Президентликка собиқ номзод Сарвар Отамуродов партия раҳбарлигидан бошқа ишга ўтказилди

14:57 22 Май 2019 Жамият
577 0

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуродов лавозимини тарк этди.

Эндиликда у “Ўзагросуғурта” акционерлик жамияти раҳбари лавозимида иш бошлаган. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида маълум қилинган.

Сарвар Саъдуллаевич Отамуродов 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) битирган. 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия Академиясини, 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Социология фанлар номзоди.

У Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси бўлиш билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари ҳисобланарди.

У 2009 йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланганди. 2010-2014 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 2015 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси эди.

Маълумот учун, Сарвар Отамуродов 1995-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги валюта-иқтисод Бош бошқармасида бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари ва Бош бошқарма бошлиғи вазифаларида ишлаган. 2006-2010 йилларда Ўзбекистон суғурта компанияларида фаолият олиб борган.

Эслатиб ўтамиз, Сарвар Отамуродов Ўзбекистон президентлиги учун собиқ номзод ҳисобланади. У 2016 йилнинг декабрида ўтказилган сайловда “Миллий тикланиш” партиясидан номзод сифатида иштирок этганди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019