Профессионал гид, энг аввало, ватанпарвар аскар ва маҳоратли актёр бўлиши керак

18:25 20 Февраль 2018 Жамият
593 0

Бугунги кунда туризм нафақат жаҳон иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири, балки мамлакатларнинг ижтимоий барқарорлигини таъминлаш, халқаро майдондаги маънавий-маданий қиёфасини шакллантиришнинг энг асосий воситаси ҳам ҳисобланади. 
Бинобарин, мамлакатимизда кейинги пайтда мазкур соҳани тубдан ислоҳ қилишга бўлган эътибор мутлақо ўзгарди.

Туризм тармоқларининг ҳуқуқий-ташкилий асослари, институционал мезонлари, инфратузилмалари, ички ва ташқи қиёфаларини замон талаблари асосида такомиллаштириш мақсадида қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилаяпти. Буларнинг бари соҳа ривожига хизмат қилиши муқаррар. Шу билан бирга, бу йўналишда ҳамон учраётган камчиликлар ҳақидаги мулоҳазалар, уларнинг ечимига қаратилган таклифларимиз борки, бу бошқаларни ҳам бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз.

Аслида, Францияни Эйфель минораси ёки Лувр музейи, Италияни Колизейи ва Венецияси, Хитойни Буюк Чин девори, Мисрни эҳромлар эмас, балки ушбу давлатларда саёҳлик соҳасидаги ўта кучли ва оқилона сиёсат шарофати билан яратилган ўта самарали тарғибот-ташвиқот ҳамда реклама ишлари, халқаро кўргазмалар, ярмаркалар, ҳар томонлама қулай моддий-техник база ва малакали кадрларга эга инфратузилма машҳур қилди, десак янглишмаймиз. Юртимизда ҳам яқин ўтган давр ичида қатор янгиланишлар рўй берди. Зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар тикланиб, қайта таъмирланмоқда. Улуғ аждодларимиз номлари абадийлаштирилаяпти. Валюта бозорини либераллаштириш, ҳаво ва темир йўллар чипталарини арзонлаштириш, халқаро аэропортларимизга “яшил йўлак” тизимини киритиш, туроператорларга катта имтиёз ва преференциялар бериш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил олиб борилаётир. Буларнинг барчаси хорижлик сайёҳларда Ўзбекистонга келиш иштиёқини ошираяпти, уларда диёримиз ҳақидаги ижобий тушунчаларнинг кўпайишига замин яратмоқда.

Президентимизнинг 7 февралдаги  “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу эзгу мақсадга йўналтирилгани билан ниҳоятда долзарбдир. Зеро, унда кун тартибида турган қатор янгиликлар жорий этилиши белгилаб қўйилди. Жумладан, виза режими босқичма-босқич ислоҳ этилади. Яқиндан бошлаб Исроиол, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония давлатлари фуқаролари учун виза олиш бекор қилинди, 39 давлатдан келадиган меҳмонлар учун уни расмийлаштириш тартиб-таомиллари соддалаштирилди. Булардан нафақат олим, балки шу юрт фарзанди сифатида фахрланаман. Бироқ ҳали ишга солинмаган салоҳият мавжуд ва уни тўлиқ юзага чиқариш йўлида муайян камчиликлар ҳамон учраб турибди. Улардан эса асло кўз юмиб бўлмайди.

Тан олиш керак, айни пайтда туризм жабҳасининг жадал ривожланишида гидларнинг савияси ва ўз ишига масъулият билан ёндашиши, маданий даргоҳлардаги озодалик, йўл бўйи сайёҳлик инфратузилмалари ҳамда янги музейлар очиш муҳим аҳамиятга эга. Афсуски, юртимизда мазкур йўналишларда қатор муаммолар йиғилиб қолган. 
Гидлар ҳақида сўз борар экан, бир воқеа ёдимга тушади. Санкт-Петербург шаҳрида ўқиганман. Биласиз, бу жой музейлари билан жуда машҳур. Ўтган асрнинг 80-йиллари эди. Ўшанда Эрмитажга Леонардо да Винчи мўйқаламига мансуб “Мона Лиза” портрети олиб келиниши ҳақида газеталар, телевидение ва радиода мунтазам рекламалар берилди. Ишонасизми-йўқми, уни кўриш учун адоғи йўқ навбатлар пайдо бўлганди. Кечаси ухламасдан биз ҳам ўз галимизни кутганмиз. Эрталабга яқин чипта олишга муваффақ бўлдик. Музейга кириб, ўша асарни томоша қилдик. У бир қарашда бунақа бедорликка арзимасдек туюлди. Лекин ўша пайтда гиднинг ёқимли ва энг муҳими чин дилдан, юксак маҳорат ва дид билан ушбу суратдаги сиймо ҳақида сўзлаши барчамизни ҳайратлантирганди.

“Мана у — сиз билган, аммо яқиндан кўрмаган ўша машҳур Мона Лиза. Рассом уни ижтимоий-сиёсий аҳвол ниҳоятда мураккаб бўлган XVI аср бошида яратган. У — шу даврдаги сохтакорликлар, одамларнинг бир-бирига нисбатан кирдикорлари, оқсуяклари орасидаги ўта ясама муҳит устидан мийиғида кулиб турган доно аёл. У — ўз фарзандига “Ҳеч нарсадан қўрқма, болам, мен сен биланман. Фақат олға, жигарим” деб турган муниса она. У — ўз ака-укасига меҳр билан термулиб турган опа ва сингил тимсоли.  У — ўз турмуш ўртоғига чексиз муҳаббат билан қараётган ёр. У — ўз невараларини соғиниб, эркалагиси келаётган момо...”

Ўшанда кўзимда ёш халқаланганди. Сабаби, гиднинг сўзлари ёшлигимда бахтсиз воқеа туфайли дунёдан эрта кўз юмган синглимни ёдимга солди. Мендан узоқда, Ўзбекистонда мени соғиниб, аммо ўқишим ва ишимга доимо ривож тилаб дуо қилаётган онамнинг муштипар чеҳраси кўз ўнгимда гавдаланди. Атрофга боқдим. Бундай аҳволга тушган бир мен эмас эдим. Катта ёшли эркаклар, ҳасса тутган чоллар йиғлаяпти. Кимдир уруш пайти йўқотган ҳамшира сафдоши, севгилиси, кимдир айрилган кампири ёки яқинларини эслаб йиғлаяпти. Ана гиднинг маҳорати, профессионализми қаерда!? Энг асосийси, ўз касбини суйган, мана шундай унутилмас тасаввур бера оладиган мутахассисгина ҳақиқий профессионал ҳисобланади.


Узоқ йиллардан бери хорижлик дўстларимиз келса, уларни Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабздаги тарихий қадамжоларга олиб борамиз. Регистон майдони ансамблини айланамиз. Гўри Амир, Улуғбек расадхонасига кирамиз. Ёнимизда эса албатта гид бўлади. Афсусланарлиси, уларнинг аксарияти бошқа аждодларимизни бир чеккага қўя турайлик, буюк Соҳибқирон ҳақида бор-йўғи беш-ўн дақиқа гапиради, холос. Маълумотлар ҳам ўта расмий, саёз ва қуруқ. Саволларга ҳам юзаки жавоб қайтаришади. Сўзларда на эҳтирос, на ватанпарварлик ва на чуқур ҳурмат аломатлари бор. Амир Темурнинг улкан жасоратлари, оз сонли қўшин билан ўзидан ўн баробар кўп армияни мағлубиятга учратган ҳақида деярли тўхталмайди. Аслида булар ҳақида берилиб, улкан ғурур билан сўзлаш, сайёҳларни ҳайратга солиш керак эмасми?

Мирзо Улуғбек расадхонасига борсак ҳам, шу аҳвол. Гидлар томонидан ёдлаб олинган матн худди роботлардек, беҳис ва механик тарзда такрорлангани-такрорланган. Энг ачинарлиси, улар ушбу бобомиз қолдирган улкан илмий салоҳиятдан кўра у қандай ўлдирилгани, кечирасизу, боши қаеридан кесилганигача гапириб беради. Мирзо Улуғбекнинг бундай машъум тақдири ҳақида эшитган туристлар нима деб ўйлайди? Боз устига, Улуғбек қолиб расадхона жойлашган ҳудудни топган археолог В. Л. Вяткин ҳақида кўпроқ сўзлаб беришади. Бунинг ўрнига унинг илм-фанга кўрсатган ҳомийлиги, яратган асарлари, кашф қилган юлдузлари, у ўша пайтдаёқ нафақат Осиё, балки Европада ҳам етук олим сифатида тан олингани, ҳозир унинг номини абадийлаштириш, илмий меросини ёш авлодга етказиш бўйича олиб борилаётган хайрли ишлар хусусида факт ҳамда ҳужжатларга асосланиб маълумот берилса, айни муддао эмасми? Афсус, саёз фикрли, ўз ишига масъулиятсиз, номига ишлайдиган, моддий манфаатни маънавиятдан устун қўядиган гидлар жуда кўп. Шулардан келиб чиқиб айтиш лозимки, гидлик ниҳоятда масъулиятли, юксак мартаба. У маҳоратли актёр, профессионал тарихчи ва таржимон, энг асосийси, ҳақиқий ватанпарвар бўлиши керак.

Бинобарин, юртимизда гидлар тайёрлаш стандартларини мутлақо қайта кўриб чиқиш керак. Уларга бериладиган таълим сифатини кескин ошириш лозим. Зарур бўлса, гидлар маркази очиб, бундай мутахассисларни имтиҳон асосида ишга қабул қилиш, улар ўртасида мунтазам мусобақалар ўтказиб туриш ҳам фойдадан холи эмас. Давлат эса қалбида ватанга меҳр-муҳаббат, улуғ аждодларига чуқур эҳтиром жўш урган гид-мутахассислларни нафақат моддий жиҳатдан, балки маънан доимо қўллаб-қувватлаши шубҳасиз. 
Яна бир масала музейлардаги орасталик, йўл бўйидаги инфратузилмалар билан боғлиқ. Буни ҳам очиқ айтмасак бўлмайди. Шу каби баъзи маданият даргоҳларига сайёҳларни олиб борганда, у ердаги ёқимсиз манзараларни кўриб тўғриси уялиб кетасан киши. Бирида бурчакка супрундисини йиғиб қўйган бўлади. Бошқасининг шифтларда ўргимчак тўрларига кўзингиз тушади. Буни меҳмонлар кўриб, нима деб ўйлайди? Ахир, тозалик, озодалик юксак маданият ва маънавият белгиси сифатида нафақат музейлар, балки у жойлашган шаҳарнинг ҳам юз-кўзи ҳисобланмайдими?

Кейин йўл бўйидаги туризм инфратузилма объектлари билан боғлиқ камчиликлар ҳам кўп. Ихчам мотеллар, кафе ва ошхоналар, гузарлардан тортиб оддийгина санузел тармоқлари ва улардаги санитария-гигиена ҳолатлари... Бу борадаги айрим айтиш уят бўлган ҳолатлар туфайли бир ҳафталик саёҳатини икки-уч кун ўтар-ўтмас тугатиб, уйига қайтиб кетиб қолган туристлар ҳам бор. Ушбу масалага ҳам ечим тез орада топилишидан нафақат биз, балки туристлар ҳам манфаатдордир.
Қанийди, барча музейларимиз мактаб ўқувчилари учун бепул қилиб қўйилса. Қанийди кўплаб ёшларимиз ота-онаси берган пулини интернет-кафега сарфламасдан, театрга чипта олса, йиғиб китоб олса, ўқиб-ўрганса, келажакда мутафаккир даражасига кўтарилиб, аждодларига муносиб авлод бўлса...

Зеро, дунёдаги энг машҳур фанларнинг иккитасига бизнинг миллат вакиллари номи берилган. Бундай халқ жаҳонда  бошқа йўқ. Буюк бобокалонларимиздан Абу Али ибн Синонинг Европада танилган Авиценна номини медицина атамаси пайдо бўлиши билан боғлашади. Муҳаммад ал-Хоразмий алгебра фанига ва алгоритмлаштириш назариясига асос солган. Қолаверса, Американи Беруний кашф қилган. Аҳмад ал Фарғоний, Мирзо Улуғбек ва яна кўплаб олимларимизнинг беқиёс кашфиётлари-чи?... Яна бир далил. Яқинда динозаврларнинг асл ватани Америка эмас, балки айнан Ўзбекистон эканлиги ҳам исботланди.  

Нега юртимизнинг шундай бой илмий тарихи, янгиликлари бору, лекин уни дунёга кўз-кўз қила оладиган, таништира оладиган фан тарихи музейимиз йўқ. Тўғри, пойтахтимизда Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон амалий санъат музейи, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари марказий музейи, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, Ўзбек либослари галереяси каби даргоҳлар бор. Тан олиш керак, уларга ўз ихтиёри билан борадиган зиёратчилар сони ҳам у қадар кўп эмас.

Ўз навбатида юқорида айтиб ўтганимдек, ҳамюртларимиз ва чет эллик меҳмонларга дунё фанлари ривожига улкан ҳисса қўшган олимларимиз, уларнинг тарихий асарлари, кашфиётлари, ихтироларини бир ерда жамлаган, мазкур маънавий-интеллектуал мероснинг бугунги ва келажак авлод олдидаги улкан аҳамияти ҳақида батафсил маълумот тақдим эта оладиган замонавий ҳамда яхлит маскан мавжуд эмас.

Ваҳолонки, дунё тажрибасида бунинг аксини кўриш мумкин. Масалан, Хитойда Шанхай фан ва техника тарихи музейи, Америкадаги Нью-Йорк ва Колумбия округи табиий фанлар тарихи музейлари, Буюк Британиядаги Оксфорд фан тарихи музейи, Франциянинг Тулуза шаҳридаги Космос шаҳарчаси, Италиянинг Милан шаҳридаги Леонардо да Винчи номидаги фан ва технологиялар музейи, Германиянинг Дрезден шаҳридаги гигиена музейи, Испаниянинг Валенсия шаҳридаги санъат ва фан шаҳарчаси, Швейцарииядаги “Tecnhorama”  илмий маркази, Швейцариядаги Альберт Эйнштейн уй-музейи шулар жумласидандир. Ушбу давлатлар ўз ибн синолари, ал хоразмийлари, берунийлари билан фахрлана олмаса-да, лекин уларнинг фан тарихи билан боғлиқ даргоҳлари нафақат маҳаллий аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг севимли маскани, балки ҳар йили миллионлаб туристлар ташриф буюрадиган маданий-маърифий марказлар қаторидан мустаҳкам жой олган. Булар ҳақида ҳар йили интернет, газета, журнал, теле ва радиоканалларда қизиқарли маълумотлар тўхтовсиз узатилади, жозибадор акциялар, тадбирлар ўтказилади. Ҳатто Голливуд киноижодкорлари томонидан Америкадаги машҳур музейлардан бири ҳақида ҳар томонлама қизиқарли ва оммабоп фильмлар туркуми яратилганки, у ҳам сайёҳлар учун ўзига хос реклама вазифасини ўтади.

Жаҳон цивилизациясига энг буюк фан дарғаларини етказиб берган мамлакатимизда бундай имконият йўқ деб ўйлайсизми? Албатта, бор. Бор бўлса ҳам, ортиғи билан яратилган. Маданият, сайёҳлик борасида ҳозир тақдим этилаётган имтиёзлар, қаратилаётган катта эътибор музейчиликни ҳам четлаб ўтмаслиги шубҳасиз.  
Энди бир тасаввур қилинг-а. Миллий ва илғор меъморчилик ютуқларини ўзида ифодалаган ниҳоятда кўркам ва замонавий бино. Шундоққина кираверишда юртимизда топилган динозавр қолдиқларининг намунавий скелети ўрнатилган (Бу, айниқса, ёш авлод ва хорижлик сайёҳларни ўзига оҳанрабодай тортади). Ичкарига кириб боришингиз билан гумбазида ўрта асрларда Улуғбек кашф қилган минглаб юлдузлар тасвири туширилган ва улар нур сочиб турибди Атрофда аждодларимиз портретларига, бюстлари, илмий қўлёзмаларига кўзингиз тушади. Бир томонда археология бўйича беқиёс бойликларимиз, ғордаги ёзувлар ҳақида тарихий-тасвирий маълумотлар. Бир томонда биринчи телевизор макети. Ахир ушбу қурилма илк бор Ўзбекистонда ясалган...

Агар мазкур ташаббус амалга ошса, Ўзбекистонда нафақат ҳамюртларимиз, балки меҳмонлар ҳам катта ҳайрат ва ҳаяжон билан томоша қиладиган, маънавий озуқа оладиган, маданий ва эстетик завқланадиган мунтазам тўлдириб бориладиган битмас-туганмас хазина, яна бир беқиёс маскан пайдо бўлади.

Бакриддин ЗАРИПОВ,

академик, биология фанлари доктори, профессор


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар