Қадимги масжид биноси новвойхона учун тадбиркорларга сотиб юборилганми? — вазият ўрганилди

18:26 25 Май 2020 Маданият
940 0

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши ва партиядан халқ депутатлари Бухоро туман Кенгашига сайланган депутатлар партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурига мувофиқ, ижтимоий тармоқлар ва телеграм каналларда кенг тарқалган Бухоро туманидаги “Файзихон” масжиди ўрнида новвойхона қурилар экан“, деган хабар асосида асл ҳолатни жойида ўрганмоқда.

Дарҳақиқат, сўнгги кунларда Бухоро тумани Хонобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Файзихон масжиди биносининг новвойхона сифатида тадбиркорларга сотилгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган халқ депутатлари Бухоро туман Кенгаши депутати Суннат Шукуров, бир гуруҳ партия фаоллари ҳамда Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўрганишлар жараёнида ушбу объектда нонвойхона мавжудлиги аниқланмади.

Қолаверса, бу ердан илгари ҳам нонвойхона сифатида фойдаланилганлиги хусусидаги белги ёки аломатлар кузатилмади. “Нонвойхона” ёзувига келсак, шунчаки маҳаллада бўш турган объектдан самарали фойдаланиш учун маҳалла аҳолиси томонидан, бинога туташ қаровсиз ерда маҳалла нонвойхонаси барпо этиш таклифи илгари сурилган, ёзув ўрнатилган, аммо қурилиш ишлари ҳали бошланмаганлиги маълум бўлди. Бу ерда ер ёки бинони сотиш ҳақида гап-сўз бўлмаган.
 

Тарихий иншоот сифатида қайд этилаётган мазкур бинодаги ҳолат бўйича тегишли тартибда ўрганиш олиб борилди. Ўрганиш жараёнида маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилмурод Файзуллаев ҳам иштирок этди.

— “Файзихон” масжиди “Хонобод” аҳоли пункти орасида жойлашган бўлиб, тахминан 6 сотихдан иборат. Масжид пештоқида масжид ҳижрий 1138, мелодий 1717 йилда қурилганлиги ва мелодий 1924 йилда қайта таъмирланганлиги қайд этилган. Бино пештоқида маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан иншоотни таъмирлаш чоғида унинг 1717 йилда барпо этилганлиги тўғрисида лавҳа ўрнатилган. Масжиднинг фасад қисми мустақиллик йилларида қайта таъмирланган. Масжиднинг айвонидаги ва ичкари қисмидаги устунларида эски араб алифбосида битиклар битилган бўлиб, улар асл ҳолича яхши сақланиб келинмоқда, – дейди Д.Файзуллаев.

Партия фаоллари ва депутатларнинг ташаббуси билан “Файзихон” масжиди тўлиқ Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти Бухоро бошқармаси ҳисобига ўтказилади ва у муҳофазага олинади.

Мазкур иншоотни маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олиш юзасидан туман ҳокимлиги билан тегишли расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ферузбек Абдуллаев,

ЎзМТДП Бухоро вилоят Кенгаши девон раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?