Пушкиннинг “Тумор”и китобхонларга тақдим этилди

17:35 11 Июль 2019 Маданият
321 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Рус адабиёти деганда кўз олдимизга энг биринчи Пушкин, Пушкин деганда эса сўзсиз буюк рус адабиёти гавдаланиши сир эмас. Бу йил инюнь ойида шоир таваллудининг 220 йиллиги кенг нишонланди ва юртимиз бўйлаб тадбирлар ҳамон давом этмоқда.

Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи таниқли шоир ва таржимон Ҳумоюн Акбаров томонидан таржима қилинган “Тумор” номли китобини чоп этди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида бўлиб ўтган тақдимотда шоир шеърияти ва таржимон маҳорати ҳақида қизғин суҳбат бўлиб ўтди.

Илгари битта шоир шеърлари бир неча ижодкорлар томонидан таржима қилинган ва чоп этилган. Бугун китобхонларга тақдим этилган “Тумор” эса бир таржимоннинг таржималарини жамлагани билан ўзига хосдир. — дейди Сувон МЕЛИ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, адабиётшунос олим. — Китобга жамланган аксарият шеърлар аввал Ҳамид Олимжон, Зулфия каби таниқли шоирларимиз томонидан таржима қилинган. Аммо таржимон уларни янги замонда қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилган. Биз ҳар қанча гапирганимиз билан адабиёт сиёсатдан асло айро бўлмайди. Шу маънода, бугунги тақдимот ўзбек адабиётининг, ўзбек зиёлиларининг байрами ҳисобланади. Қолаверса, бу ҳодиса буюк рус халқи билан билан дўстлигимизнинг, яқинлигимизнинг яна бир белгиси ҳамдир.

Ушбу китобнинг таржима жараёни уч йил давом этди ва Пушкин шеъриятини чуқурроқ ўрганганим сари унинг қалбини, руҳиятини ҳам янгидан англаб бордим десам адашмайман. — дейди Ҳумоюн АКБАРОВ, таржимон. — Улуғ рус шоирининг шеърлари доим таржима қилинади ва бу унинг юракларда, бутун дунё адабиётида барҳаётлигидан далолат беради.

Пушкин адабий меросининг катта қисми қамраб олинган китобда ижодий фаолиятининг деярли барча даврларида — 1814 йилдан тортиб 1836 йилгача ёзган шеърлари, “Лўлилар”, “Анжело” ва “Рицарлар замонидан саҳналар” достонлари жамланган. Шунингдек, таржимоннинг аввал таржима қилинган олтмишдан зиёд шеърларига қўл урган ва бу китобхонларга қиёслаш имконини беради.

Тадбирда шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, ижодкор ёшлар, таълим соҳаси ходимлари иштирок этди.

Юлдуз ЎРМОНОВА


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019