Президентнинг янги қарори билан 2018 йил 1 мартдан бошлаб мактабгача таълим муассасалари ходимларининг ойлик маошлари оширилди

14:16 28 Февраль 2018 Ҳужжатлар
2925 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 28 февраль куни “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Ҳужжатга кўра, 2018 йил 1 мартдан бошлаб – мудирлар, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячининг ёрдамчилари меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини – 30 фоизга;

2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

тайёргарлик (5 ёшдан 6-7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари, олий маълумотли ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини, уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларига тенглаштирган ҳолда – 30 фоизга;

олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячининг ўринбосарлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини – 20 фоизга;

мактабгача таълим муассасалари мудирлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини – 10 фоизга табақалаштириб ошириладиган бўлди.

Булардан ташқари,  Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузор туманларида, Бухоро вилоятининг Олот, Шофиркон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан туманларида, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Бойсун, Қумқўрғон, Узун, Сариосиё туманларида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида болалар сақлангани учун амалдаги ота-оналар тўлови миқдори 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда икки баравар пасайтирилди.

Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ. В. Акмалов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Молия вазири Ж. А. Қўчқоров ва Мактабгача таълим вазири А. В. Шин зиммасига юкланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар