Публицист тиклаган хирмон

12:50 17 Май 2018 Маданият
93 0

"Раҳбар бўлсанг, китоб ўқи" маънавий-маърифий лойиҳаси доирасида

Биз хирмон деганда асосан деҳқон тўплаган ҳосилни, ноз-неъматни тасаввур қиламиз. Заминга пешона терини тўккан бободеҳқон эрта баҳордан то олтин кузгача шу хирмонни хаёл қилиб ҳаракатга тушади. Табиат унга қарашса, кўнглидаги ҳосили етилса, баракали, чўнг хирмон кўз олдида намоён бўлади. Шундай лаҳзада деҳқоннинг юз-кўзига назар ташланг. Ойлар давомида қилган меҳнати самара берганидан, шу неъматлардан одамлар баҳраманд бўлганидан мамнунлик, розилик ифодаси яққол кўзга ташланади.

Худди шундай шодмон кайфиятни таниқли публицист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Санъат Маҳмудованинг “Энг чиройли табассум” сарлавҳали сайланма китобини қўлга олганимизда ҳис қилдик. Агар деҳқон хирмонни бир йил давомида тикласа, Санъат опамиз яратган хирмон бутун умр давомидаги ижодий фаолият асносида бунёд бўлибди, десак, ишонаверинг.

Мамлакатимиз газета ва журналларида минг-минглаб журналистлар ижод қилишади. Санъат Маҳмудова шу катта мафкура ходимлари ичида элга танилганларидан. Бордию опахон бирор телекўрсатувда кўриниб қолсалар, мухлислари “Ана, Санъат опа чиқдилар” деб эътибор қилишади. Бордию бирор қишлоқ ёки маҳаллага бориб қолсалар, “Ие, Санъат опа келибдилар-ку!” деб хурсанд бўлишади.

Ижодкор қалб меҳваридан ўтказган туйғуларини қоғозга туширгандан кейин ҳам таҳририятга борганда ўзини худди имтиҳонга келгандай ҳис қилади. Ишқилиб, ёзганларим ҳамкасбларимга маъқул келармикан, шуни ҳам ёзиб ўтирибсизми, демасмикан.
Яқин кунлардан бирида Санъат опа “Халқ сўзи” таҳририятига кириб келдилар.
Салом-аликдан сўнг бизга нима олиб келганларини сўрадик.

— Бир ўқитувчи ҳақида ёздим. Ўзим дарсларини кузатдим. Агар унинг тажрибасини бутун республикадаги муаллимлар татбиқ этишса, зўр иш бўларди. Фақат, Шуҳратжон, битта илтимосим бор.
— Қанақа илтимос экан?
— Ёзганларимни симпатия билан ўқисангиз.
Эҳ, Санъат опа-я, сиз завқ билан, иштиёқ билан ёзган асарни нега симпатия билан, хайрихоҳлик ва мойиллик ила ўқимас эканмиз. Ахир чорак асрдан зиёд “Саодат” журнали таҳририятида ишлаган, пенсияга чиққандан кейин ҳам публицист қаламини қўлдан қўймаган, ёзганлари билан не-не инсонлар тақдирига ижобий таъсир кўрсатган ижодкорнинг қоғозга туширган сатрларини, албатта, эътибор билан, қизиқиб ўқиймиз-да. Галдаги ижод маҳсулингиз — публицистика ва очерклар, ҳикоялар, новеллалар, мансуралардан иборат “Энг чиройли табассум” деган китобингизни ҳам, ўзингиз айтганингиздек, “симпатия билан” ўқидик. 

Ушбу салмоқли китобда муаллифнинг ўттиз-қирқ йил олдин ёзган битиклари ҳам, мустақиллик йилларида қоғозга туширган асарлари ҳам жой олибди. Китобхонлар олдида, қаламингиз мухлислари олдида навбатдаги ижодий ҳисобот бўлибди.

Бу китобни келажакда журналист бўламан, деган талабаларга тайёр хрестоматия сифатида тақдим этиш мумкин. Ёзилажак қаҳрамонлар билан қандай суҳбат қуриш керак, оддий тафсилотлардан йирик умумлашмалар чиқаришнинг имкони қанақа, катта фикрни қисқа, лўнда ифодалаш учун қандай ёндошиш керак, сўз билан ишлашнинг йўриғи қанақа — бу саволларга элимизнинг атоқли ижодкори Санъат Маҳмудова китобидан жавоб оласиз.
“Энди ўйлаб кўрсам, — деб ёзади муаллиф. — Умримнинг деярлик ярмини қишлоқдами, шаҳардами, овулдами — қаҳрамон аёлларнинг хонадонларида ёки иш жойларида бўлиб, уларнинг ҳаёт дафтарларини варақлаш билан ўтказибман-а! Шуларнинг барига умр йўлдошим Бекмирза ака бағрикенглик қилди. Шукур, дадаси икковимиз қалам учи билан топилган ҳалол нон билан катта қилдик болаларни. Оддий кийиндик, оддий яшадик”.
Санъат опа улуғлаган инсонлар, асосан, аёллар. Матонатли, сабр-тоқатли, азобларга чидамли аёллар. Улар орасида ўз волидаи муҳтарамаси ҳам бор. Ижодкор онасига шундай таъриф берадики, уни ўқиган китобхон шу онани севиб қолиши турган гап. Нафақат онага муҳаббат уйғонади, балки бу ҳаётга, тинч-осойишта турмушимизга садоқатимиз ошади. Китобнинг маърифий хислати шу эмасми?!
Ижодкорнинг онаси ҳақидаги сатрларни қизиқиб ўқир эканмиз, беихтиёр Санъат опанинг бугунгидек машҳур бўлиши онажонининг астойдил дуолари ижобати эмасмикан, деган хаёлга борамиз. “Мен кўрмаган жойларни сен кўргин, болам! Мен айтолмаган гапларни сен айтгин, болам!”. Демак, Санъат опа айтган гаплари онанинг ҳам гаплари экан-да.

Бу дунёда ҳамма устозлар йўл-йўриғи, ибрати орқали вояга етади. Санъат опа ҳам бу борада омади келган. Ижодининг илк палласида Йўлдош Сулаймон, Охунжон Ҳакимов, Адҳам Ҳамдам, Абдулла Мирзаев, Воғиз Музаффаров қаламнинг қудрати нималарга қодирлигини амалда намоён этиб келишибди. Йиллар ўтиб, эндиликда Санъат Маҳмудова ҳам жуда кўп ижодкорларга устоз бўлди. Шогирдлар ичида кимлардир ёнма-ён ишлаб маҳорат орттиришган бўлса, баъзилари опанинг ёзганларини ўқиб, ғойибона издош бўлишди.

Санъат опанинг ҳаётида эл назаридаги шоира Зулфиянинг ўрни беқиёс. Аввало, шундай табаррук инсоннинг назарига тушишнинг ўзи бахт. Зулфия опанинг хизмати шу қадарки, ул зот Фарғонанинг қишлоғида яшаб, почта орқали мақола йўллайдиган ёш ижодкорни назокат ила илғаб, пойтахтга ишга таклиф қилади. Шу билан ҳам Санъат опа, ҳам Бекмирза Маҳмудов кашф этилади.
Зулфия ҳақида не-не ижодкорлар ижодий портретлар, китоблар, рисолалар битишмаган дейсиз. Лекин ўз тақдирида эзгу роль ўйнаган бу инсон ҳақида шогирднинг сатрлари ҳеч кимга ўхшамаслиги табиий. Опанинг Фарғона аёллари ҳақидаги очерклари “Саодат”нинг Бош муҳарририга маъқул бўлгач, таҳририятга ишга таклиф қилинибди.

“Қанот қоқиб учиб келдим, — деб ёзади С. Маҳмудова. — Бағримда икки бола, ёнимда умр йўлдошим билан... Салом бериб, хоналарига кирдим, борлиғим жимирлаб. Кўришиш учун қўл узатмоқчи бўлибман, денг, катталар шундай сўрашадилар, деб. Йўқ, асл ўзбек қизи Зулфияхоним мени кўрибоқ ўринларидан туриб, кенг қучоқ очиб, юз-кўзлари қуёшдек порлаб, мени иссиқ бағриларига босиб кўришдилар. Сингиб кетдим мен меҳр уммонига, эриблар кетдим. Онамни топдим! “Саодат” қизи бўлдим. Онамнинг исми ҳам Саодат эди-да! Эҳ-ҳе, йиллар давомида устоз қанча ўргатдилар. Ҳар куни китоб ўқишни, сўз танлашни, ҳаётни севиб, уни доим пухта ўрганиш, ҳалоллик, поклик, оилани эъзозлашу ростгўйлик, ҳатто кийинишу чиройли қадам ташлашгача...”

Китобда Холида Аҳророва, Саида Зуннунова, Олмос Ғуломова, Ойдин Ҳожиева, Яйра Саъдуллаева сингари ижод оламида ўзига хос из қолдирган адибалар ҳақида таъсирли лавҳалар битилганки, уларда эл назарига тушган ижодкорларнинг маҳорат мактаби ва ҳаётий ибратлари ҳақида мароқли ҳикоялар ўқиймиз.
Мустақиллик мавзуи ушбу китоб саҳифаларида алоҳида йўналиш касб этган. Эътиборли томони шундаки, Санъат Маҳмудова “Яшасин мустақиллик, бизга ҳурлик берди”, қабилидаги баландпарвоз гаплар билан эмас, балки истиқлол юртимиз одамлари тақдирида қандай акс этганини тасвирлаш орқали мадҳ этишни маъқул кўрган. Қўқонлик Нуруллахон Абдуллаев, қувалик Иброҳимжон Каримов, Аминжон Нурматов, Мастурахон Сайфуддинова, Рустамжон Салимов, олий тоифали жарроҳ Мирзали Аҳроров, Кимсанбой Ҳасанов каби эзгу, савобли ишлар билан эл-юрт дуосини олган инсонлар тақдири мисолида Ўзбекистонимизда мустақиллик шарофати туфайли мўъжизавий натижаларга эришилаётгани таъсирли лавҳаларда ифода топган.
Китобни варақлар экансиз, кўз ўнгингиздан яратувчи, меҳнаткаш, захматкаш, тиниб-тинчимас, хуллас, эл-юрт ишига қайишадиган замондошларимиз сиймоси ўтаверади. Уларнинг саъй-ҳаракатини, ғайрат-шижоатини Санъат опа меҳр ва эҳтиром билан қоғозга туширади. Китобхон қизиқиб, ихлос-эътиқод билан ўқиши учун бу қаҳрамонларни муаллифнинг ўзи яхши кўриши керак. Хўш, шундай эзгу назарни ижодкорларимиз қаердан оларкан? Китобда бу саволга жавоб  топдим. Мана, сиз ҳам эътибор қилинг:

“Ҳаётсеварлик!
Бизни фақат яшабгина қолмай, ҳаётда буюк ўзгаришлар қилишга чорлаган, довондан-довонга ўтишимизга куч, кашфиёт устига кашфиёт яратишимизда сабот ва матонат бағишлаган, оддий дастгоҳ қошидами, улкан пультлар олдидами, қаерда бўлмайлик — ўзимизни буюк яратувчи, инсониятни ёрқин келажак сари бошловчи сифатида иш қилишимизда туганмас илҳом берган ана шу ҳаётсеварлик заминида мустаҳкам эътиқодимиз ётибди.
Биз буюк диёримизнинг буюк халқимиз. Бизнинг она-Ватанимизни севиш, унинг бахт саодати, тинчлиги, гуллаб-яшнаши йўлида хизмат қилишдан, унинг шаънини асраб-авайлашдан бўлак муддаомиз йўқ. Биз буюк бир мақсад ва орзу билан яшаймиз, меҳнат қиламиз. Қалбимиз ҳамиша юксак эътиқод ўти билан ёниб туради”. 

Ихлос билан ишлаб нима дегани? Ҳар бир ҳаракатда эртанги кунни, ёруғликни ўйлаш демакдир. “Бизнинг эътиқод” номли бобда қувалик Ҳикоят Ўлмасованинг даласида эшитилган бир ҳикоят ҳақида сўз кетади:
“Бир донишманд оғир тошларни ташиётган уч кишини учратиб улардан сўрабди:
— Нима қилмоқчисизлар?
— Эй, кўрмаяпсизми, шу қуриб кеткур тошни анови ерга ташиш керак экан, — жавоб берибди бири хуноби ошиб.
— Жўжабирдай жонман, қийин бўлсаям, шу ишни қилаяпман, — дебди иккинчиси.
— Тошларни чиқариб ташлаб, ўрнида боғ яратамиз, мевасидан ҳамма баҳраманд бўлади, — фахр билан жавоб берибди учинчиси.

Донишманд жавобларнинг мағзини чақиб кулиб қўйибди: биринчи одамнинг руҳи сўлғин, чунки у бемақсад, мажбурият учунгина ишлаяпти. Иккинчи одамнинг руҳи бироз тетик. У ҳар қалай бола-чақасини оч қолдирмасликни ўйлайди. Учинчи киши оғир бўлса-да, ўз меҳнатидан завқ оларди. Сабаби тушунарли — катта мақсад билан, эл-юрт манфаатини кўзлаб меҳнат қилаяпти”.
Китобнинг маълум бўлаги ҳикоялардан иборат. Уларда ёшларнинг севги саргузаштлари, совчилик ҳангомалари, муҳаббат романтикаси, фарзандлар бахти, кутилмаган тасодиф — хуллас, ҳаёт ранг-баранглиги акс этган. Бу ҳикояларда, мақола ёки очерклар каби, аниқ манзил, қаҳрамонлар исм-фамилиялари йўқ. Ҳикоялардан чиқарилган ҳисса, хулосалар китобхон руҳини янгилайди.
Бир ёш оила бекаси кўп қийинчиликлардан кейин эришган ҳовлисига кўчиб кириши муносабати билан йиғин ўтказади. Тадбирга бетоб отаси ўгай она сабабли келишмайди. Йиғиндан чарчаб, хафа бўлган бека боши айланиб йиқилади. Касалхонага тушади. Укол таъсириданми, атрофдагиларнинг шивир-шивириданми, уйқудан уйғонади. Куч тўплаб кўзини очади. Ҳамма ёқ оқ, оппоқ! Жувоннинг ёнида эса оппоқ халатли, кўзлари меҳрга тўла, ёши улуғроқ аёл — шифокор ўтирарди.

— Тузукмисиз, синглим?! — Беморнинг пешонасини силаб деди. — Хали ҳаммаси яхши бўлади, отдек бўлиб кетасиз, — дея чиройли жилмайди.
— Раҳмат! Сиз... Айниқса, қўлларингиз.. Онамга ўхшар экансиз...
У яна чиройли кулиб қўйди. Она ўрнида меҳрибонлик қилган шифокорнинг “Энг чиройли табассум”и ҳикояга, пировардида китобга сарлавҳа бўлган.
Адабиётда наср жанрига тааллуқли бўлган новелла тури ҳам борки, унинг ҳикоядан фарқли жиҳати воқеанинг тугалланмаганлиги, хулосани ўқувчининг ўзи чиқариши кераклиги билан ажралади. “Телеграмма”  новелласи ҳам кутилмаган якунга эга. Василанинг отаси эртага кеч соат ўн олтига телефон орқали гаплашишга чиқаради. Бу ҳолдан қалби қувончга тўлади. Ташлаб кетган дадаси қайтиб келишга аҳд қилдимикан? Балки қизининг туғилган куни билан табрикламоқчидир. Тахминидан дили ёришиб кетди. Дадасига айтмоқчи бўлган гапларни ичида такрорлаб, эрталабгача ухлолмай чиқди. Ниҳоят, почтага борса, Василани 13 (?)-кабинага таклиф қилишди.

— Дадажон, мен 1 сентябрда 18 га тўлдим.
— Алло, Васила! Ўн саккизга тўлганинг ҳақида менга справка юбор! Қонун бўйича сенга алимент жўнатишни тўхтатишим керак.
Бирдан Василанинг қулоғи хиппа битиб қолгандек бўлди. Тили айланмай қолди...
Китобдаги бошқа новеллалар ҳам шундай фавқулодда ечимлар билан якунланади.
“Энг чиройли табассум” китобининг тарбиявий қирраларини санаб адоғига етиш қийин. Унда туғилган тупроққа садоқат, истиқлолнинг бебаҳо қадри, элим деб, юртим деб ёниб яшовчи инсонларнинг ҳамиша эъзоз-эътибордалиги инсонлар тақдири мисолида жонли ва ишонарли тарзда ёритилган.
Ижодий хирмонингизга барака, Санъат опа!
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар