Путин Трампга қуролланиш соҳасида таклифлар билдирган

15:36 08 Август 2018 Дунё
291 0
Архив фото

Россия президенти Владимир Путин АҚШ раҳбари Дональд Трамп билан шу йил 16 июль куни Хельсинкида бўлиб ўтган учрашувда қуролланишни назорат қилиш, жумладан, ядро қуролини чеклаш ва космосга қурол жойлаштиришни тақиқлаш бўйича музокаралар олиб бериш тўғрисида қатор таклифларни илгари сурган. Бу ҳақда яқинда Politico портали хабар берди.

Манбада Россия томонидан тайёрланган “Қуролланиш устидан назорат масаласи бўйича мулоқот” деб номланувчи ҳужжатда мазкур таклифлар жой олгани ҳақида айтиб ўтилади.

Улар ичида стратегик ҳужум қуролларини чеклаш бўйича шартнома(СҲҚЧШ-III)нинг амал қилиш муддатини яна беш йилга узайтириш таклифи ҳам мавжуд. Ушбу шартноманинг ҳозирги амал қилиш муддати 2021 йилда ниҳоясига етиши керак. Ўз навбатида ҳужжатда Россиянинг ўрта ва кичик масофа ракеталари тўғрисидаги шартномага содиқлиги ҳам эътироф этилган. Қолаверса, икки томонга ҳам “Ер орбитасига қурол киритиш”ни тақиқловчи космос ҳақида янги шартнома имзоланиши зарур эканлигига урғу берилган.

Хельсинкида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Конгресс Дональд Трампни унинг Путин билан фақат таржимонлар иштирокида қилган суҳбати ҳақида ҳисобот беришга чақирганди. Трамп эса Финляндияда ташкил этилган саммитидан кейин Путин билан Шимолий Кореяни денуклеризация қилиш, Сурия можароси, терроризм ва киберҳужумларга қарши курашиш каби масалаларни муҳокама этганини таъкидлаган бўлса-да, уларнинг тафсилотлари ҳақида тўхталиб ўтмаган эди.

Россия расмийлари Путин Трамп билан мулоқот чоғида Украинадаги қарама-қаршиликлар ҳақида аниқ таклифлар билдирганини қайд этиб ўтишган эди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар