Президентнинг янги қарори: Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартиби тубдан такомиллаштирилади

22:53 31 Май 2018 Ҳужжатлар
925 0

Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, товарлар (ишлар ва хизматлар)дан эркин фойдаланишни таъминлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг барча тоифалари учун тенг рақобат шароитларига эга бўлган ягона иқтисодий маконни шакллантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, айрим хўжалик юритувчи субъектларга имтиёзлар, преференциялар ва эксклюзив ҳуқуқлар бериш юзасидан шаклланган амалиёт қуйидагилар каби қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда:

биринчидан, муайян тармоқ ёки ҳудуддаги алоҳида ташкилотларга имтиёзлар, преференциялар ва эксклюзив ҳуқуқлар аниқ мезонларсиз ҳамда уларни асословчи шаффоф механизмларсиз танлаб берилиши оқибатида мазкур ташкилотлар учун асоссиз устувор шарт-шароитлар яратилмоқда;

иккинчидан, кўплаб хўжалик юритувчи субъектлар томонидан давлат бошқаруви функциялари қўшиб амалга оширилмоқда, бу эса бозорда имтиёзли мақомга эга бўлиш учун маъмурий ресурслардан фойдаланишга ва инсофли рақобат принциплари бузилишига олиб келмоқда;

учинчидан, индивидуал имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланувчи хўжалик юритувчи субъектларда боқимандалик кайфияти шаклланмоқда, бундай субъектларнинг ташаббускорлиги йўқ ва ишчанлик фаоллиги паст, шунингдек, улар ишлаб чиқарган маҳсулотлар рақобатбардош эмас;

тўртинчидан, берилаётган имтиёзлар ва преференцияларнинг самарадорлигини, жумладан уларнинг муайян тармоқлар, ҳудудлар ва умуман мамлакат иқтисодиёти ривожланишига амалий таъсирини баҳолашда тизимлилик мавжуд эмас.

Бозорда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва бизнес юритиш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, фаол тадбиркорлик ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инсофли рақобат принциплари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг вазифаларига мувофиқ:

1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини ислоҳ қилиш доирасида:

соғлом рақобат муҳитини таъминлаш учун индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари бериш амалиётини максимал даражада чеклаш, имтиёзлар ва преференциялар бериш, уларнинг иқтисодий жиҳатдан асослилиги ҳамда самарадорлигини баҳолаш тизимини, шунингдек, улардан фойдаланишни мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш;

солиқ ва божхона имтиёзларини фақат аниқ мақсадда бериш тартибини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш, уларни қўллаш самарадорлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимини жорий этиш, самарасиз фойдаланилган имтиёз суммаларини бюджетга мажбурий қайтариш механизмларини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар (кейинги ўринларда имтиёзлар деб юритилади) қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилади, шунингдек, аниқ мақсадга эга бўлиши ҳамда аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарур;

вақтинчалик имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

индивидуал имтиёзлар, алоҳида ҳолларда, хусусий сектор инвестиция киритишдан манфаатдор бўлмаган тармоқларда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун, аниқ ижтимоий ёки иқтисодий асослар мавжуд бўлганда ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан берилади;

имтиёзлар беришга, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатларини тасдиқлашга доир ҳукумат ва идоравий қарорларни қабул қилиш тақиқланади;

божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатлари ва уларга тузатишлар, имтиёзлар бериш тўғрисида қонун ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжати мавжуд бўлган тақдирдагина, имтиёз берилган ташкилот томонидан шакллантирилади, шунингдек, уларнинг комплекс экспертизасини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасига киритилади;

божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатининг комплекс экспертизаси якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасининг ижобий хулосаси олинган тақдирда, ташкилот рўйхатда кўрсатилган товарларни белгиланган тартибда импорт қилиш ҳуқуқига эга;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги берилган имтиёзларни муддатидан олдин тугатиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига асослантирилган таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

3. Белгилаб қўйилсинки:

а) имтиёзлар беришни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши шарт. Бунда ушбу лойиҳалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан амалга ошириладиган экспертизаларнинг бошқа турлари бир вақтда ўтказилади;

б) экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига сўралаётган имтиёзлар бўйича асослантириш ва тегишли ҳисоб-китоблар мажбурий тартибда илова қилинади, уларда лойиҳанинг мақсади, амалга ошириш муддати, киритилаётган инвестиция ва экспорт ҳажми, янгидан ташкил этиладиган иш ўринлари сони, яратилаётган ёки жорий этилаётган инновацион маҳсулот, технологик янгиликлар, прогрессив илмий изланишларнинг аниқ натижалари, ишлаб чиқариш, ишлар (хизматлар, солиқ тушумлари, имтиёзларнинг ҳисобланган суммаси ва бошқалар) ҳажмининг ўсиши кўрсатилади. Ушбу ҳужжатлар, жумладан, қуйидагиларни:

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан истиқболли ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, имтиёзлар ва преференцияларнинг алоҳида тармоқлар, фаолият соҳалари ва ҳудудларга таъсирини;

берилаётган имтиёзлар ва преференцияларнинг бюджет ва жамият учун самарадорлигини;

уларнинг рақобат муҳитига ва тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш нуқтаи назаридан кўриб чиқилади.

4. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг сўровларига кўра тегишли экспертиза ўтказиш учун зарур маълумотларни тақдим этсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда имтиёзларнинг самарадорлигини, имтиёзлар суммасининг кутилаётган натижаларга ва қабул қилинган мажбуриятларга мувофиқлигини, берилган имтиёзларнинг Ўзбекистон Республикасидаги, айрим тармоқ ва минтақалардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишга ҳамда рақобат муҳитига таъсири даражасини тизимли равишда мониторинг қилиш ва баҳолаш тартибини тасдиқласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидаги йўқотишни аниқ баҳолашни назарда тутадиган, берилаётган имтиёзларни ҳисобга олиш тизимини жорий этсин;

навбатдаги молия йилига мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрларида берилган имтиёзлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидаги йўқотишнинг умумий суммасини алоҳида қаторда кўрсатиб борсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш. М. Садиков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти    Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 31 май


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар