Қадимги Пойкентда юқумли касалликлардан қандай ҳимояланишган?

12:20 13 Апрель 2020 Маданият
586 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ("Халқ сўзи")

Пойкентга Муҳаммад Наршахий, Табарий, Ибн ал –Хордадбех, Ибн ал-Фақих сингари ўрта аср муаррихлари томонидан “Мадина ал Тужжор” –“Савдогарлар шаҳри”, “Мис шаҳар” дея таъриф берилган. Эътироф этилишича, у Бухородан ҳам қадимийдир.

1981 йилдан буён Пойкент харобаларида Ўзбекистон Фанлар Академияси Археология институти ва Россия давлат Эрмитажининг Бухоро экспедицияси археологлари томонидан тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу ерда фаолият кўрсатаётган музейда шу изланишлар натижаси бўлган 2200 дан зиёд экспонат бор. Бронза даврига бориб тақалувчи бронза ҳайкалча, милоддан аввалги даврларга тааллуқли тақинчоқ, қурол — яроғлар, металлдан ишланган ўқ – ёй учлари, совут бўлаклари, ханжар ва бошқа жиҳозлар шулар жумласидан. Айтмоқчи, ўтган йилнинг кузида “Халқ сўзи” таҳририяти ходимлари бу кўҳна гўшада металлга ишлов берувчи устахона ( хумдон) топилганига шоҳид бўлишган ва бу ҳақда газета ҳамда сайтимизда махсус мақола ҳам берилган эди.

Эътиборлиси, Пойкентдан VIII асрга тааллуқли дорихона ҳам топилган. Музей экспонатлари орасида ўнга яқин жарроҳлик буюмлари бор. Қадимий шаҳарда сув қувурлари ҳам мавжуд бўлган.

— Булар аждодларимизнинг табобат илмини яхши билишгани,турли хасталиклар, жумладан, юқумли касалликларга қарши кураш йўлларидан хабардор бўлишгани, қолаверса, ҳозирги тил билан айтганда, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилишганини ҳам кўрсатади,-дейди музей раҳбари Нормамат Собиров. — Қазишма ишлари пайтида топилган бу жиҳозлар жуда қадимий даврлардаёқ ота-боболаримиз айрим касалликларни ҳатто жарроҳлик йўли билан даволай олишганидан дарак беради. Ваҳолонки, илм-фан равнақисиз буни тасаввур ҳам этиб бўлмайди.

Бу фикрларда жон бор, албатта. Юқоридаги далиллар инсоният томонидан “Ҳакимлар ҳакими”, “Тиб илмининг султони” дея эътироф этиб келинаётган буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино дунёга келмасдан аввал ҳам Пойкентда табобат илми равнақ топганини англатади. Бугун биз қадимда пойкентликлар юқумли касалликлардан санитария-гигиена қоидаларига, тозалик, озодаликка амал қилиш йўли билан ҳимояланишган эди, дея айта оламиз. Негаки, Пойкентда асосан савдогарлар истиқомат қилишган. Улар савдо – сотиқ ишлари билан кўплаб мамлакат ва ўлкаларда бўлишган. Табиийки, уларнинг касаллик юқтириб олиш эҳтимоли катта бўлган. Дунё кезган бу аждодларимиз дарднинг дармонини ҳам билишган. Акс ҳолда бу кўҳна кентдан тиббиётга доир артефактлар топилмаган бўлур эди. Сирасини айтганда, Ибн Сино таълимоти ҳам йўқ жойдан бор бўлган эмас. Жаҳонга Авиценна номи билан танилган аждодимиз дунёнинг Гиппократ (Буқрот), Гален (Жолинус), Закариё Розий сингари буюклари қаторида юртимизда яшаб ўтган донишманду табибларнинг ҳам меросини ўрганган, албатта.

Бутун дунёни коронавирус деган бало таҳликага солиб турган паллада яна бир жиҳатга эътиборни қаратмоқчимиз.

— Ибн Сино табобат тарихида биринчи бўлиб вабо билан ўлатни фарқлаган, — дейди Бухоро музей-қўриқхонасида узоқ йиллар масъул вазифада ишлаган меҳнат фахрийси К. Рустамов. — Юқумли касалликлар билан оғриган беморларни бошқалардан ажратган ҳолда сақлаш кераклигини таъкидлаб, қизамиқ, сувчечак, сариқ касаллиги каби хасталикларнинг белгилари ва кечиш жараёнини тўғри тасвирлаб берган. ”Тиб қонунлари” асарида соғликни қандай сақлаш кераклиги тўғрисидаги таълимотни ўртага ташлаган. Ҳозир уни гигиена номи билан аташади. Турли юқумли касалликлар, инфекциянинг келиб чиқиши ва тарқалишида ифлосланган сув ҳамда ҳавонинг роли катталигини уқтириб, об-ҳаётни қайнатиб истеъмол қилиш зарурлигини таъкидлаган. Организмни чиниқтириш, гигиенага мунтазам амал қилишни тавсия этган.
 

Ҳасан ПАЙДОЕВ ("Халқ сўзи")

Кўринадики, донишманд аждодларимизнинг соғликни сақлаш борасидаги  кашфиёту амаллари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.Қадимий Пойкентдаги тиббиётга оид экспонатлар эса бу йўналишдаги ишларнинг тилсиз гувоҳидир.

Мақоламизни Абу Али ибн Синонинг икки ҳикмати билан тугатишни лозим топдик: “Соғлик шундай ҳолатки, ундан соғлом ишлар туғилади”, “Ёрдам беришнинг гўзаллиги ундан ҳожатбарор кишининг тасалли топишидир”.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?