Профилактика инспектори порани рад этди. Натижада у...

11:50 10 Сентябр 2018 Жамият
1592 0
Иллюстратив фото

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Темур Эшбоев/Навоий. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунида мамлакатимиз Ички ишлар вазирлиги идоралари коррупцияга қарши курашишда фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органларидан бири этиб белгиланган. Шу асосда бир қатор самарадор тадбирлар амалга оширилиб, вазирлик тизимидаги ходимлар фаолиятида порахўрлик ва таъмагирлик, хизмат ваколатини суистеъмол қилиш каби ҳолатларга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Айни чоғда вазирлик тизимидаги ходимлар орасида ўз хизмат бурчига сидқидилдан ёндашиб, ўз ҳалоллиги билан намуна бўлаётган, қонун устуворлиги ва жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаётган хизматчилар ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантирилмоқда.

Чунончи, Зарафшон шаҳар ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспектори лейтенант Шуҳрат Муҳамедовнинг ўз хизмат вазифасига садоқати бу борада фикримизнинг ёрқин далилидир.

Лейтенант Ш. Муҳаммедов фуқаро Б.Ш.нинг ноқонуний шаърий никоҳ ўқиш билан шуғулланаётганлиги тўғрисидаги ишни ўз юритувига олади. Жорий йилнинг 4 сентябрида фуқаро Б.Ш. унга қонуний чора кўрмаслиги эвазига 500 минг сўмни пора сифатида таклиф этгач, Ш. Муҳамедов тегишли идораларга билдирги билан чиқиб, тезкор тадбирлар натижасида Б.Ш. 300 минг сўм пулни пора тариқасида бераётган пайтда қўлга олинади.

“Мазкур ҳолат юзасидан Б.Ш.га нисбатан Ўзбекистон РеспубликасиЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, ўз хизмат вазифасига виждонан ёндошиб, қонун устуворлигини таъминлаш, ички ишлар идоралари ходимларига нисбатан ишончни янада мустаҳкамланишига қўшган ҳиссаси учун лейтенант Шуҳрат Муҳамедов икки миллион сўм пул мукофоти билан рағбатлантирилди”, - дейди вилоят ИИБ матбуот гуруҳи раҳбари Ўктам Усмонов.

Албатта, бу пул унга она сутида ҳалол.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар