Прокуратура органлари 7,7 млрд. сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож қилинганлигини аниқлади

09:23 20 Октябр 2020 Жамият
958 0

Прокуратура органлари томонидан ижтимоий қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида ўтказилган мониторинг ва назорат тадбирларида, қонунга зид бўлган 108 та ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилиш ёки қонунга мувофиқлаштириш бўйича протестлар келтирилган, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ваколатли органларга 74 та тақдимномалар киритилган, 451 нафар мансабдор шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган, шунингдек қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 46 та жиноят иши қўзғатилган, 672 млн. сўмлик етказилган зарарлар ихтиёрий қопланган, судларга қиймати 9,5 млрд. сўмлик 1013 та даъво аризалари киритилган ва 5,2 млрд. сўм ундирилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

"Текширишлар натижасига кўра, 3 989 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари амалда тикланган.

Шунингдек, текширишлар давомида корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан бўш иш ўринларини яшириш ҳолатлари аниқланиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож 26 445 нафар ишсиз фуқароларга ишга жойлашишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки берган маълумотларига кўра, жорий йилнинг сентябрь ойи учун 3 344 749 млн. сўм пенсия, 3 250 532 млн. сўм иш ҳақи, 438 276 млн. сўм нафақа жами 7 033 556 млн. сўм ижтимоий тўловлар тўлаб берилган. 

Прокурор текширувлари айрим вазирликлар, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва бошқа бюджет муассасалари томонидан бу борадаги қонун ҳужжатлари тўлиқ бажарилмасдан, иш ҳақи тўловларини мақсадсиз сарфлаш, талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўйилганлигини кўрсатди. 

Прокуратура органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 46 та ҳолатда 7,7 млрд. сўмдан ортиқ иш ҳақи, нафақа ва уларга тенглаштирилган тўловлар учун ажратилган бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган бўлиб, бу асосан, Халқ таълими вазирлиги (2,8 млрд.), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (2,6 млрд.), Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (177 млн.), бошқа бюджет муассасалари (1,5 млрд.), шунингдек бошқа ташкилот ва корхоналар (448 млн.) сўм ҳисобига тўғри келади. 

Ҳеч биримиз Давлат томонидан ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағлар асосан ижтимоий заиф қатламларни муҳофаза қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, муносиб ҳаёт кечириши, шу билан бирга таълим, соғлиқни сақлаш каби йўналишлар учун ажратилишини унутмаслигимиз керак.

Шундай экан ҳар бир шахс авваламбор маънавий жиҳатдан бу борада ўз масъуллигини англаб етиши, ва ўз навбатида жиноятга жазо муқаррарлиги тамойили амалда тўлиқ ўз ифодасини топишини тушуниб етиши лозим. 

Ижтимоий қонунчилик ижроси прокуратура органларининг доимий назоратида" дейилади хабарда.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?