояндалари қатнашдилар. Улар қадимги даврлардан бугунги кунгача олий малакали мутахассислар етиштиришда мадрасалар таълими, юксак салоҳиятли мударрислар, уларнинг илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссалари ҳамда таълим тизими тарихига оид бошқа долзарб мавзулардаги маърузалари билан иштирок этдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?