Президентнинг БМТ минбаридан илгари сурилган ташаббуслари Ҳиндистон жамоатчилигига тақдим этилди

14:31 22 Октябр 2020 Сиёсат
231 0

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топганлигининг 75 йиллигига бағишланган онлайн-семинар шаклида ўтган «БМТ куни»да иштирок этди. Тадбир Ҳиндистон инсон муносабатлари кенгаши ва Ҳиндистоннинг БМТ ишлари бўйича кенгаши томонидан ташкил этилди.

Унда юқоридаги ҳинд тадқиқот марказлари раҳбарлари ва ходимлари, эксперт ва таҳлил доиралари вакиллари, Деҳлида аккредитациядан ўтган хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этишди.

Онлайн-семинар давомида Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси раҳбари иштирокчиларга Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқининг мазмуни ва унда билдирилган ташаббусларнинг моҳияти ҳақида батафсил гапириб берди.

Хусусан, элчи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш бўйича ташаббуслари, давом этаётган инқироз шароитида БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг бугунги инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклифини маъқулланиши, мамлакатимизнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини ва Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақириғи халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотганини таъкидлади.

Шунингдек, онлайн-семинарда иштирок этганларнинг эътибори Ўзбекистон Президентининг бир қатор муҳим минтақавий ташаббуслари, жумладан, БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш ва БМТнинг Глобал антитеррор стратегияси доирасидаги Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказишга оид ташаббусларига қаратилди. Ушбу таклифлар ҳозирги кунда Марказий Осиёда туб ўзгаришлар рўй бераётгани ва давлатлар ўртасидаги муносабатларда яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳити яратилганлиги билан боғлиқ эканлиги ҳақида хабар қилинди.

Ўзбекистон Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилиши ва 2018 йил март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент конференцияси афғон муаммосини ечиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишда янги босқич бўлганлиги алоҳида таъкидланди. Қўшни давлатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш масалалари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг доимий эътибор марказида бўлиб қолиши зарурлигини инобатга олиб, давлатимиз раҳбари асосий вазифаси Афғонистоннинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўладиган БМТ ҳузурида Афғонистон бўйича доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

Дипломатик ваколатхонамиз раҳбари БМТнинг кун тартибидаги яна бир муҳим масала - экологик муаммолар, хусусан Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатлари, Оролбўйи ҳудуди экологик фожианинг марказига айлангани ҳақида гапирар экан, тадбир қатнашчиларига Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ва ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш таклифи ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, элчи Ўзбекистоннинг ташаббуси билан оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси бўлиб хизмат қиладиган БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди тузилганини эслатди.

Бундан ташқари, жаҳоннинг турли нуқталарида нотинчлик сақланиб қолаётгани, зиддият ва зўравонликлар ортиб бораётгани, экологик офатлар ва бошқа замонавий хатарлар глобал муаммоларни янада кучайтираётгани таъкидланди. Шу муносабат билан қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни ташаббуси ҳақида хабар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?